Россия: Амурдаги ғалаёнчи мигрантлар қамалди, вакцина тайёрлиги эълон қилинди O'zbekiston, Rossiya

Сурат манбаси, Tass
Россия: Амурдаги ғалаёнчи мигрантлар қамалди, вакцина тайёрлиги эълон қилинди - шу ва бошқа тафсилотлар Би-би-си шарҳида:
- Амур газни қайта ишлаш заводи ҳудудида ғалаён кўтарган муҳожирларнинг 11 нафари қўлга олинган, икки нафарига ҳибс чораси қўлланилган.
- Россия Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши вакцина тайёрлигини эълон қилди, август ойиданоқ оммавий ишлаб чиқарила бошланишини ваъда қилишмоқда.
- Росавиация хориж парвозлари тикланишини олтита шаҳардан бошлашни таклиф қилмоқда.
11 нафар мигрант қўлга олинган
Амур газни қайта ишлаш заводи (ГПЗ, Амур области) ҳудудида ғалаён кўтарган фаолларнинг бир нечасини қўлга олган, икки нафари ҳибсга олинди, дея хабар беради Тергов қўмитасининг ҳудудий бошқармаси.
«13 июль куни Свободный шаҳридаги Амур қурилиш майдонида, офислар, дўкон ва уяли телефонлар шохобчаси ҳудудида ғалаён кўтарганларнинг нисбатан фаол 11 нафар иштирокчиси қўлга олинди. Айни пайтда суд уларнинг икки нафарига нисбатан ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини тайинлади», - дейилади хабарда.
Тутиб турилган бошқа иштирокчиларга нисбатан эҳтиёт чораси ҳал этилмоқда. Терговчилар пудратчи ташкилотнинг шикаст етган бинолари ва мажмуанинг турар-жой секторидаги савдо дўконларини, ҳисоб-китоб ҳужжатларини текширди.
Тергов бошқармаси маълумотларига кўра, тартибсизлик сабаби меҳнат патентларини тўлаш манбалари бўйича келишмовчилик туфайли келиб чиққан.
Covid-19 га қарши вакцина тайёрми?
Россия Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши вакцина тайёрлигини эълон қилди, август ойиданоқ оммавий ишлаб чиқарила бошланишини ваъда қилишмоқда.
Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология Миллий тадқиқот марказининг Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрлаган коронавирусга қарши Россия вакцинаси тайёр, дея эълон қилди Мудофа вазирининг биринчи ўринбосари Руслан Цаликов.
"Мутахассисларимиз ва Миллий тадқиқот марказининг олимлари томонидан тест натижаларининг якуний баҳоси амалга оширилди. Стационардан чиқариш пайтида барча кўнгиллилар коронавирусга қарши иммунитетга эга бўлиб, ўзларини яхши ҳис қилдилар. Шундай қилиб, коронавирусга қарши янги биринчи маҳаллий вакцинамиз тайёр", - деди у "Аргументы и факты" нашрига берган интервьюсида.
Вакцинани ўзларида синаган кўнгиллилар стационардан 15 ва 20 июль кунлари чиқарилган, аниқлаштирди расмий.
Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришни Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди молиялаштирмоқда. Фонд раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам "Аргументы и факты" га берган интервьюсида август ойидаёқ вакцинани оммавий ишлаб чиқарилишини режалаштирилаётганини билдирди.
"РФ томонидан бошқарувчиларнинг маъқуллашларини кутаяпмиз, шундан сўнг дарров август ойида вакцинани оммавий ишлаб чиқарилишини режалаштиришни бошлаймиз", - деди у.
Аввалроқ Дмитриев вакцина синовининг иккинчи фазаси 3 августда якунлашини, учинчиси эса нафақат Россияда, балки қўшни мамлакатлар, жумладан, Яқин Шарқда ўтказилишини хабар қилганди.
Россия Соғликни сақлаш вазирлиги ҳам вакцина ҳали клиник синовларнинг якунловчи босқичида эканлигини маълум қилганди.
Яқинда Блумберг агентлиги россиялик миллиардерлар, топ-менежер ва амалдорлар коронавирусга қарши вакцинага апрел ойидаёқ эга бўлганлигини ёзган эди.
Агентлик манбаларидан бири ўнлаб кишиларнинг тажриба вакцинаси дозасини олиши қонуний, аммо потенциал иштирокчилар оқимидан қочиш учун сир сақланаётганини таъкидлаган.
Гамалея номли марказ директори Александр Гинцбург бу борада ҳеч нима унга маълум эмаслигини айтган.
Соғликни сақлаш вазирлиги эса вакцина синовга расман жалб этилган кўнгиллиларда синалганини билдиришган.
Парвозлар тикланаяптими?

Сурат манбаси, TASS
Росавиация мамлакатнинг олти шаҳрида парвозларни тиклашни таклиф қилмоқда. Бу - Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Ростов-на-Дону ва Владивосток шаҳарларидир. Агентлик раҳбари Александр Нерадьконинг хатига асосланиб маълум қилган маҳаллий нашрлар, шунингдек, ўз манбаларига ҳам таянаётганликларини билдиришган.
"Известия" манбасига кўра, халқаро рейслар аҳолининг географик жиҳатидан ҳисобга олиниб танланиши мумкин. Айни пайтда Москвада халқаро рейлар учун уч аэропорт хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
Аввалроқ Росавиация халқаро парвозларни 15 июлдан тиклашни таклиф этганди, аммо Роспотребнадзор томонидан рухсат берилмади. Бундан ташқари, агентлик раҳбари халқаро парвозларни босқич билан тиклашни, уни МДҲ давлатларидан бошлашни таклиф қилганди.
Ўтган хафтада Анадолу турк ахборот агентлиги Туркия ва Россия транспорт вазирликлари 15 июлдан бошлаб ўзаро авиақатновларни тиклашга келишганликларини хабар қилди. Бироқ Россия ҳукумати буни тасдиқлагани йўқ.
Россия халқаро доимий ва чартер рейсларни коронавирус тарқалиши ҳавфи ортидан 27 мартдан бошлаб тўхтатган эди. Июл ойи бошида хорижга парвозлар 1 августгача узайтирилган.
Кўрсатгичлар пасаймоқда
Россия коронавирусга қарши тезкор штаби маълумотига кўра, ўтган кеча-кундуз давомида мамлакатда 5842 та вирус юқтирганлик ҳолати аниқланган. Жами касалланганлар сони эса 783 328 нафарга етган.
Кунлик ўсиш кетма-кет учинчи кунки, охирги уч ойдагига нисбатан камайишни кўрсатмоқда. Бунгача Россияда охирги марта 29 апрелда 6 мингдан кам ҳолат кузатилганди.
Россияда коронавирусдан соғайганлар сони жами 562 384 та, вафот этганлар сони эса 12 580 тага етган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














