Россия, намойишлар: Мигрантлар нималардан норози? Янгиликлар - Ўзбекистон, O'zbekiston

Мигрантлар: Бу пулга яшаб бўлмайди
Москвада муҳожирлар иш ҳақи 140 долларга кам тўлангани учун норозилик намойиши ўтказди.
13 июль куни Москвадаги Левобережный тумани «Уй-жой» («Жилищник») коммунал хизмат кўрсатиш идорасига оммавий равишда муҳожирлар махсус иш кийимида келишган.
Бу идорага қарашли ҳудудларда фаррош бўлиб ишлайдиган Марказий осиёлик мигрантларга кўра, июн ойида белгиланган 33 минг рубл ( 463 доллар) ўрнига 23 минг рубл ( 323 доллар) маош тўланган.
- Бу пулга Москвада яшаб бўлмайди: уй ижараси, патентга тўлаш, тирикчиликдан орттириб уйга пул юбориш керак, - дейишмоқда муҳожирлар.
Фаррошлар «Уй-жой» идораси ёнида аввал ҳам норозилик намойиши ўтказишган ва очлик эълон қилишганди. Идора раҳбарияти буни рад этишган. Бироқ муҳожирлар иш ҳақининг учдан биринигина тўлашганини айтишганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Москва прокуратураси текширув ишларини бошлаган.
Элчихона ёнидаги норозилик

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ёнида ўнлаб ўзбекистонликлар тўпланиши давом этаяпти. Ватанга қайтиш истагида бўлган муҳожирлар чартер рейсларга навбатга ёзилишган ва элчихона ходимларидан маълумот талаб қилишмоқда.
- Интернетда, расмий манбаларда чартер рейслар жадвалини эълон қилиб боришаётганини кўраяпмиз. Аммо элчихонага келсак, ҳаммамизни рейслар бекор қилинди, деб қайтариб юборишга уринишаяпти. Одамлар норози бўлиб, тўполон кўтаришди, - дейди Би-би-си ўзбек хизматига Д.Х исмли ўзбекистонлик талаба.
Би-би-сига йўлланган видеотасвирда элчихона эшиги олдида вирусдан сақланишга оқ целлофан кийган ходим вазиятни тушунтиришга уринаётгани ва ўнлаб мигрантларнинг норозилик шовқини кўринади.
Бугун Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Телеграм саҳифасида чартер рейсларга навбатга туриш ҳақида қисқа маълумот эълон қилди.
- «Чартер рейслар Республика махсус комиссиясининг топшириғига биноан Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларидаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари томонидан шакллантирилган рўйхат асосида Транспорт вазирлиги томонидан ташкиллаштирилади.
Чартер рейсларга навбатга туриш учун Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларидаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига мурожаат қилиш керак», дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.
Пул жўнатмалари хажми ошмоқда

Россияда карантин чекловлари бекор қилиниши ва меҳнат муҳожирлари иш жойларига қайтиши баробарида Россиядан Марказий Осиё давлатларига пул ўтказмалари ҳажми ортгани кузатилган.
«Юнистрим» компанияси март-апрел ойларига нисбатан май-июн ойларида Марказий Осиёга пул жўнатиш 25 фоизга ортганини билдирди.
«Золотая корона» ҳам баҳорга пастлашдан кейин кўрсатгичлар орта бошлаганини қайд этди.
Россия Марказий банки матбуот хизмати эса ҳали пул ўтказмалари борасидаги аниқ ҳисоб-китоблар тайёрланмагани, бироқ ўсиш кузатилаётганини маълум қилган.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига таянилса, апрель ойида пул ўтказмалари 235 миллион долларни ташкил этган бўлса, бу рақам май ойида 485 миллион долларни ташкил этган.
14 кунлик карантин бўлмайди
15 июлдан бошлаб Россияга келувчи фуқаролар учун икки ҳафталик мажбурий ихоталаниш (изоляция) тартиби бекор қилинади. Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова бу борада тегишли қарорга имзо чекди.
Эндиликда хорижий фуқаролар коронавирусга манфий таҳлил топширганлари ҳақидаги маълумотномани тақдим этишлари керак. Унда фуқаро Россияга келишидан кўпи билан уч кун олдин полимер занжир реакцияси (ПЦР) усули билан олинган таҳлили манфий чиққани тасдиқланган бўлиши керак.
Агар чет эл фуқаросида коронавирусга таҳлили манфий чиққанини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, унда у Россия ҳудудига киргач, 3 кун ичида коронавирусга таҳлил топшириши шарт бўлади. Таҳлил учун тўлов Россия қонунчилигига асосан амалга оширилади.
Мамлакатга қайтаётган Россия фуқаролари учун ҳам худди шундай тартиб кўзда тутилган. Маълумотнома рус ёки инглиз тилида бўлиши керак.
Россия фуқаролигини олиш соддалаштирилди
Россия президенти Владимир Путин Россия фуқаролигини олишни соддалаштирувчи қонунни имзолади.
Мазкур хужжат ҳуқуқий ахборотлар расмий порталига жойлаштирилган.
Хужжатга кўра, чет элликлар амалдаги фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда Россия фуқаролигини олишлари мумкин. Ота-онасидан бири ёки эр-хотиндан бири Россия фуқароси бўлган ва оилавий никоҳда умумий фарзандлари бўлган чет эл фуқаролари, шунингдек, Россияда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ҳамда рус тили сўзлашувчилари соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин.
Бундан ташқари, Беларус, Қозоғистон, Молдова ва Украина фуқаролари, шунингдек, СССР фуқаролиги бўлган ва унинг таркибига кирган мамлакатларда истиқомат қилувчилар учун ҳам Россия паспортини олиш жараёнлари енгиллаштирилган.
Эндиликда Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун бармоқ изларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилади.
Аввалроқ Россия фуқаролигини олишда Украина ва Беларус фуқаролари учун рус тилини билишни талаб қилувчи мажбурий имтиҳонни бекор қиладиган федерал қонун кучга киргани тўғрисида хабар берилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














