Россия, чегарадаги мигрантлар: Эҳсонлар билан кун кўраяпмиз - янгиликлар, Ўзбекистон O'zbekiston (Видео)

Россия - Қозоғистон чегараси яқинидаги юзлаб яқин ўзбекистонликлар ўтган-кетган йўловчи машиналар бераётган егуликлар билан кун кўришмоқда
Ўқилиш вақти: 5 дақ

- Бизни далада оч-наҳор яшаётганимизни ҳамма билиб бўлган. Шунга трассадан қандай машина ўтса, бизга нон, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чеваларгача эҳсон қилиб кетишаяпти, - дейди ўзбекистонлик мигрантлар.

Нон учун юзлаб одамлар навбатда

Россия - Қозоғистон чегараси яқинидаги юзлаб яқин ўзбекистонликлар ўтган-кетган йўловчи машиналар бераётган егуликлар билан кун кўришмоқда.

Оренбург ва Самара вилоятлари ҳудудларида чегаралар очилиши ёки Ўзбекистон ҳукумати уларни олиб кетишини кутишаётган муҳожирлар орасида кекса ёшлилар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар бор.

Ўзбекистонликдарнинг чегара атрофига йиғила бошлаганига деярли бир ой бўлиб қолди.

Мигрантлар чегара яқинига келганидан буён йўл бўйидаги очиқ далада яшашмоқда.

Буюмларидан тўшак ва бошпана ясаб кун кечираётган ўзбекистонликлар егулик илинжида катта йўлдан ўтган-кетган машиналарни пойлашмоқда.

Би-би-си ўзбек хизматига «Маштакова» чегара-назорат пункти яқинидан йўлланган видеотасвирда йўл четида тўхтаб турган «Камаз» машинасидан нон тарқатилаётгани, уни олиш учун юзлаб одамлар навбатда турганини кўриш мумкин.

Бу кўринишнинг ҳақиқатдан ҳам шу кунларда чегара атрофидаги вазият эканлигини Би-би-си суҳбатлашган мигрантлар тасдиқлади.

- Бизни далада оч-наҳор яшаётганимизни ҳамма билиб бўлган. Шунга трассадан қандай машина ўтса, бизга нон, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чеваларгача эҳсон қилиб кетишаяпти. Асосан, Россия-Ўзбекистонга юк ташувчи катта машиналар ҳайдовчилари олиб келишаяпти. Улар бир-бирига биз ҳақимизда айтишади, қолганлари ҳам у-бу егуликларни тарқатиб ўтиб кетишади - дейди ўзбекистонлик мигрантлар.

Бу муҳожирларга «жазо»миди?

Россия - Қозоғистон чегараси яқинидаги юзлаб яқин ўзбекистонликлар ўтган-кетган йўловчи машиналар бераётган егуликлар билан кун кўришмоқда

Бир ой ичида чегара атрофидаги уч ҳудудга мингдан ортиқ одам йиғилгунча ҳам на Россия, на Ўзбекистон расмийлари томонидан бу муҳожирларга эътибор қилинди, хабар олинди. Афтидан, бунинг сабаби Ўзбекистон расмийларининг бир неча бор чегара атрофида тўпланмасликка чақирган огоҳлантиришларига қарамай, ўзбекистонликларнинг яна бу ҳудудга йиғилганликлари эди.

Мигрантларнинг аввалги тўпланганлик ҳолатида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллиги вакиллари муҳожирларнинг ёнига дастлабки кунлардан борган эди.

Оренбург ва Самара вилоятлари маъмурият ҳисобидан чодирлар, озиқ-овқат, тиббий ёрдам билан таъминлади ва мигрантларнинг хавфсизлиги учун ташкилий ишларни йўлга қўйганди.

Қозоғистон эса мигрантлар учун транзит коридор очиб берди. Май ва июнь ойларида Ўзбекистон томони ташкиллаштирган автобусларда бир ярим мингдан ортиқ муҳожирлар ватанга қайтишганди.

Қийин, аммо имконли йўл

Россияда карантин чекловлари бекор қилина бошлагани билан унинг асоратлари июл ойида ҳам меҳнат муҳожирлари ҳаётига таъсири давом этди. Иш ўринларидаги қисқартиришларга тушганлар ёки ишига қайта олмаганлар, уй ижараси учун тўлов муаммосига дуч келган ва кун кечиришда қийналган муҳожирлар ватанга қайтишга қарор қилишди.

Ўзбекистонга қайтиш учун уларда икки йўл бор: бири чартер рейс учун навбатга ёзилиб, ўз нархидан икки-уч баробар қимматга кетиш.

Чартер рейслар хафтада 2-3 та, кетиш учун навбатга турганлар сони эса ўн минглаб экани айтилади.

Қиммат чипта учун пул топилганда ҳам (12000 рублдан 30 минг рублгача), кўпчиликда рейсга илиниш имкони жуда оз.

Иккинчи йўл - машина ёки автобусда чегара яқинига етиб олиб, маълум бир муддат далада яшаб турилса, Ўзбекистон томони фуқароларини олиб кетади деган ишонч.

Ўзбекистон бир неча бор мигрантларни бундай йўл тутмасликка чақирди.

Мигрантлар учун иккинчи йўл машаққатли, аммо чартер рейсга навбати келишдан кўра, имконлироқ. Йўлкира нархи ҳам одатдагидан баланд бўлса-да, самолётдан анча арзон. Шу боис чегара атрофлари бир неча бор муҳожирлар йиғилди.

Биз уйга қайтиш учун йўлга чиққан ўнлаб ўзбекистонликлар билан суҳбатлашдик. Ҳар бир жавоблар бўйича икки сабабни аниқладик:

Биринчиси - мигрант ишсиз қолган, уй ижарасига тўлашга пули йўқ, кунда еб-ичишга кетаётган пулини йўлкира қилиб оиласига етиб олишни истайди.

Иккинчиси - шахсий важлар: эркакларда оиладаги вазиятлар билан боғлиқ, аёлларда ҳомиладорлик ва икки жинсда ҳам ўзлари ёки яқинларининг касалликларга чалиниши.

Айбдор - таксичиларми?

Ўтган хафтада Ўзбекистоннинг Россиядаги бош консули Меҳриддин Ҳайриддинов «Спутник-Ўзбекистон» нашрига берган интервьюсида чегара атрофидаги ўзбекистонликларнинг тўпланишига оид вазият ҳақида фикр билдирган.

- «Ватандошларимиз бизга ижтимоий тармоқларда тарқатилган чегаралар очилганлиги тўғрисидаги ёлғон хабарларни ва ушбу хабарларга бириктирилган "график"ларни, шунингдек таксичилар тарқатган sms-эълонларни кўрсатишди.Афсуски, ушбу фуқароларимиз ТИВ ва элчихонанинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлари орқали тарқатилган хабарларга эмас, мана шундай ёлғон хабарларга ишониб фирибгарлар тузоғига тушган.Шунингдек, биз май ойида биринчи бор чегарада одамлар тўпланиб қолганидан кўзга кўриниб қолган такси ҳайдовчичилари яна ўз фаолиятини давом эттираётганининг гувоҳи бўлдик. Виждонсиз "ташувчилар" одамлар соғлиғини хавф остига қўйиб, уларни вазият қурбонига айлантириб, чегарагача олиб бориб қўйишни ўзига хос "бизнес"га айлантириб олган», - дейилади интервьюда.

Биз суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги автобусларда, ўз танловлари билан чегара ёнига келишганини очиқ айтишди.

- Бошқа иложимиз йўқ. Уйга кетишимиз керак, чартерни кутиб ўлиб кетгандан кўра, бу ерда беш-олти кун қийналсак ҳам уйга етиб оламиз деб ўйлагандик. Қирғизистонликлар тўпланиши билан элчихонаси вакиллари келиб 3 кун ичида уларни олиб кетишди. Биз эса юртимизга керакмасмизми, бу аҳволга тушиб қолдик, - дейди муҳожирлар.

Дарвоқе, Би-би-си ўзбек хизматида барча маълумот берувчи ва суҳбатдошларнинг тўлиқ исм-фамилиялари бор, аммо уларнинг илтимосига кўра очиқланмаяпти.

Икки вилоят орасида сарсонлик

Россия - Қозоғистон чегараси яқинидаги юзлаб яқин ўзбекистонликлар ўтган-кетган йўловчи машиналар бераётган егуликлар билан кун кўришмоқда

Ўзбекистонликларнинг чегара атрофида тўпланишлари 4 ҳафта олдин бошланган. Шундан буён ижтимоий тармоқларда видеотасвирлар тарқалмоқда.

Бу галги тўпланиш мигрантлар учун жуда оғир кечди. Бир ойга яқин вақт давомида муҳожирлар очиқ далада қолиб кетди, пуллари тугаб, егуликдан қийналишди.

Ҳафталаб қаровсиз ётган, ҳеч ким йўқламаган Ўзбекистон фуқароларини Россия томони ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйдигина эмас, Оренбург ва Самара бир-бирига «улоқтира» бошлади.

Ўзбекистонлик муҳожирлар полиция ва ОМОН талаби билан бир жойдан бошқасига бир неча бор кўчирилди. Норозилик билдирган муҳожирлар эса куч ишлатар тизимлар томонидан калтакланди.

Полиция ходимлари ва мигрантлар орасида бир неча бор низолар юзага келди.

- Ўнта одамимиз жароҳатланди. 2 кишини эрталаб полиция олиб кетиб, кечки пайт депорт босиб, қўйиб юборди. Алдаб чет жойларга кўчирмоқчи бўлишди. Оренбург ва Самара орасида бизни «копток» қилиб юборишди, - дейди ўзбекистонлик муҳожирлар.

Йўқлангандан кейинги эътибор

Бу ҳодисани воқеа жойида бўлган ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан учрашган Ўзбекистонликларнинг умумроссия конгресси раҳбари Би-би-си ўзбек хизматига тасдиқлади.

Диаспора ташрифидан сўнг, ўзбекистонликларга чодирлар тикилиб, икки ҳудуддаги мигрантлар чодирларга кўчирилган. Улар ичимлик суви билан таъминланган, аммо егулик ҳамон муаммо бўлмоқда.

- Битта нонни ўз нархидан ўн баробар қимматга олиб келаяпмиз. Орамизда бир рубл пули йўқлар бор, улар билан баҳам кўриб еймиз. Ўтган-кетган машиналар эҳсон қилиб, нону мева бериб кетишаяпти, - дейди мигрантлар.

Би-би-си ўзбек хизмати муҳожирлар тўплана бошлагандан буён бир неча бор элчихона ва консулликлар билан боғланишга уринди. Қозондаги консуллик ходими телефонни олиб, суҳбат бошидаёқ ўчириб қўйди ва блоклади. Элчихона билан тинимсиз қўнғироқлардан кейин боғлана олдик. Расмий вакил «музокаралар олиб борилаяпти, ўзбекистонликлар олиб кетилади» деди.

Бугун биз суҳбатлашган муҳожирлар «ниҳоят, элчихона ва консуллик вакиллари келишди», дейишди.

Ўзбекистон расмийларидан бир неча кун аввал Ўзбекистонликларнинг умумроссия конгресси вакиллари маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари ва муҳожирлар билан учрашган эди.

Поездда қайтиш тўғрими?

Бугун Кун.уз сайти ДХХ чегара қўмитаси берган хабарига таяниб чегара атрофидаги ўзбекистонликларнинг ватанга олиб кетилиши тўғрисидаги мақолани эълон қилди ва икки соатдан сўнг сайтдан олиб ташлади.

Мақолада «Россия томони билан Ўзбекистон фуқароларини «Ўзбекистон темир йўллари» поездларида олиб келиш масаласи муҳокама қилинмоқда», дейилади ДХХ маълумотида. 13 июль куни Россия бош вазири ўринбосари Т.Голиков (Татьяна Голикова - Би-би-си таҳрири) бошчилигидаги коронавируснинг тарқалиши олдини олиш бўйича тузилган оператив штаб бу борада ижобий жавоб бериши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини график асосида олиб ўтиш бўйича Қозоғистон томони билан келишувга эришилган» дейилади.

Мақолада берилган маълумотларга кўра, 13 июлдан 16 июлгача поездлар Самара ва Оренбургдан ўзбекистонлик муҳожирларни олиб кетади. Поездларнинг чипта нархлари 120-145 доллар атрофида. Олиб кетилган мигрантлар Тошкент вилояти ва Намангандаги карантин марказларига жойлаштирилиши кутилаётгани билдирилган.

"Картамизга йўлкирага пул ташлашса..."

Биз чегара атрофидаги муҳожирлар билан яна боғландик.

- Яқинларга илтимос қиламиз, картамизга пул ташлаб беришса йўлкира қилардик, - дейди мигрантлардан бири.

Ижтимоий тармоқларда эса яна такси ҳайдовчиларининг «палаткагача олиб борамиз» деган мазмундаги эълонлари бирпасда кўпайди.

Президент Мирзиёев «Чегарадагилар албатта қайтарилади» деганидан 5 кун ўтиб, эълон қилинган чегара атрофидаги мигрантларни Ўзбекистонга олиб кетиш ҳақидаги маълумотлар сайтдан олиб ташланганига қарамай, ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурди.

Мақоладаги маълумотга кўра, «Ўзбекистонга қайтиш учун Россиядаги ватандошлардан 87816та сўров (сўнгги бир кунда 290та) бўлган. Улардан 5664 нафари молиявий қийин ҳолатда. Кўпчилик Россиядан амалга оширилаётган чартер рейсларнинг нархи қимматлигидан норози бўлган ва машинада ватанга қайтишга қарор қилган. Шу боис темир йўл рейслари ташкил этилди»

Бу гал ўзбекистонликларнинг чегара атрофида тўпланиши қарийб бир ойда ватанга қайтариш билан ечим топди. Кейингилари-чи?

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek