Коронавирус: Муҳаммаднинг соғайиши мўъжиза бўлди Koronavirus

Mohammed Azeem

Сурат манбаси, John Wright

Presentational white space

Муҳаммад Азимни Брэдфорд Қироллик шифохонасига олиб келишганида аҳволи ўта оғир - қони таркибидаги кислород роса пасайиб кетган эди.

Ҳатто шифохонанинг интенсив терапия бўлими шифокорлари кислород миқдори камлигини "яшаш учун етарли эмас" деб топган пайтлар ҳам бўлди.

Шундай бўлса-да, у тирик қолди, дейди доктор Жон Врайт.

Муҳаммаднинг шифо топишини мўъжиза деб аташ мумкин.

Англиянинг Брэдфорд шаҳрида такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган 35 яшар Муҳаммад Азим ташқарида ишлаш ва тош кўтаришни ёқтирар, ҳеч қачон Covid-19нинг ҳалокатли кучи ўзини оёқдан йиқитишига ишонмас эди.

Нафас олиши қийинлашганидан кейин шифокорга мурожаат қилмади, чунки у яшаётган жойдаги осиёлик одамлар орасида шифохонага тушган инсон тирик чиқмайди деган гаплар тарқалган ва бу гапларга Муҳаммад ҳам ишонарди.

Дўсти Ҳалим шифокорга мурожаат қилишни қайта-қайта маслаҳат берди, юришга мадори қолмаганидан кейин Ҳалимнинг ўзи "тез ёрдам" чақирди.

"Шифохонада Муҳаммаднинг ҳаёти аниқ таҳдид остида экани аёнлашди. Биз кўзимиз олдида ёш инсон ўлаётганини кўриб турардик, шунинг учун уни зудлик билан Интенсив даволаш бўлимига ўтқаздик", дейди шифокор Жон Врайт.

"Шифохонага тушганининг биринчи куниданоқ Муҳаммаднинг аҳволини "жони кирар-чиқар" деб таърифлаш мумкин эди. Уни сунъий нафас олдириш аппаратига улашди ва кома ҳолатида 48 кун қолди. Жами шифохонада 68 кун ўтказди", дейди доктор Врайт.

Муҳаммаднинг ўпка вентиляциясини назорат қилиб турган доктор Майкл Макку "бу мен ҳаётимда кўрган энг нимжон, кучдан қолган ёш бемор эди," деб таърифлайди.

Соғлом одамнинг қонининг кислород билан тўйинганлик даражаси 95 фоиз ёки ундан юқори бўлади. Яъни қизил қон ҳужайралари имкони борича кўп(100%) кислородни ташийдилар. Муҳаммаднинг қонининг кислород билан тўйинганлик даражаси 60 фоиз билан 70 фоизнинг ўртасида "ўйнар", бунга ҳам сунъий нафас олдириш аппаратининг аралаштирилмаган кислород юбориши ёрдами билан эришилар эди. Сунъий нафас аппарати билан ўпкасига кислород юборилганида ҳам организмидаги кислород даражаси 80 фоиздан юқорига кўтарилолмас, бу эса инсонинг мияси ва юрагини ишдан чиқариши мумкин бўлган даража деб кўрилади.

Бир неча ҳафта мобайнида Муҳаммаднинг жони узилиши мумкин бўлган вазиятлар бир неча марта кузатилди. Унинг сунъий нафас аппаратини назорат қилиб турган доктор Майкл Маккунинг таърифлишича, кислород билан тўйинганлик даражаси бир неча маротаба "яшаш учун етарли бўлмаган" даражага тушди.

Шифокорлар қариндошлари билан бир неча бор суҳбатлашдилар, уларни энг ёмон сценарийга тайёр туриш ҳақида огоҳлантирдилар. Аммо Муҳаммаднинг коматоз танаси ичида бир чўғ бордек эди, ҳар доим ўчай-ўчай деб қолганда у оловланарди.

Haleem and Mohammed

Сурат манбаси, Haleem

Сурат тагсўзи, Муҳаммад(ўнгда) ва Ҳалим(чапда) бир-бирларини бир умр билишади

"Биз оиласи аъзолари билан деярли ҳар куни гаплашардик, қилаётган ишимиз бефойдалигини айтардик", дейди Майкл Макку.

"Биз уни сунъий нафас аппаратида бошқа ушлаб туролмаймиз демасдик, аммо унинг тирик қолишига умидимиз йўқлигини билдиришни истардик. Лекин ўзимизни ҳам, унинг аҳволини доим кўз тикиб келаётган кўплаб одамларни, умуман Covid беморлари вазиятини кузатиб турганларни ҳам ҳайратлантириб унинг аҳволи ўнглана бошлади. Қон таркиби яхшилана бошлади, кислородга бўлган талаби пасая бошлади, мунтазамий яхшиланиш йўлига ўтди", дейди доктор Макку.

"Лекин энди биз ўзига келганидан кейин аҳволи қандай бўларкин, деган хавотирда эдик. Чунки бунчалик кислород даражаси тушиб кетиши сезгир мияга таъсир қилган бўлиши мумкин эди. Хайриятки, биз уни уйғотганимизда неврологик жиҳатдан у соғлом эди. Агар бошида қандай бўлганини инобатга олсак, унинг кучи кўп эди. У тез ўзига кела бошлади".

"Ҳолдан тойдирувчи 10 ҳафтадан кейин уни шифохонадан қарсаклар билан кузатиб қўяр эканмиз, ҳамма шод-хуррам эди, ҳамма учун бу улкан воқеа эди. Клиник мутахассислар сифатида биз ўз вазифамизни бажарамиз, аммо ҳамма нарсага рационал олимлар кўзи билан қараганимиз учун бу каби мўъжиза юз берганида ҳайратланмай иложимиз йўқ. Covid-19 бизларга улкан азоб-уқубатлар бирга ажойиб чидамлилик, қаршилик намунасини ҳам кўрсатди", дейди доктор Майкл Макку.

Комадан ўзига келган Муҳаммад Азим ҳушсиз пайти Глок тўппончасидан уч марта отилганини туш кўрган.

Ҳушига келганидан кейин шифокорлар унга фожеали хабарни етказдилар: Муҳаммад Интенсив даволаш бўлимига ётқизилганидан уч кун ўтиб, у ерга ётқизилган онаси оламдан ўтган.

"Бу ёмон туш бўлса керак деб ўзимни чимчилаб кўрдим. Шум хабарни эшитишим билан отамга қўнғироқ қилдим. Отам, бу рост, онангдан айрилдик, деди. Мен ҳаётимдаги энг қадрли нарсадан айрилдим. Энди соғайишим 10 баравар қийин бўлса керак, деб ўйладим", дейди Муҳаммад.

У аёли ва уч боласини етти ҳафта деганда кўрди. Онасидан айрилганига қайғуда бўлган инсон учун фарзандлари билан кўришиш қувонч бахш этди. Шунингдек, ҳаётимни сақлаб қолган дўстим деб биладиган дўкон соҳиби Ҳалим билан, Интенсив даво бўлими ходимлари билан қайта кўришиш барчани хурсанд қилди.

Haleem in white, Mohammed in the hoodie, and friends

Сурат манбаси, Haleem

Сурат тагсўзи, Ҳалим(чапдан иккинчи оқ кийимда) ва Муҳаммад(ўнгдан иккинчи) Ҳалимнинг дўконида

Икки дўст - Муҳаммад ва Ҳалимнинг ҳали боболари дўст бўлишган: Покистондан энди Брэдфордга келишганида бир ҳовлида яшашган. Шунинг учун бир-бирларини болаликдан билишар, Муҳаммаднинг бир ўлиб-тирилишини Ҳалим ҳам оғриқ билан кузатди. Ҳуши ўзига келиб ҳали шифохонадан чиқишига рухсат берилмаган Муҳаммаднинг WhatsApp орқали қилган қўнғироғи дўстини ҳаддан зиёд қувонтирди.

"Муҳаммаддек бақувват кучли одамнинг касал бўлганига ишонишимиз қийин бўлди. Жуда қайғули бўлди. Бир куни тунги соат 10 да қўнғироқ қилишди ва бир соатлик умри қолди, дейишди. Биз унинг ҳақига дуо қила бошладик. Деярли ҳар ҳафта "бўлди, энди тирик қолмайди, биз уни вентиляция аппаратидан узамиз"деб айтишарди бизга. Аммо организми кучли экан, уни тирик сақлаб қолиш учун охиригача курашди", дейди Ҳалим.

Бу йил Рамазон қийин ўтди, Ҳайит жуда қийин бўлди. Энди ҳаётга нур қайтаётгандек", дейди Ҳалим.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek