Коронавирус: Бу охирги пандемия эмас Coronavirus, Covid-19

Researcher with a captured megabat

Сурат манбаси, Science Photo Library

Сурат тагсўзи, Кўршапалаклардаги Эбола штаммини ўрганаётган тадқиқотчилар фикрича, айни шу штамм инсонлар орасидаги ҳалокатли пандемия манбаси бўлган
    • Author, Виктория Жилл
    • Role, Илм-фан бўйича мухбир, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Биз ёввойи табиатдан хасталиклар инсонларга юқиши ва дунё бўйлаб тезлик билан тарқалиши учун "мукаммал бўрон" яратдик", дея огоҳлантирмоқда олимлар.

Одамзотнинг табиатга тажовузи бу жараённи тезлаштирган.

Бундай хулосага янги касалликлар қаердан ва қандай қилиб тарқалишини ўрганаётган глобал саломатлик экспертлари келдилар.

Яхши хабар: Ниҳоят коронавирус дориси топилдими? - O'zbekiston, Ўзбекистон, дунё

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Олимлар ўзларининг тадқиқоти таркибий қисми сифатида модел яратдилар, бу моделда одамларга энг катта таҳдид соладиган ёввойи жониворларда учрайдиган хасталиклар прогнози чизиб берилган.

Ушбу ғояни Британиядаги Ливерпул Университети олимлари илгари сурганлар, аммо бу тадқиқот дунё бўйлаб келажакда тарқалиши мумкин бўлган пандемияларга тайёргарлик борасидаги глобал тадқиқот таркибий қисми ҳисобланади.

'Биз бешта ўққа чап бердик'

Data visualisation of shared pathogens (c) Maya Wardeh

Сурат манбаси, Maya Wardeh

Сурат тагсўзи, Одатда фақат бир турдаги жониворларда учрайдиган юқумли хасталиклар бошқаларига юққанлиги аниқланди

"Сўнгги 20 йилда биз олтита катта таҳдидга дуч келдик - Covid-19, SARS, MERS, Эбола, парранда гриппи ва чўчқа гриппи", дейди Ливерпул Университети профессори Мэтью Бэйлис.

"Биз бешта ўққа чап бердик, аммо олтитаси келиб тегди. Ва булар биз яқин келажакда юзма-юз келадиган сўнгги пандемия эмас. Шунинг учун ҳам биз ёввойи ҳайвонларда учрайдиган хасталикларни яқиндан ўрганишимиз лозим", деди профессор Бэйлис Би-би-си билан суҳбатда.

Ушбу тадқиқот доирсида профессор Бэйлис ва ҳамкасблари шу вақтгача маълум бўлган барча ёввойи жониворларда учрайдиган хасталиклар маълумот базаси асосида башорат моделини ишлаб чиқдилар.

Фанга маълум бўлган минглаб бактерия, паразит ва вируслар орасидан қайсилари қайси жониворга юқиши мумкинлиги, одатда бир турдаги ҳайвонда учрайдиган касаллик яна қайси ҳайвонга ва ҳайвондан инсониятга таҳдид туғдириши мумкинлиги ўрганилади.

Агар қайсидир патоген микроорганизм хавфи баланд кўринса, у ҳали одамлар орасида тарқалишидан илгари олдини олиш мақсадидаги тадқиқотларни бошлаш тавсия этилади.

Camels can harbour the novel coronavirus, Mers

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туяларда Mers коронавируси яширинган бўлиши мумкин

"Буларнинг бари қайси хасталик пандемия манбаси бўлиши мумкинлигини аниқлашга қаратилган, аммо биз ҳали илк қадамларни қўймоқдамиз", дейди профессор Бэйлис.

Карантиндан чиқарилган сабоқлар

Аксар олимларнинг фикрича, ўрмонларнинг ёппасига кесилаётгани ва инсонларнинг ёввойи табиатга тажовузи хасталикларнинг ҳайвонлардан одамларга тезроқ юқишига олиб келмоқда.

Лондон Университет Коллежи порфессори Кэйт Жоунснинг фикрича, "инсон ўзгартирган паст био хилма-хилликдаги экотизим, мисол учун, зироат ёки плантация ландшафтлари кўплаб инфекцияларнинг одамга юқиш хавфини кучайтиргани" далиллари ортган.

Volunteer working with rescued orangutans

Сурат манбаси, Victoria Gill

Сурат тагсўзи, Касаллик одамдан ҳайвонга ҳам юқиши мумкин: Ёввойи ҳайвонлар ноқонуний савдосидан қутқариб қолинган маймунларни респиратор инфекцияларидан муҳофаза қилинмаса, оқибати жониворлар учун ёмон бўлиши мумкин

"Бу нарса ҳамма касалликларга ҳам тааллуқли эмас. Бироқ инсоннинг ўзларининг ҳаёт тарзига аралашувига тоқатли бўлган ёввойи жониворлар, мисол учун кемирувчилар, патоген микроорганизмларни ўзларида олиб юрадиган ва энг кўп юқтирадиган турларга айланиши мумкин", дейди Жоунс хоним.

"Шундай қилиб биохилма-хилликни йўқотиш инсоннинг ёввойи олам билан контакти таҳдидини оширади, вируслар, бактерия ва паразитларнинг одамзотга юқиш хавфини кўпайтиради", дейди профессор Жоунс.

Одамзотнинг фаолияти ва ёввойи олам "тўқнашуви" қандай таҳдидларни пайдо қилиши мумкинлиги қатор юқумли хасталиклар пандемиясида яққол кўринди.

Ҳалокатли Нипаҳ

Илк Нипаҳ вируси пандемияси 1990 йилларда Малайзияда тарқалган. Нипаҳ мевахўр кўршапалакларда бўладиган вирус инфекцияси. Ўрмон четида қурилган йирик чўчқа фермасида Нипаҳ вируси тарқалган. Вирус ташувчиси бўлган кўршапалаклар чўчқахонага ёнма-ён ўсган дарахтларнинг меваларини еб қорин тўйғазишган, ярми ейилган ва кўршапалакларнинг сўлаги теккан мевалар пастга тушган.

Чўчқалар билан яқин контактда бўлган 250 дан ортиқ инсон Нипаҳ вирусини юқтиргани аниқланган. Кўршапалакдан чўчқаларга, чўчқалардан одамга юққан вирус 100 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган. Қайси коронавирус қанча одам ўлимига сабабчи бўлиши борасидаги рақамлар янгиланиб бораяпти. Нипаҳ вирусини юқтирган инсонларнинг 40-75% ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Ливерпул Университети порфессори Эрик Февре ва Кениядаги Халқаро Чорвачилик тадқиқот институти олимлари фикрича, тадқиқотчилар қаерда юқумли хасталиклар пандемияси "портлаши" келиб чиқиши эҳтимоли бўлса, ўша ерни мунтазам кузатиб бормоқлари лозим.

Amazon
Сурат тагсўзи, Фермалар ёки инсон фаолияти билан ёввойи олам яшовчилари ўртасидаги "тўқнашув" янги хасталиклар келиб чиқадиган "қайноқ нуқталар" деб кўрилмоқда

Ўрмонлар ёқасидаги чорвачилик фермалари, ҳайвонлар сотиладиган бозорлар ҳам инсоният билан ёввойи ҳайвонлар ўртасидаги чегара деб кўрилади ҳамда ана шу ерларда хасталиклар тарқалиши эҳтимоли катта дейилади.

"Биз айни шу "тўқнашув нуқталари"ни доим кузатиб боришимиз ва нимадир ноодатий юз берадиган бўлса, зудлик билан чора кўришга тайёр турмоғимиз лозим. Янги хасталиклар аҳоли ўртасида йилига уч-тўрт марта урчийди. Бу фақат Осиёда эмас, Европа ва АҚШда ҳам кузатилади", дейди профессор Февре.

Мэтю Бэйлиснинг қўшимча қилишича, янги хасталиклар қаерда илк бор пайдо бўлиши устидан мунтазам кузатувни йўлга қўйиш ўта муҳим.

"Биз пандемиялар зудлик билан тарқалиши учун мукаммал бўрон"ни деярли яратиб бўлдик", дейди профессор Бэйлис.

Бу фикрга профессор Февре ҳам қўшилади.

"Бундай ҳодисалар қайта ва қайта рўй бериши эҳтимоли катта", дейди у.

"Бу бизнинг табиат билан мулоқотимиз бошланганидан буён юз беради. Энди уни англаб етиш ва қарши чора кўриш муҳимдир".

Жорий инқироз бизнинг кўпчилигимизга одамзотнинг табиатга таъсири оқибатлари ҳақида яхши сабоқ бўлди.

Road through the rainforest

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тропик ўрмонни кесиб барпо этилган йўл

"Атрофимиздаги биз кундалик ҳаётимизда фойдаланаётган ва шундай бўлиши керак деб ўрганиб қолганимиз ҳамма нарса - биз еяётган ўсимлигу ёғочлар, смартфонимиз ичидаги материаллар - уларни кимдир табиат қўйнидан суғуриб олмоқда ва дунё бўйлаб тарқатмоқда".

"Бу дегани - Ер юзида истиқомат қилаётган ҳаммамиз истеъмол қилинаётган ресурслар ва табиатга бўлаётган таъсир учун масъулиятлимиз".

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek