Ўзбекистон, Мирзиёев айтди: Чегарадагилар албатта қайтарилади – Россия, Қозоғистон, O'zbekiston

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон, Мирзиёев айтди: Чегарадагилар албатта қайтарилади - ортга қайтиш илинжида Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланаётган ўзбекистонликлар сони эса, ҳозирга келиб икки минг кишидан ортган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Улардан айримлари Би-би-си Ўзбек хизматига ўзларининг йўлга чиқишганига бир ойдан ошгани, саргардон эканликлари, ораларида ҳомиладор аёллар, ёш болалар ва кексалар ҳам борлигини айтишган.
Шунча вақт оралиғида "ўз ҳолларидан ҳеч ким хабар олмаётгани", якуний тақдирларига расман ойдинлик киритмаётганидан шикоят этишган.
7 июль куни эса, ортга қайтишларида "амалий ёрдам бериши"ни сўраб, шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқишган.
Ўзбекистон президентининг ваъдаси уларнинг ана шу мурожаатидан кун ўтиб янграган.
Шавкат Мирзиёев глобал коронавирус пандемиясига бағишланган кеча, чоршанба кунги видеоселектор йиғилиши чоғида бу масалага ҳам тўхталиб ўтган.
"Яна бир марта халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, чет элдаги қолган ҳамма фуқароларимизни албатта олиб келамиз", - деган.
"Чегаралар, айниқса, Қозоғистон ва Россия чегарасида бўлган фуқароларини тизим ва тартиб билан олиб келишга бугун (8 июль куни - таҳр.) топшириқ бергани"ни айтган.
Аммо Ўзбекистон президенти ўз чиқишида топшириқ ижросининг аниқ санасини очиқламаган.
Чегара: Ўзбеклар ортга қайтмоқчи эмас, Ўзбекистон нима қилмоқчи? Россия-Қозоғистон - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Чегарадагилар

Сурат манбаси, courtesy
Президентнинг Тошкентдаги видеоселектор йиғилиши манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Оператив штаби ҳам чегарадагилар масаласига қайтган, навбатдаги билдиришномаси билан чиққани кўрилган.
Вазирлик ҳам Россия-Қозоғистон чегарасидаги "Маштаково" назорат-ўтказиш пункти яқинида ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрида икки мингдан ортиқ ўзбекистонлик тўпланганини расман тасдиқлаган.
"Кўп сонли огоҳлантиришларга қарамай, Қозоғистон ҳудуди орқали автотранспорт воситаларида ватанга қайтиш мақсадида фуқаролар Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида тўпланишни давом эттиришаётгани"ни ҳам илова қилган.
"Минтақада коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши, Қозоғистонда қатъий карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан фуқароларнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали қайтиши ташкилий ва бошқа қийинчиликларни келтириб чиқараётгани, айниқса, фуқароларнинг соғлиғи учун жиддий хавф туғдираётгани"ни билдирган.
Ана шу билдиришнома тафсилотларидан "ушбу ҳолатни тушунтириш мақсадида", Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Қозондаги Бош консулхонаси раҳбарлари фуқаролар тўпланган жойга боришгани маълум бўлган.
Мазкур учрашувнинг бошқа тафсилотлари расман очиқланмаган.
Қозоғистон 5 июлдан эътиборан яна икки ҳафталик қатъий карантин тартибига қайтган, бу ишга такроран қўл урган дунёдаги биринчи давлатга айланган.
Аммо 6 июль куни Қирғизистон Қозоғистон ва Россия томони билан музокаралари ортидан, Оренбургнинг Соль-Илецк шаҳридан жаъми бир ярим мингга яқин фуқаросини автобусларда ортга қайтариб бўлганини расман маълум қилган.
Вазирлик оператив штаби эса, ўзининг сўнгги билдиришномасида, "Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларни ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам "сариқ" ва "яшил" рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтишлари"ни маълум қилган.
"Ўзбекистон фуқаролари Россиядан чартер рейсларида, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ олиб чиқилиши"ни эслатган.
Президент чиқиши ва Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штабининг сўнгги билдиришномаси Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар кучайтирилган карантин тартибини қайта тиклашга қарор қилган бир кунга тўғри келган.
Комиссия қарорида эса, "халқаро авиақатновларнинг хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилиши" ҳам айтилган.
Ортга қайтиш илинжида Россия-Қозоғистон чегарасида қолаётган айрим ўзбекистонликлар эса, 7 июль кунги видеомурожаатларида "ўзларига амалий ёрдам кўрсатилмаса, очлик эълон қилишлари"ни ҳам айтишган.
Ўзбекистон ва мигрантлар

Сурат манбаси, courtesy
Россия эса, дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси боис эса, уларнинг аксарияти оғир аҳволда қолган, ўз ишларини йўқотган, даромадларидан мосуво қолган ва қандай бўлмасин, уйга қайтиш истагида.
Озмунча эмасликлари айтилган коронавирус юқтирганларининг рисоладагидек тиббий муолажага имконсиз аҳволда эканликлари эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига молик воқеъликка айланган.
Уларнинг аҳволига яқинда Халқаро Миграция ташкилоти ҳам эътибор қаратган, жадаллик билан ёрдам кўрсатилмаса, бунинг оқибатлари жиддий бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган.
Ҳам минтақа ҳукуматлари ва ҳам муҳожирларнинг ўзларига ҳар томонлама кўмак зарурлигини таъкидлаганди.
Юзлаб ўзбекистонлик мигрантларнинг худди шу мақсадда Россия ва Қозоғистон чегарасига йўл солишаётгани эса, илк бор кузатилаётгани йўқ.
Бундан аввалги ҳар икки ҳолатда эса, муаммо ўзининг ижобий ечимини топган, чегарадагилар Ўзбекистонга ўтишга муваффақ бўлишган.
Аммо расмий Тошкентнинг "ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб" қилган такрорий огоҳлантиришлари ҳам, афтидан, уларни бу каби режаларидан ортга қайтара олмаётир.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Ўзбекистон Россияда бўлган фуқароларини ҳам ортга қайтариш илинжида чартер рейсларини қайта тиклаган бир манзарада рўй берган.
Лекин чартер рейслари билетлари баҳоси, сотуви ва ташкилий жиҳатлари мигрантлар қолиб, ҳатто, Россиядаги улар ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланиб келаётган айрим ҳуқуқшунос ва фаолларнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб воқеъликка айлангани кўрилган.
Ортга қайтиш илинжида Россия-Қозоғистон чегараси атрофида тўпланаётган ўзбекистонликлар эса, орада Россия полицияси ва ОМОНи билан ҳам тўқнашишган.
Кўрилишича, фақат ўтган жума кунига келиб, диаспора вакиллари маҳаллий масъулларга улар учун вақтинчалик чодирлар тиклатишга муваффақ бўлишган.
Бунгача мигрантлар Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида ўзларининг асосан очиқ далада, сумкалар устида ва ёмғирлар остида тунни ўтказиб келишаётганини айтишган.
Чодирлар ташкил этилиши ортидан, ўзбекистонликлар диаспораси вакиллари муҳожирларнинг энди электр энергияси, тоза ичимлик суви ва озиқ-овқат билан таъминланишларини айтишган.
Аммо, 7 июль кунги видеомурожаатлари тафсилотларидан ҳам у ердагиларнинг ҳануз ўз ҳисобларидан ейиш-ичишга мажбур бўлишаётгани, пуллари тугаб бораётгани ва ҳатто оддийгина сув тақчиллигидан шикоятда эканликлари англашилган.
Ўзбекистон президентининг 8 июль куни расман маълум қилишича, шу пайтгача жаъми 90 мингдан ортиқ фуқароларини четдан ортга қайтаришга муваффақ бўлишган.
Шавкат Мирзиёев ваъдаси, Ўзбекистон элчиси ва консулининг келишига чегарадаги мигрантлар муносабати ҳозирча имконли эмас.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия орада карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга киришишган.
Аммо, глобал коронавирус пандемияси боис, чегаралар, ойларки, ёпиқлигича қолмоқда.
Қатновлар ҳам ҳалича тикланмаган ва қачон қайта йўлга қўйилиши ҳануз номаълумлигича қолмоқда.
Россия дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Бугун, 8 июль ҳолатига кўра, Россияда коронавирусга чалинганлар сони расман 700 минг кишидан ортган.
Сатҳдан имконли бўлган видеолавҳалардан ҳануз Россия ва Қозоғистон чегараси атрофидаги ҳудудларда қолаётган ўзбекистонликларнинг коронавирусдан ҳимоя чораларига қатъий риоя этишга деярли имконсиз эканликлари англашилади.
Уларнинг ораларида вирус юқтирганлар бор-йўқлигига оид расмий маълумотлар ҳам ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















