Коронавирус фақат йўтал ва аксиришдан эмас, нафас олганда ҳаводан ҳам юқиши мумкин Koronavirus

Сурат манбаси, Reuters
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олишича, Covid-19 вируси инсон нафас олаётган ҳаво томчиларидан ҳам юқиши мумкин. Бундай томчининг аэрозоли ҳавода узоқ қолиши мумкин.
Бунгача ЖССТ Covid-19 вируси аксирганда ёки йўталганда сачраган йирик оғир томчилардан юқади, деб ҳисоблар ва барча эҳтиёт чоралари, шу жумладан, қўлларни тез-тез ювиб туриш тавсияси ҳам шу қарашга асосланган эди.
Аммо дунёдаги қатор обрўли олимлар коронавирус оғир томчиларининг фақат тушган жойидаги сатҳдан эмас, ҳаво орқали юқиши мумкинлигидан огоҳлантиришди, ЖССТни вирус тарқалишидаги аэрозол усули ролини назар-писанд қилмаётганликда айбладилар.
Шу муносабат билан 200 дан зиёд олим очиқ хат эълон қилдилар.
Ниҳоят Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Covid-19 ҳаво орқали юқиши далиллари мавжудлигини очиқ эътироф этишга мажбур бўлди.
"Пандемияга қарши кураш доирасида вирус ҳаво орқали ўтиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди", деб айтган ЖССТнинг хасталиклар тарқалишини назорат қилиш бўйича масъули Бенедетта Аллегранци.
Аллегранци хоним сўзларига кўра, ҳозиргача мавжуд бўлган маълумотлар ҳаво орқали тарқаладиган томчилар одамлар кўп тўпланган жойда, шунингдек, ёпиқ ва шамоллатиб турилмайдиган хоналарда юқиш манбасига айланиши эҳтимолини инкор этмайди.
Шу билан бирга ЖССТ масъуллари таъкидлашларича, вируснинг ҳаво орқали юқиши далиллари илк далиллардир ва қўшимча текширишни талаб қилади.
Очиқ мактуб муаллифларидан бири Колорадо Университети химиги Хосе Хименеснинг журналистларга айтишича, очиқ хат билан вируснинг халқаро ташкилот тан олишни истамай келаётган хатарли жиҳатига эътибор қаратишни хоҳлаган.
"Биз бунинг исбот-далиллари мавжудлигини улар тан олишларини хоҳлаймиз. Бу Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига ҳужум эмас. Бу илмий баҳс. Аммо биз уни оммага ошкор этишга қарор қилдик. Нега? Чунки бир неча марта уларга айтганимизга қарамасдан, улар бизнинг далилларимизга қулоқ солишни истамадилар", - деган Хосе Хименес.
Очиқ хатга имзо чеккан яна бир олимнинг айтишича, бутун дунёда муҳофаза имконияти йўқлиги боис ЖССТ аэрозол юқиш ҳақида гапиришни истамаган.
Экспертлар хулосасининг таъсири улкан бўлади, деб айтган Гонконг Университети профессори Бенжамин Коулинг.
"Агар аэрозол юқиш таҳдидни юзага келтирса, ўз-ўзидан аёнки, тиббиёт муассасаларининг ходимлари энг зўр муҳофаза воситаларига эга бўлмоқлари талаб қилинади. ЖССТ эса, дунёнинг кўпгина мамлакатларида бундай махсус ниқоблар етарли бўлмагани учун Covid-19нинг ҳаво орқали юқиши ҳақида кўп гапиришни хоҳламадик, дейди", - деб айтган профессор Бенжамин Коулинг.
Анализ
Иможен Фоукс, Би-би-си, Женева
Кўп ойлар мобайнида ЖССТ таъкидлаб келдики, Covid-19 бемор одам йўталганида ёки акса урганида сачраган томчилар орқали юқади.
Бу томчилар ҳавода туролмайди ва пастга тушади - шунинг учун ҳам хасталик тарқалиши олдини олишдаги энг асосий усул сифатида қўлни тез-тез ювиб туриш тавсияси берилди.
Бироқ дунёнинг 32 мамлакатидаги 239 олим бунга қўшилмайдилар: уларнинг айтишларича, вирус бошқача йўлда юқишининг жиддий далиллари бор.
Яъни, вирус ҳавода соатлаб туроладиган анча кичкина томчилар орқали одам гапирганда ёки оддий нафас олганда ҳам юқади.
Бугунга келиб Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти муайян шароитда, яъни ёпиқ бино ичида ёки одам кўп тўпланган жойла вирус ҳаво орқали юқиши ҳақидаги жиддий далиллар мавжудлигини эътироф этди.
Бу далилларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш талаб қилинади.
Агар улар тасдиқланадиган бўлса, коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган тавсияларни ўзгартиришга тўғри келади.
Бу нарса ҳамма жойда юз ниқоби тақиб юриш ва бар, ресторан ва жамоат транспортида янада қаттиқроқ ижтимоий масофа сақлаш тартибини жорий этишни талаб қилади.

- Коронавирус: Ўзбекистонга яна кучайтирилган карантин қайтмоқда
- Коронавирус: Бу охирги пандемия эмас
- Covid-19нинг симптомсиз тарқатувчилари сири
- Коронавирус тарқалиши бўйича янгилаб бориладиган харита
- Коронавирус белгилари оддий гриппдан қандай фарқ қилади?
- Коронавирус бизга юққач, танамиз ичида нима қилади?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















