Коронавирус: Ўзбекистонга яна кучайтирилган карантин қайтмоқда O'zbekiston, koronavirus

Сурат манбаси, Янгиер шаҳар ҳокимлиги
Республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан 1 августга қадар мамлакат ҳудуди бўйлаб кучайтирилган карантин тартиби ўрнатилмоқда.
Қарорга кўра:
•автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланди;
•давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди;
•давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланди;
•ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);
•томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;
•тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;
•65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бош вазир Абдулла Арипов раислик қилган комиссия мажлиси баёнида коронавирус инфекциясига чалиниш кун сайин ўсиб бораётгани, 1 июлдан 6 июлга қадар 1859 инсонда коронавирус аниқлангани, ўлим даражаси кескин ошганлиги карантин чекловларини қайтадан кучайтиришни тақозо этаётганлиги таъкидланади.
Қарорда, шунингдек, қуйидаги объектлар фаолиятини тўхтатиш ҳам кўрсатиб ўтилган:
•парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;
•буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
•спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар;
•ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
•умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);
•санаторийлар, панционатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари.
Бундан ташқари халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилмоқда.
Шу билан биргаликда саноат ва йирик қурилиш объектлари фаолиятини давом эттиришига қуйидаги шартлар асосида рухсат берилмоқда:
•тегишли объектлар ҳудуди тўлиқ карантинга олинади;
•объектлар ҳудудида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши таъминланади;
•санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан биргаликда тегишли объектларда санитария-гигиена тадбирлари амалга ошириб борилади;
•объектларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар, дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш;
•ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритилишини таъминлаш.
Коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилди:
•коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар уй шароитида карантинда сақланади;
•карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилади ҳамда 10 кун муддатда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест натижалари манфий бўлган тақдирда карантиндан чиқарилади;
•тест натижалари мусбат бўлган тақдирда, беморда коронавирус инфекциясининг клиник белгилари кузатилса, шифохонага жойлаштирилади, касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади).
Касаллик аломатларсиз енгил шаклда кечаётган беморларни уй шароитида даволаш, шунингдек, беморлар билан алоқада бўлганларни уй шароитида карантинга олиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Республика махсус комиссиясининг қарорида қуйидагилар белгиланган:
•уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда беморлар билан алоқада бўлиб, уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг доимий тиббий назоратда бўлиши белгиланди;
•аҳолига, шу жумладан, уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган туну-кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи Call-Center фаолияти йўлга қўйилади;
•уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мобил гуруҳлар ташкил этилади;
•коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикасига(дан) йўловчи ташиш бўйича халқаро авиаташувларни ташкил этиш тўғрисидаги Вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Қарорда бир ҳафта муддат ичида карантин марказларига мослаштириш учун зарурий инфратузилмага эга олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари рўйхатини тузиб чиқиш, талабалар турар-жойларини карантин марказларига айлантириш юзасидан тегишли топшириқлар ҳам берилган.

- Ўзбекистон: «Афсуски, янги рекорд» ва касаллик 2-3 ойда чекинадими?
- Ўзбекистон: Вазир коронавирусдан вафот этган шифокор хонадонига борди
- Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди, $1,4 миллион пора ва ўзбек олимлари кашфиёти
- Коронавирус: Қозоғистон қаттиқ карантинга қайтмоқда, дунёда очарчилик хавфи
- Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди ва террорчилар ови
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















