Россия - Қозоғистон, чегарадаги мигрантлар: Ўқишга кирамиз деб йўлга чиққандик O'zbekiston, Qozog'iston

migrantlar

Сурат манбаси, courtesy

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Қарийб 40 кундан буён Россия-Қозоғистон чегараси яқинидаги очиқ далада яшаётган муҳожирлар орасида 50 дан ортиқ абитуриентлар ҳам бор. Россияда ишлаётган ўзбекистонлик ёшлар ватанидаги олийгоҳларда ўқиш учун ҳужжат топширишга йўлга чиққанлигини айтишмоқда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

- Мен Ўзбекистонга бориб ўқишга ҳужжат топширмоқчиман. Шу ерда 50-60 та абитуриентлар бор. Олий мажлис қарорига кўра, 21 кун олдин Ўзбекистонга кириб боришим керак эди. Шу ердаги 50-60 та болани ҳуқуқларини ким ўйлайди? Ўзбекистонга боргандан кейин имтиҳонга киритилмай қолсак, бизнинг ҳуқуқларимиз поймол бўлган бўлмайдими? Абитуриентларни ким ўйлайди?, - дейди муҳожирлардан бири.

Ўзбекистонда 20 июль олий таълим масканларига кириш учун ҳужжат топширишнинг охирги куни.

Чегаралар ёпиқлигига қарамай, ўқишга кириш учун йўлга чиққан муҳожир ёшлар бу йил бир имкониятдан маҳрум бўлганларидан хафа эканликларини билдиришди.

Муҳожирлар бир ойдан ошиқ вақт давомида оғир шароитларда яшаб, поезд келишини кутишган, аммо билет пули 2-3 баробар ошиб кетганидан сўнг билет ололмай поезддан қолиб кетганларнинг баъзилари асаб бузилишлари ва руҳий зўриқишларга учраётганини айтишмоқда.

- Пулим йўқ кетай десам. Дардимни кимга айтаман? Қийналиб кетдим. Мана шароит, кўриб турибсизлар, иложимиз йўқлигидан яшаяпмиз, - дея йиғлайди муҳожир эркак.

Мигрант 2 фарзанди борлиги, аммо уларни неча йиллардан бери кўрмаганини айтади.

- Келаяпсизми, деб мени кутишаяпти. Телефон қила олмайман. Шароитим оғир, ўзи касалмандман. Оиламни боқаман, уй қиламан, деб иложсиз шу ерга (Россияга) келдим, - ҳужжа ҳасрат қилади муҳожир.

Migrantlar

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистон томонидан чегара атрофига тўпланган мигрантларни ватанга қайтарилиши учун 3 бора транспортлар ташкиллаштирилди.

Ўтган ҳафтада ташкил этилган 3 рейс поездларга чипта сотилишида ноҳақликларга йўл қўйилгани айтилмоқда.

Би-би-си юзага келган вазият бўйича Ўзбекистоннинг Россиядаги расмий вакиллари билан боғланишга уринди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси телефон рақамларига қайта-қайта уринишимизга қарамай, боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулхонаси телефон рақамларидан бири билан боғлана олдик, аммо телефонга жавоб берган ходим «ҳеч ким гапирмаслиги, электрон почтада хат орқали мулоқот қилишини» айтди.

Элчихона матбуот котиби ва Қозондаги консуллик электрон манзилларига хат юбордик, аммо ҳар иккисидан ҳам жавоб келмади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси сайти ва расмий саҳифаларида бу борада бирон бир баёнот ёки маълумот ҳозирча берилгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятни ўрганишда давом этади.

Муҳожирлар эса яна Ўзбекистон президентидан ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek