Россия, чегарадаги мигрантлар: билетга пулимиз йўқлигидан поезддан қолиб кетдик O'zbekiston, Rossiya, Қозоғистон

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Москва, Россия
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия, чегарадаги мигрантлар: билетга пулимиз йўқлигидан поезддан қолиб кетдик - муҳожирларга кўра, поездда кета олмаганлар 60 га яқинининг билетга пули бўлмаган ва уларга билет етмаган. 8 ярим минг рубль экани айтилган билетлар икки-уч баробар юқори нархларда сотилган:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тафсилотлар

Россия-Қозоғистон чегарасида яна 600 дан зиёд ўзбекистонликлар ватанга қайтиш учун Президентдан ёрдам сўрашмоқда.

Уларнинг 100 га яқини поездга билет ололмай қолиб кетганлар ва қолганлари рўйхатга олиш якунланганидан кейин келиб қўшилаётганлардир.

Муҳожирларга кўра, поездда кета олмаганларнинг 60 га яқини билетга пули бўлмаган ва уларга билет етмаган. 8 ярим минг рубль экани айтилган билетлар икки-уч баробар юқори нархларда сотилган.

Муҳожирлар олдиндан тузилган рўйхатга амал қилинмагани, рўйхатдаги мигрантлар ўрнига кейин келиб қўшилган ва билетга пули бор мигрантлар кетгани, бу вазиятни ҳеч ким назорат қилмаганини билдиришди.

Бир ойдан бери очиқ далада яшаб, Ўзбекистонга қайтишни кутаётган айрим муҳожирлар кета олмай қолганидан қаттиқ стрессга тушгани, тоби қочиб қолганини айтишмоқда. Тиббий ёрдам имконияти йўқ.

Айни пайтда муҳожирларга сув таъминоти тўхтатилган, тез кунда палаткалар йиғилиши маълум қилинган.

Ватанга қайтиш

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

Июль ойининг бошидан ўртасига қадар Россия- Қозоғистон чегараси атрофида 3-бора тўпланган ўзбекистонликлар президент Мирзиёевдан ватанга қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон президенти бу масалага эътибор қаратиб, ватанга қайта олмаётган муҳожирларни поездларда қайтарилишини билдирди.

15-16 июль кунлари Самара ва Оренбургдан 2106 нафар ўзбекистонлик 3 та рейсда поезд орқали Ўзбекистонга олиб кетилди.

«1404 йўловчи билан иккита поезд Кинель, 702 йўловчи билан яна битта поезд Бузулук станцияларидан жўнаган. Йўл давомида поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари кузатуви остида олиб келинади», дея маълумот берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

«8 ярим минг рублли билет 20 мингга чиқди»

16 июль куни Би-би-си Ўзбек хизматига поездлардан қолиб кетган мигрантлар мурожаат қилишди. Улар орасида рўйхатдан кейин тўпланганлар билан бирга рўйхатда бўлиб ҳам кета олмаганлар бор.

Бизга берилган маълумотларга кўра, улар вокзалга киритилмаган, поезд чипталари ўртада турувчилар томонидан 8500 рубль ўрнига 20 000 рублгача нархда сотилган. Рўйхатда бўлган ва 20 кундан буён далада яшаётган 60 нафар мигрантнинг ўрнига охирги кунларда қўшилганлар поездларда кетишган.

Муҳожирлар бу вазиятни расмийларнинг назорат қилмаганидан эътироз билдиришмоқда.

- Гуруҳларга бўлиниб, бир киши кўпчилик учун паспортларни йиғиб билетга бордик. Мени қўлимда 13 та паспорт бор эди. Бир кун навбатда турдим. Навбатим келганида билет тугади, дейишди. Ахир рўйхатда бор эдик-ку, қандай қилиб бизга билет етмай қолади? - дейди Би-би-си га муҳожирлардан бири.

«Қаттиқ сиқилишдан ҳушдан кетишган»

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

Мигрантларнинг айтишича, уларнинг ўрнига чегара атрофига кейин келиб қўшилганлар билет олишган.

- Билет пулини устига 5000 рубль берганлар бизнинг ўрнимизга кетди. Биз бир ойдан бери далада ётибмиз. Пулларимиз озиқ-овқатимиз учун тугаб бўлган. Йўлкирага 8 ярим минг рублни уйдан чақиртиргандик. Устига яна 5000 рублни қаердан оламиз?! - жиғибийрон бўлди муҳожир.

Муҳожирларга кўра, ҳозирда баъзиларининг аҳволи яхши эмас, баъзиларида асаб бузилишлари бор. Бир муҳожир ҳушидан кетганлиги айтилмоқда. Тиббий ёрдамга муҳтожлар бор. Бузулук туманидаги муҳожирлар ёнига полиция ходимлари келиб 2 кун ичида палаткаларни йиғиштириб кетишларини айтишган. Сув таъминоти узилган.

Би-би-сига воқеа жойидан юборилган видеотасвирда ўнлаб аёллар поезддан қолиб кетганлиги, далада шароит йўқлиги, ёш болалар билан қийналаётганликларини айтишган.

-Пулимиз йўқлигидан поездда кета олмадик. Бир ойдан бери шу ердамиз. Ювинишга шароит йўқ, овқатга пулимиз қолмаяпти. Илтимос, бизга ёрдам беринг, - дея Президент Мирзиёевга ёлвориб мурожаат қилади аёл.

Мигрантларнинг айтишича, Маштаковада 400 га якин, Бузулукда 200 га якин ўзбекистонликлар қолаяпти. Ораларида аёллар ва ёш болалар ҳам бор.

Расмийлар ҳозирча «жим»

Би-би-си юзага келган вазият бўйича Ўзбекистоннинг Россиядаги расмий вакиллари билан боғланишга уринди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси телефон рақамларига 2 кун (16-17 июль кунлари) давомида қайта-қайта уринишимизга қарамай, боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулхонаси телефон рақамларидан бири билан боғлана олдик, аммо телефонга жавоб берган ходим «ҳеч ким гапирмаслиги, электрон почтага хат орқали мулоқот қилишини» айтди.

Элчихона матбуот котиби ва Қозондаги консуллик электрон манзилларига хат юбордик, аммо ҳар иккисидан ҳам жавоб келмади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси сайти ва расмий саҳифаларида бу борада бирон бир баёнот ёки маълумот ҳозирча берилгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятни ўрганишда давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Россиядан хабарларни йўллаш учун BBCUZBEK.COM нинг Москвадаги мухбири телефон рақами: +7 968 577 57 84 Telegram.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 рақами билан боғланинг.