Ўзбекистон: Уч ойдан бери пулсиз ўтирибмиз, бола-чақани қандай боқамиз? – Автобус ҳайдовчилари O'zbekiston, koronavirus

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон: Уч ойдан бери пульсиз ўтирибмиз, бола-чақани қандай боқамиз? - Автобус ҳайдовчилари: Ишдан ҳайдалишдан қўрқув боис шахси ошкор этилишини истамаган бу инсонларнинг сўзларига кўра, улар карантин сабаб пойтахтда жамоат транспорти тўхтатилган ва чекланган давр мобайнида даромаддан деярли маҳрум бўлганлар, пулсиз қолганлар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти таркибидаги бир қатор автобус саройлари ҳайдовчилари ва чиптачилари Би-би-сига мурожаат қилиб, карантин даврида ўзлари дуч келаётган иш ҳақлари билан боғлиқ муаммолар ва бошқа молиявий қийинчиликлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Ишдан ҳайдалишдан қўрқув боис шахси ошкор этилишини истамаган бу инсонларнинг сўзларига кўра, улар карантин сабаб пойтахтда жамоат транспорти тўхтатилган ва чекланган давр мобайнида даромаддан деярли маҳрум бўлганлар, пулсиз қолганлар.

Улар жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган март ойининг сўнгги кунларида ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига мажбуран чиқарилгани, автобуслар қатнови қайта йўлга қўйилган 8 июнга қадар эса иш берувчи томонидан ҳеч қандай ижтимоий-молиявий ҳимояга олинмаганликлари ҳақида гапириб бердилар.

«Ёшим қирқда, бошқа иш тополмайман»

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

22 мартдан карантин чекловлари туфайли Тошкент шаҳрида жамоат транспорти - автобус, метро ҳамда йўналишсиз такси қатновлари вақтинча тўхтатилган эди.

Шу сабабдан жамоат транспортига хизмат кўрсатувчи ходимлар ишсиз қолганлар.

Ҳайдовчилар ва чиптачиларнинг маълум қилишича, уларга меҳнат ҳаққи соатбай тарзда тўланади.

8 июндан яна кўчаларга чиққан автобуслар ҳаракати вақти эса карантин талаблари туфайли чеклаб қўйилганидан улар қатъий карантин тартиби бошланган 10 июлга қадар деярли ишлай олишмаган ва, мос равишда, кам миқдорда маош олганлар.

Мурожаатчилар ушбу ҳолат "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти таркибидаги транспорт корхоналарининг юзлаб, балки минглаб ишчи-ходимлари ва уларнинг оилалари март ойидан буён деярли пульсиз яшашга мажбур бўлаётганини англатишини таъкидлайдилар.

"25 мартдан ҳар бир одамга ўз ҳисобидан отпуска берди. Кимнинг отпускаси положенно бўлса ҳам бермади. Энди ўзига таниш бир-икки одамга берди. Қолган ҳаммага 3 ой без содержание берворди. 78 кун без содержаниеда ўтирдик. Ҳеч қанақа пул тўланмади. Фақат карантин тугай-тугай деганда болалар прокуратурага ёзганидан кейин тинчитамиз, деб чақирди. Кейин ўзининг ҳисобидан аванс ҳисобида 200 минг сўмдан ёрдам пули берди. Шу 200 минг ҳам эртага иш яхши бўлиб кетса, ойликдан ушлаб қолинади", сўзлайди бир автобус ҳайдовчиси Би-би-си билан суҳбатда.

Жамият 26 май куни тарқатган расмий хабарда карантин даврида автосаройлар тушуми кескин камайгани, ишчи-ходимлар 24 мартдан 24 апрелга қадар иш ҳақи тўланмайдиган таътилга чиқарилгани, аммо ишчи-ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш йўлида уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида, яъни 679 330 сўмдан тўловлар тўлаб келинаётгани айтилади.

Бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган ҳайдовчилар ва чиптачилар ҳақ тўланмайдиган таътилдан сўнг ҳам айрим ҳамкасбларидан ташқари ҳеч кимга бундай пул берилмаганини билдирадилар.

"Ҳеч кимга тўлаган йўқ. 200 минг сўмдан аванс, деб ёздирволди. 200 минг сўмдан бир сўм ҳам ошиқ сўраманглар, деб айтилди. Ёздик. Униям сентябрда агар ишга тушиб кетсак, бўлиб-бўлиб ойликдан қайтариш шарти билан беришди", дейди чиптачи бўлиб ишлашини айтган аёл.

Ушбу аёлнинг таъкидлашича, ўзи ва ҳамкасбларининг аксарият қисми жамоат транспорти тизимида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келганидан бошқа иш топишда қийналишлари мумкин.

«14 йилдан буён шу соҳадаман. Ёшим қирққа чиқди. Ҳозир бошқа иш топай, десам, на ёшим, на малакам тўғри келади. Тишимни-тишимга қўйиб, нима бўлишини кутиб ўтирибман», дейди у.

11 миллиард сўм

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, апрель ойида жамоат транспорти тизими ходимларининг иш ҳақларини тўлаб бериш учун ҳукумат томонидан катта миқдорда маблағ ажратилган.

"Раҳбарлардан шу пул қани, деб сўрасак, аввалги зарарларни қоплашга сарфладикдан бошқа гап топиб бера олишмаяпти. Ишчиларни эшитишни ҳам хоҳлашмаяпти", сўзлайди яна бир автобус ҳайдовчиси.

Молия вазирлиги 23 апрелда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатларини очиқлаган, ҳисоботда «Тошкент Метрополитени» ва "Тошшаҳартрансхизмат" ходимларига иш ҳақи тўловлари учун 11 миллиард сўм миқдорида пул ажратилгани кўрсатилган.

Би-би-си мазкур ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти матбуот котиби Равшан Ёқубжонов билан боғланди.

Ёқубжонов ишчи-ходимлар ҳақиқатан молиявий қийин аҳволга тушиб қолгани, бу эса ўз навбатида карантин туфайли жамият бошидан ўтказаётган иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ эканини маълум қилди.

«Биз давлат ташкилоти эмасмиз»

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ёқубжонов жамоат транспорти ҳаракатсиз қолганидан жамият тушумдан айрилгани ва ўз-ўзидан ходимларга маош тўлаш имконсиз қолаётганини айтади.

"Бизнинг ташкилот давлат ташкилоти эмас. Шуни кўпчиликка тушунтира олмаяпмиз. Ишчиларимизга ҳам, бошқасига ҳам. Биз ўзимиз пул топамиз, ўзимиз харажат қиламиз. Фақатгина бизнинг кўрган зараримизнигина давлат қоплаб беради", тушунтиради у.

"Ўзи, қўпол қилиб айтганда, ҳассага таяниб ишлаётган ташкилот. Фаолияти тижоратга асосланмаган. Одамлар юз фоиз ҳақ, лекин бу ерда иқтисодий имконият ҳам борда. Пул бўлса, юз фоиз бериладику", давом этади у.

Матбуот котиби ҳозирги иқтисодий шароитда жамият ходимларига бундан ортиқ пул бера олмаслигини билдиради.

«Ўзи карантин пайтида автобусларнинг аҳволини кўрган бўлсангиз керак. Эрталаб бир бўлади, кейин кун бўйи бўш юради», дейди жамиятнинг ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритишини билдирган Ёқубжонов.

Шунингдек, у ҳайдовчи ва чиптачилар тилга олган «11 миллиард сўм масаласи»ни шундай изоҳлайди.

«11 миллиарднинг 6 миллиарддан кўпроғи метрога, 4,4 миллиарди эса бизга ажратилган. Бу пул билан ходимларимизнинг февраль-март ойларидаги иш ҳақлари ёпилган. Истасангиз, бу ҳақида ҳамма ҳужжатларни кўришингиз мумкин».

Ёқубжонов, айни вақтда, "Тошшаҳартрансхизмат" раҳбарияти мавжуд иқтисодий инқироздан чиқиш йўлларини излаётганини тилга олади.

"Шофёр, кондукторларни тўғри тушуниб турибман. Улар ҳам бола-чақасига бир-икки олиб келай, деб ишлайди. Карантин олдин ҳеч қанақа муаммо бўлган эмас. Энди тушумга қарабда, тушум бўлса, ишчилардан қизғанилмайдику".

«Ҳозир раисимиз автосаройлар директорларига талаб қўйяпти. Бор ташкилотларга, хизмат кўрсатиб, пулини ол, ишчиларингга тарқат, деяпти. Имкон бўлиши билан, албатта, ишчиларга пул берилади», маълум қилади матбуот котиби.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek