Ўзбекистон, коронавирус: Рекордлар куни ва вирус 15 мартдан олдин кириб келганмиди? O'zbekiston, koronavirus

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон, коронавирус: Рекордлар куни ва вирус 15 мартдан олдин кириб келганмиди? - Масжидлар ҳам ёпилмоқда. Машиналар ҳаракати қандай тартибда чекланмоқда? Бухорода Афғонистон фуқароси коронавирусдан вафот этди bbcuzbek.com дайжести.

8 июль куни Ўзбекистонда яна 20 кунлик қатъийлаштирилган карантин тартиби ўрнатилиши эълон қилинди.

Шу куннинг ўзида коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ янги рекордлар кузатилди.

Хусусан, 8 июль куни давомида 422 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Шундан 295 нафар янги бемор карантин муассасаларида, 127 нафари эса аҳоли орасида аниқланган.

Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида 1 нафардан, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Тиббиёт муассасаларида 249 нафар фуқаро соғайган.

9 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 167 нафарга кўпайиб, умумий беморлар сони 11,259 нафарга етган.

Шу вақтга қадар 7,060 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

4,152 нафар бемор шифохоналарда қолмоқда, улардан 31 нафари оғир, 12 нафари эса ўта оғир аҳволда экани айтилади.

Расмийлар яна икки беморнинг ўлими тўғрисида хабар берган.

Шу тариқа умумий ўлимлар сони 47 тага етган.

Масжидлар ҳам ёпилмоқда

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

10 июлдан амалга кирадиган кучайтирилган карантин вақтида ижтимоий ҳаракат чекланмоқда.

Хусусан, одамларнинг кўчалар ва майдонларда уч кишидан ортиқ юриши тақиқланмоқда.

Бир вақтнинг ўзида Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа диний конфессияларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда республикадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб 10 июлдан 1 августга қадар диний ташкилотлар фаолияти тўхтатилмоқда.

Машиналар ҳаракати қандай тартибда чекланмоқда?

10 июлдан эътиборан республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда:

• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно);

• жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади;

• автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан - 10.00 гача, 17.00 дан - 20.00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.

Шунингдек, карантин даврида мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишга фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлар - дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

«Вирус олдин кириб келган бўлиши мумкин»

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати шу йилнинг 15 март куни расман қайд этилган эди.

Бироқ 9 июль куни ўтган брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирус мамлакатга бу санадан олдин кириб келган бўлиши ҳам мумкинлигини тан олган.

«Бир жиҳатга эътибор берайлик. Ўзбекистон ҳудудида биринчи бемор 2020 йилда 15 март куни қайд этилди. Бироқ касаллик мамлакатимизга ундан аввал ҳам кириб келган бўлиши мумкинлигини инкор этмаймиз. Биз биринчи аниқлаган беморимиздан сарҳисобни бошладик. Шундан кейин статистик рақамлар шаклланди», деган у.

Бухорода Афғонистон фуқароси коронавирусдан вафот этди

40 ёшли афғонистонлик эркак Бухорода коронавирус туфайли оламдан ўтгани хабар қилинмоқда.

Хабарда айтилишича, марҳумни 2-3 кун давомида йўтал ва тана ҳарорати кўтарилиши безовта қилган.

21 июнь куни тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, у Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Бироқ реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Шу тариқа афғонистонлик эркак Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 46-инсонга айланган.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek