Ўзбекистон газ экспортини 2025 йилдан олдинроқ тўхтатишга мажбур бўладими?

"Ўзбекнефтгаз" корхонаси

Сурат манбаси, ung.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда газ экспортини тўхтатиш режаси ҳақида эълон қилган, бироқ, афтидан, коронавирус бу режага ўзгартириш киритадигандек.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 16 июлдаги Президент Мирзиёевнинг видеоконференс алоқа воситасидаги йиғилиши ҳақида хабар тарқатди.

Ушбу йиғилишда Россия Ўзбекистон газини умуман сотиб олмай қўйгани, Хитойга экспорт эса уч баравар камайгани хабар қилинди.

Президент матбуот хизмати рақамларни очиқлагани йўқ, аммо 2019 йилги ҳисоботларда Ўзбекистон 13,5 млрд кубометр табиий газ экспорт қилгани, шундан 6,8 миллиарди Россияга, 5,1 миллиарди Хитойга кетгани хабар қилинган.

Шу йил март ойида Хитойнинг асосий импортёр компанияси PetroChina коронавирус вазияти сабаб форс-мажорга бориши, бутун Марказий Осиё мамлакатларидан газ импортини сезиларли даражада камайтиришга қарор қилгани ҳақида Тошкентни огоҳлантирганди.

Ўзи Хитой Ўзбекистондан газ импортини ўтган йили ҳам камайтирган, 2018 йилга нисбатан 35 фоиз кам Ўзбек газини сотиб олгани хабар қилинган.

2019 йили Ўзбекистон ўзининг табиий газини энг арзон Россияга сотган - ҳар 1000 кубометрини 145 АҚШ доллардан. Хитой эса 182 доллар тўлаган.

Мамлакатнинг ўтган йилги газ экспорти даромади 2,2 миллард АҚШ долларини ташкил этган.

Ўтган йил "Ўзбекнефтгаз" раҳбарияти 2018 йилга нисбатан газ экспортини 15 фоиз оширмоқчи эканликлари ҳақида баёнот беришган, бироқ йиллик газ ишлаб чиқариш 1,6 фоизга камайиб, ўтган йили Ўзбекистон 59,46 млрд кубометр газ олгани хабар қилинган.

Ўзбекистонда умумий табиий газ заҳираси 5 трлн, исботланган заҳираси эса 1,1 трлн кубометр деб кўрилади.

Йиллик ишлаб чиқарилаётган 60 млрд кубометр табиий газнинг 40 млрд кубометри Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжи учун сарфланмоқда.

Коронавирус Ўзбекистон валюта тушумини камайтиради

Жаҳон иқтисодиёти

Сурат манбаси, AFP

Бутун дунё 1930 йиллардагидан кейинги улкан рецессияга дуч келгани ҳақидаги таҳлиллар эълон қилинмоқда.

Ҳалокатли вирус юқмаслиги учун инсонлар уйда ўтиришга, ижтимоий масофа сақлашга мажбур бўлдилар.

Автомобиль миниш камайди, жаҳон бозорида нефт нархлари қулади, бутун бошли соҳалар, саноат тармоқлари тўхтаб қолди.

Хусусан, Ўзбекистон охирги йилларда сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан, Ўзбекистон жозибадорлигини ошириш билан даромадини кўпайтиришни режалаган туризм соҳаси.

Шу манзарада Ўзбекистон давлат бюджетига тушумнинг салмоқли манбаи - газ экспортидан даромад камайиши билан юзма-юз келмоқда.

Нима қилмоқ керак?

Президент Мирзиёев ўтказган йиғилиш

Сурат манбаси, President.uz

16 июл кунги Президент Мирзиёев йиғилишида ҳукуматнинг ўз олдига қўйган режасини бажаришда камчиликка йўл қўйилгани тан олинган.

Гап шундаки, 2019 йил бошида Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистоннинг 2025 йилга бориб газ экспортини тўхтатиш, табиий газни мамлакатнинг ўзида тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўймоқчи эканликлари ҳақида эълон қилган эди.

Видеоконферес алоқа мажлисида Президент Мирзиёев бу йўналишлардаги ишлар кўнгилдагидек бормаётганини айтган.

"Нефт, газ ва кимё саноати тармоқларининг янги лойиҳаларини муҳокама қилувдик... Хомашё ресурсларимизни чуқур қайта ишлаш нуқтаи назаридан жуда катта камчиликка йўл қўйяпмиз", дея Президент Мирзиёевдан иқтибос келтирди Ўзбекистон 24 телеканали.

"Ҳозир пандемия масаласи билан табиий газ экспорти кескин қисқарганини инобатга олиб ўзимизнинг чора-тадбирларимизни кўриб, янги-янги лойиҳаларни амалга оширишимиз керак... Импорт ўрнини босаётган экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича нима чоралар кўришимиз керак? Катта-катта лойиҳалар ҳам керак. Лекин, шу билан бирга, импортни қисқартириш бўйича кичкина лойиҳаларни ҳам амалга ошириш чора-тадбирларини кўриш керак", деди Президент Мирзиёев.

Йиғилишда Ўзбекистон нефти ва газини қайта ишлаш эвазига режалаштирилаётган янги ишлаб чиқариш лойиҳалари муҳокама қилинган.

Хусусан, Ўзбекистоннинг ўзида иссиқлик сақлайдиган қутилар, бошга кийиладиган шлем, автомобил ўриндиқлари ва ўйинчоқларга ўхшаш саккиз маҳсулот ясаш мумкин бўлган қиймати 5 миллион долларлик кўпикли пропилен ишлаб чиқариш лойиҳаси кўриб чиқилган.

Агар Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжига қараладиган бўлса, 60 млрд кубометр табиий газ Ўзбекистоннинг ўзига керак.

Яъни, Ўзбекистон йилига ишлаб чиқараётган табиий газ фақат ички истеъмолнигина қондиришга етади.

Бунинг устига аҳоли сони ҳам ортиб бормоқда, раҳбарият бутун мамлакат бўйлаб уй-жой қурилишини кўпайтираяпти, янги уйларни ҳам қишда иситишнинг муайян қисми барибир табиий газга боғлиқ бўлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шундай бир шароитда Ўзбекистон газга бой қўшниси Туркманистондан табиий газ харид қилиши мақсадга мувофиқ деб кўрилади.

Ўзбекистоннинг собиқ нефть-газ вазири Анвар Ҳусаинов фикрича, Туркман газини импорт қилиш Ўзбекистон иқтисодиётига фойда.

"Ёнгинамиздаги Туркманистон газга бой. Биз улардан газ сотиб олсак, улар жон, деб сотишади. Газни импорт қилиб, саноатни ривожлантириб юборишимиз мумкин", деган Анвар Ҳусаинов Би-би-си билан суҳбатда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek