Россия, спецприёмникдаги мигрантлар: қидирувдаги қочоқлар, очлик эълон қилиш ва Путинга мактуб Ўзбекистон O'zbekiston

Твердаги спецприемник

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 3 дақ

19 нафар муҳожир Твердаги спецприёмникдан қочган, полиция 2 нафарини тутган, 17 таси қидирувда.

10 июль куни тунда Марказий осиёлик 19 нафар меҳнат муҳожири Тверь вилоятидаги чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказидан қочган. Мигрантлар Россияда қонуний бўлиш қоидаларини бузганликлари учун марказда ватанга юборилиш учун ушлаб турилган.

Темир панжара бузилган

Тергов текширувларига кўра, муҳожирлар қочишни олдиндан режалаштиришган. Хўжалик-маиший ишлар учун ажратилган хона эшигини ичкаридан металл шкаф билан бекитишган. Деразадаги темир панжарани бузишган ва кирхонадаги чойшабларни бир-бирига боғлаб, ойнадан тушиб қочишган.

Тверь полицияси спецприёмникдан қочган мигрантларни изламоқда, уларнинг фотосуратлари маҳаллий нашрларда ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилмоқда.

Жуда оз учрайдиган ҳодиса

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу - Россиядаги миграция билан боғлиқ муаммолар орасида жуда кам учрайдиган ҳолат. Қочоқ мигрантларнинг тақдири нима бўлади?

Бу ҳақда миграция масалалари бўйича Москвада фаолият олиб борувчи юрист Ботиржон Шермуҳаммад билан суҳбатлашдик.

- Бизнинг иш амалиётимизда бу воқеа биринчиси бўлди. Шу сабабли Россия Ички Ишлар вазирлиги ходимлари билан вазиятни таҳлил қилиб ўрганиб чиқдик. Муҳожирларнинг ҳужжатлари марказда қолган. Улар Ўзбекистонга қайтишга учун элчихонага мурожаат қилишларига тўғри келади. Марказ эса қочқин мигрантларнинг рўйхатини элчихонага беради. Шу орқали мигрантлар топилиб, марказга қайтарилиши мумкин.

Бу шахсларнинг ҳуқуқий мақоми мавҳум бўлганлиги сабабли Россия қонунчилигида аниқ бир бандлар белгиланмаган. Агарда марказ мулкига зарар етказишмаган бўлишса, уларга ҳеч қандай жазо белгиланмайди. Албатта, маъмурий чоралар тайинланиши мумкин, - дейди юрист.

Путинга видеомурожаат

Президент Путинга мурожаат

Сурат манбаси, Social media

Карантин чекловлари ортидан Россиянинг бошқа ҳудудларидаги чет эл фуқароларини сақлаш марказларида ушлаб турилган муҳожирлар хам турли норозиликлар билдиришди.

Масалан, Нижный Новгороддаги муҳожирлар оммавий равишда очлик эълон қилишди. Спецприёмникдаги шароитларни видеотасвирга олиб, маҳаллий телеканалларга юборишди. Видеолавҳа матбуотда чиққач, вилоят прокуратураси муҳожирлар марказидаги вазиятни ўргана бошлади.

Омскдаги спецприёмникда тутиб турилган ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар эса Россия Президенти Владимир Путинга мактуб ёзишди, уни видеода ўқиб мурожаат қилишди.

Мактубда муҳожирлар чегаралар ёпиқлиги боис узоқ муддат Омск қонунбузар мигрантларни сақлаш марказида қолиб кетишганини айтиб, уларга марказдан чикиш имкон берилишини сўрашган ва қонунан ишлашларини ваъда қилишган.

"Озгина бўлса ҳам бизга қандайдир эътибор қаратинг", - дея Россия президентидан видеомурожаатда илтимос қилишган тутқун муҳожирлар.

Узоқ қолишга карантин сабабми?

Спецприемник

Сурат манбаси, official

Видеотасвирда кўринган ўнга яқин мигрантлар неча ойдан буён марказда тутиб турилганини айтишган: бирлари 3-4 ойлаб, баъзилари эса олти-етти ойдан буён шу ерда ватанга қайтишни кутишаётганини билдиришган.

Муҳожирлар спецприёмникларда чиндан ҳам карантин туфайли узоқ қолишмоқдами? Пандемия муаммолари ортидан улар эътибордан четда қолиб кетдими?

- Карантин туфайли спецприёмниклардаги мигрантлар эътибордан четда қолишди деб бўлмайди. Билишимча, май ойида марказлардаги 1000 га яқин ўзбекистонликлар чартер рейсларда Ўзбекистонга жўнатилди.

Ҳозирда узоқ муддат ушлаб қолинаётганлар - хужжатларида муаммо бўлган, қалбаки хужжатлар сабабли жиноий ишларга жалб этилганлар, катта жарималарни тўлашлари шарт бўлган мигрантлардир, - дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Масъуллар жавобгарликка тортилган

Тверда қочган мигрантларни қидириш

Сурат манбаси, official

Айни пайтда Тверь вилоятидаги қочоқ мигрантлар иши бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов қўмитаси ходимлари маълум вақт давомида бино ҳудудини масъул шахслар назорат қилмаганлиги ортидан қочиш имкони бўлганини тахминламоқда.

Шаҳар бўйлаб қочан мигрантларни топиш учун тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилаяпти. Крупская номли шаҳарчадан қочоқ мигрантларнинг 2 нафари топилди. Қолган 17 таси ҳамон қидирилмоқда.

Московский туманлараро тергов бўлими спецприёмник раҳбариятидаги бир неча шахсларга нисбатан бепарволик факти бўйича жиноий иш қўзғаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Россиядан хабарларни йўллаш учун BBCUZBEK.COM нинг Москвадаги мухбири телефон рақами: +7 968 577 57 84 Telegram.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 рақами билан боғланинг.