Дайжест. Байден неча йил президент бўлади? Вакциналар рақобати янги урушми? Чекловларсиз 9 май паради - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Jo Bayden

Сурат манбаси, Getty Images

  • Байден илк матбуот анжуманида иккинчи муддат ҳақида сўз очди
  • Макрон вакциналар рақобатини янги урушга қиёслади
  • Москва 9 май ва "Ўлмас полк"ни ковидгача даврдек нишонламоқчи
  • Ўзбекистонликлар Россияда уй ижара олишга нега қийналишади?

Иккинчи муддатга ният бор

AҚШ президенти Жо Байден иш бошлагандан бери биринчи матбуот анжуманини ўтказди ва америкаликларга коронавирусга қарши вакциналаш тезлигини икки баравар оширишни ваъда қилди. Шунингдек, илк марта иккинчи президентлик муддати ҳақида сўз очиб, унга номзодини қўйишини эълон қилди.

Бунгача маъмурият АҚШ Президентининг мамлакат аҳолисини эмлаш режасини амалга оширишга ва америкаликларга молиявий ёрдам кўрсатишга оид қонун лойиҳасининг тафсилотларини ишлаб чиқишга жуда катта эътибор қаратганинини билдириб, унинг чиқишини бир неча маротаба ортга суриб келаётган эди.

Бу чўзилган танаффус Aмерика оммавий ахборот воситаларида турли фикрлар, изоҳларни юзага келтирди. CNN ҳисобига кўра, Байдендан аввалги 15 вакил ўз лавозимига киришганидан 33 кун ўтмай, биринчи матбуот анжуманини ўтказган. 46-Президент эса буни икки ойдан кўпроқ вақт ўтгач, амалга оширди.

Байден ўз чиқишида мамлакат аҳолисини вакциналашга қаратилган ишларга кўпроқ урғу берган.

- 8 декабрда менинг биринчи 100 кунлигига қадар 100 млн эмлашни амалга оширишимизни айтгандим. Биз ўтган хафтада бу натижага эришдик. Бугун иккинчи мақсадни қўйдим. Президентлик постига ўтиришимнинг 100 кунлигига 200 млн эмлашни амалга оширамиз, - деди АҚШ Президенти.

Шунингдек, дунёдаги ҳеч бир мамлакат ҳали бундай натижага эришмаганини таъкидлади.

Вакциналар рақобати - янги урушми?

Fransiya prezidenti

Сурат манбаси, AFP

Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таъкидлашича, Европа ёзга қадар коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик ҳудудга айланади.

"Европа жамоавий иммунитетни таъминлаш учун етарлича дозаларни ишлаб чиқаришга қодир бўлади", деди у Европа Иттифоқи саммитининг биринчи куни якунида.

Макрон вакциналар соҳасидаги рақобатни Россия ва Хитой иштирок этаётган янги турдаги уруш, деб атади.

"Биз Россия ва Хитой томонидан беқарорлаштиришга уринишларни, вакциналар ёрдамида таъсирга эга бўлишни истаётганини кўриб турибмиз, шу сабабли ўз эҳтиёжларимизни қондириш учун етарли миқдордаги вакциналар ишлаб чиқаришимиз зарур", деб қўшимча қилди Франция раҳбари.

Аммо Россиянинг "Спутник V" вакцинаси Европа дори-дармонлар агентлиги томонидан ҳали тасдиқланмаган. Шунга қарамай, уни Европа Иттифоқининг баъзи мамлакатлари сотиб олишга қарор қилди. Бу қадам Словакияда сиёсий инқирозга олиб келди.

9 май паради чекловсиз нишонланади

G'alaba paradi

Сурат манбаси, ZUMA/TASS

Москвада Ғалаба намойиши ковид чекловларисиз ўтиши кутилмоқда.

Расмийлар май ойигача пойтахтдаги оммавий тадбирларга қўйилган чекловларни олиб ташлашни кўзлашмоқда.

Россия ОАВ ларининг маълум қилишича, ҳукумат 9 май куни "Ўлмас полк" намойишини ковидгача бўлган даврдек ўтказишни режалаштирмоқда.

Кремлга яқин манбаларнинг таъкидлашича, якуний қарор эпидемиологик вазиятга қараб қабул қилинади, аммо расмийлар Ғалаба парадини одатдагидек Қизил майдонда кенг ва тантанали нишонлашни режалаштирилган.

"Параднинг шаклии одатдагидек бўлади, аммо томошабинлар сони ҳақида гап кетганда, бу Роспотребнадзор билан ҳамкорликда белгиланадиган нормалар билан боғлиқ бўлади", дея таъкидлаган Дмитрий Песков.

Бундан аввалроқ, карантин чекловларига қарамай, ҳукумат март ойида Қримнинг аннексия қилинган куни муносабати билан Лужникида йирик оммавий тадбир ўтказди. Унда 80 минг ўринли стадион томошабинлар билан лиқ тўла бўлган.

Мулкдор ижарачиларнинг қанчаси миллатчи?

Moskvada ijara

Сурат манбаси, SVETLANA HOLYVCHUK/INTERPRESS/TASS

Москва ва Петербургда ўз уйларини ижарага беришда миллатчилик мазмунида эълон бераётган россияликларнинг ҳисоби "РБК-Недвижимости" таҳлилчилари томонидан ўрганилди.

Ушбу шаҳарларда мулк соҳибларининг 17 фоизи уйини ижарага "фақат славянлар учун" беришни истайди. Уй қанчалик арзон бўлса, ижарага олувчиларнинг миллати учун камситилишга дуч келиши эҳтимоли шунчалик юқори.

Москва ва Петербургда ҳар олтинчи уй соҳиби мулкини фақат славянларга беришга тайёр, дейилади The Meters ижара мулклари ва қидирув тизими тадқиқотида.

Бу борада 2021 йил март ойидаги маълумотларга кўра, 17 фоиз эълонларда ирқчилик ва миллатчилик мазмунидаги талаблар мавжудлиги таъкидланади.

Таҳлиллар Россиядаги энг катта аудиторияли "Яндекс", ЦИАН, "ДомКлик" ва Domofond сайтларида ўтказилган ва улардаги 50 мингга яқин эълонлар ўрганилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek