Дайжест. Россия-Ўзбекистон: ўзбекистонликлар Россияга керакми ё йўқми - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Россиянинг Ўзбекистон билан миграция борасидаги бугунги вазияти парадокс:
- Ишчиларга эҳтиёж катта, бироқ ўзбекистонлик муҳожирларнинг киришига рухсат йўқ;
- Талабалар Россияга ўқишга қайтишмоқда, аммо ўзбекистонликлар киролмайди;
- Патент сотиш икки баробар камайган, мигрантлар депортацияси давом этмоқда;
Бугунги хабарларимиз шу мавзуларда.
Гап чиндан пандемиядами?
Эпидемиологик вазият барқарор мамлакатлардан келаётган талабаларнинг Россияга киришига рухсат берилди, дея маълум қилди Россия Таълим вазирлиги.
Бу борада xавфсиз саналган давлатлар рўйхати ҳам эълон қилинди.
Россияга киритилиши рухсат берилган 25 мамлакат орасида Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Белaрусь каби МДҲ давлатлари бор.
Ўзбекистон ва тожикистонлик талабаларнинг Россияга киришига ҳозирча рухсат берилмаган.
Эпидемиологик вазият барқарор мамлакат ҳисобланиб, талабаларга киришига рухсат берилган Қозоғистонда вирус юқтирилиши ҳолати 283 мингдан, Қирғизистонда эса 87 300 дан ошиқ бўлмоқда.
Россияга талабаларнинг ўқишга кириши тақиқланганича қолаётган Ўзбекистонда вирус юқтирилиши ҳолати 81 400 га, Тожикистонда эса, 13 400 га яқин.
Мигрантлар кам - патент пули ҳам

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Россия ИИВ расмий маълумотига кўра, 2020 йилда мамлакатга кириб келган чет эл фуқаролари сони ўтган йилдагига нисбатан кескин камайган.
Хусусан, 2020 йилда 9,8 млн хорижлик келган. Уларнинг сони 2019 йилда 19,5 млн ни ташкил этганди.
Шунингдек, Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун патент сотилишидан олинадиган даромад ҳам икки баробар қисқарган.
"2020 йилнинг ноябрь ойи ҳолатида РФ ҳудудларидан жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патент асосида тўланадиган солиқлари 43,5 млрд рублни ташкил этган", - дейилади вазирлик хабарномасида.
Россия белгиланган давлатларнинг фуқароларига меҳнат патенти сотишдан 2018 йилда 57 млрд рубль фойда кўрган эди.
Пандемия ортидан юзага келган вазият Россияда меҳнат муҳожирлари сонини камайтирди.
Россияда бўлиб турган мигрантларга ҳужжатларда қисман енгилликлар жорий этилди.
Бунинг ортидан 2020 йилнинг 11 ойи давомида 1 млндан зиёд патент расмийлаштирилди, дея маълумот берган ИИВ.
Таққослаш учун 2019 йилги рақамни олсак, йил давомида 1,7 млн меҳнат муҳожирга ишга рухсат берувчи патент расмийлаштирилган.
Депортациялар кўпайган

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ҳуқуқ ҳимоячилари Москва ва Санкт-Петербург сингари катта шаҳарларда яна ИИВ ходимлари томонидан мигрантларнинг ҳужжатларини текширишга қаратилган махсус рейдлар бошланганини билдиришмоқда.
Карантин боис, бир йилдан буён муҳожирларнинг Россияга киришига чеклов ўрнатилган.
Россия мамлакатда қолаётган мигрантларга енгилликлар яратган ва маълум вақт уларни мамлакатдан чиқариб юборишни бекор қилганди.
Аммо амалда мигрантларни Россиядан депортация қилиш давом этмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Би-би-си Ўзбек хизматига Москва шаҳрининг ўзида 3 ойда 700 дан ошиқ мигрант чиқариб юборилганини билдиришди.
Юристларга кўра, кўплаб муҳожирларга чиқарилган депортация ҳукмлари "асоссиз".
Улар бу борада шикоят қилаётган муҳожирларнинг ҳужжатлари юзасидан маҳкамаларга мурожаат қилиниб, қайта судлов орқали баъзи ҳукмларнинг бекор қилинишига эришилаётганини айтишади.
Бошқаларни ишлатиш жавоби

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ураллик иш берувчилар қўшни давлатлардан ишчиларни киритишни сўраб, яна вазирликка мурожаат билан чиқишган.
Қурилиш ташкилотлари раҳбарлари Россия ҳукуматидан, асосан, ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантларнинг киритилишига рухсат сўрашмоқда.
Вазирлар Кабинети раҳбари Марат Хуснуллин номига йўлланган мактубда қурилиш ташкилотларида ишчи кучига бўлган эҳтиёж ортаётгани, ишчилар танқислиги ортидан белгиланган муддатда топширилиши лозим бўлган иншоотларни битказиш кечиктирилаётгани ва яна қатор бошқа муаммолар баён этилган.
Айни мазмундаги мурожаат ҳукуматга аввалроқ, февраль ойида ҳам келиб тушган ва "МДҲнинг бошқа мамлакатларидан келган мигрантларни ва Россия фуқароларини ишга жалб этиш" тўғрисидаги жавоб мактуби ҳам эълон қилинганди.
Онлайн Наврўз

Сурат манбаси, official
Россиянинг Татаристон, Бошқирдистон каби ҳудудларида ҳар йили анъанавий тарзда Наврўз байрами нишонланади.
Москвада эса, расман 15 йилдан бери расмий даражада нишонлаш одатга айланган.
"Москва Наврўзи", деб номланган тантанада ҳар йили ўнлаб миллат вакиллари иштирокидаги катта сайиллар ва концертлар ташкиллаштирилади.
Бу йил ташкилотчилар пандемия давридаги Наврўзни онлайн ташкиллаштиришга қарор қилишди.
"Москва Наврўзи-2021" "Мир" телеканали ва қатор расмий сайтларда ҳамда ижтимоий тармоқларда жонли эфирга узатилди.
Жонли дастурда бу байрам тарихи ҳақида фильмлар, миллий ўйинлар, урф-одатлар, фольклор гуруҳлар ва муҳожир санъаткорларнинг қўшиқ-рақслари намойиш этилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















