Дайжест. Россия, мигрантлар: Энди патентни Тошкентда олса бўладими? Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Toshkent, O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Россия-Ўзбекистон: Энди патентни Тошкентда олса бўладими? Россияда ўзбекча телеканаллар, бир йилда бир ярим мингдан зиёд тобут. Ўзбекистонда рус тили ўқитувчилари етишмовчилиги борми?

  • "Сахарова" Тошкентда филиал очиш ҳаракатида
  • Россияда ўзбек тилидаги 12 та телеканал иш бошлайди
  • Ўтган йили Россиядан 1629 та ўзбекистонликнинг жасади юборилган.
  • Рус тили ўқитувчиларининг навбатдаги гуруҳи Тошкентга кетди

Миграция марказининг Тошкентдаги филиали

Март ойида Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ҳамда Кўп тармоқли миграция марказларининг ваколатхонаси очилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Россия матбуотига маълум қилган.

"Айни дамда Ўзбекистонда Москва вилояти Сахарово қишлоғида жойлашган "Москва кўпфункцияли миграция маркази"нинг ваколатхонаси ишга тушишга тайёр. У ерда Ўзбекистон фуқаролари Москвада ишлаш учун патент олишлари мумкин" - дейилади РИА Новостига берилган интервьюда.

"Биз марказнинг расмий очилиши учун 16-18 март кунлари Москвадан делегация кутаяпмиз ", — деган Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов.

Расмийга кўра, айни пайтда Россия ИИВнинг паспорт-виза хизмати ходимлари Тошкентда бўлиб, ушбу ваколатхона очилишининг айрим қонуний масалалари ҳал қилинмоқда ва бу ишлар март ойида тугатилиши режаланмоқда.

Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов бунинг учун Россия томони паспорт-виза қонунчилигининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш киритиши кераклигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, айни дамда Россия ИИВ меҳнат мигрантлари фаолиятига доир янги қонун ишлаб чиқаётгани маълум қилинган.

Унга кўра, Россияга меҳнат қилиш учун келаётган фуқаролар дактилоскопия ва тиббий кўрикни Россиянинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ўтишлари мумкин бўлади.

Россиядаги ўзбеклар учун телеканаллар

O'MTRK rasmiy veb sahifasidan

Сурат манбаси, Screenshot

Март ойидан бошлаб Россияда ўзбек тилидаги 12 та телеканал ўз кўрсатувларини бошлайди.

Потенциал жиҳатдан барча ҳудудлардаги аудиториялар сони камида 2.5 миллион томошабинни ташкил қилади, деб хабар беради SPB TV матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, Россиядаги SPB TV Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) билан МДҲ ҳудудида ўзбек тилидаги контентни тарқатиш тўғрисида шартнома имзолаган, эфирга узатиш март ойидан бошланади.

"Имзоланган келишувга мувофиқ, биринчи марта ўзбек тилидаги контент расман Россия ва МДҲ мамлакатларидаги телевизион платформаларга чиқиш ҳуқуқини олади. Потенциал равишда барча тарқатиш ҳудудларидаги томошабинларнинг сони камида 2,5 миллион томошабинни ташкил қилади", - деб ёзади SPB TV матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, телеканалларни ишга тушириш март ойида Россия ва МДҲнинг турли ОТТ телеканалларида амалга оширилади, баъзи провайдерлар билан аллақачон келишувлар мавжуд.

Томошабинлар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 12 та каналидан, шу жумладан, янгиликлар, спорт ва кўнгилочар дастурлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

SPB TV бош директори Кирилл Филиппов ҳозирда Россияда бўлган 2 миллиондан кам бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини асосий аудитория сифатида кўраётганини бидирган.

"Ушбу аудитория ўз она тилидаги контентдан ажралиб турарди. Бизнинг МТРК билан келишувимиз бу муаммони ҳал қилади. Ишонаманки, ўзбек тилидаги юқори сифатли ва хилма-хил таркиб талабга эга бўлади ва пул ишлаш учун янги истиқболларни очади", - Филипповнинг сўзларидан иқтибос келтиради матбуот хизмати.

SPB TV Media (SPB TV гуруҳининг бир қисми) таркибни Россияда, МДҲ мамлакатларида ва чет элларда тарқатади.

Хориждан бир йилда 1629 та тобут юборилган

Rossiya shifoxonalaridan biri

Сурат манбаси, BBCUZBEK

"2020 йилда хорижий юртлардан меҳнат мухожирлигида юриб, вафот этган ватандошларимизнинг 1629 та жасади олиб келинди",- дея маълум қилган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш матбуот хизмати.

Бу рақамларнинг қанчаси Россиядан юборилгани алоҳида очиқланмаган, аммо хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг энг катта қисми Россияга тўғри келишини ҳисобга олсак, бу рақамларнинг энг кўп фоизи айнан шу ҳудудга тегишли экани ойдинлашади.

Хориждан борган жасадлар ўлими сабаби ҳам маълумотномада келтирилмаган. Аммо бу вазирликнинг коронавирусга боғлиқ баёноти бўлганлиги боис, хориждан юборилган марҳумларнинг умумий статистикаси келтирилиши билан чекланган.

"Бу кўрсаткич ҳам Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги ўлимлар статистикасига киради, лекин COVID-19 статистикасига кирмайди" - дейилади баёнотда.

Ўзбекистонга рус тили ўқитувчиси етишмайдими?

Toshkentdagi reklama banneri

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Россия Ўзбекистонга рус тили ўқитувчиларини юборишда давом этмоқда. 2 март куни уларнинг учинчи гуруҳи маҳаллий мактабларда ишлаш учун Ўзбекистонга жўнаб кетди.

Айни дамда, Ўзбекистонга юборилган рус тили фани ўқитувчиларининг умумий сони 100 кишини ташкил қилади.

Россия нашрлари уларнинг Ўзбекистон бўйлаб турли шаҳар ва вилоятлардаги мактабларда, жумладан, ўқитувчилар етишмайдиган мактабларда дарс беришларини ёзишмоқда.

"Класс! Гуманитар лойиҳаси" доирасида Ўзбекистонга борган россиялик ўқитувчилар баъзи мактабларда дарслар учун сценарийлар ва ўқув материалларини ишлаб чиқишаётгани айтилади.

Россиялик мутахассислар Ўзбекистонга кетишдан олдин Россия давлат Педагогика университетида рус тилини чет тили сифатида ўқитиш малакаси, мактабларда ишни ташкил этиш, маданиятлараро ўзаро алоқалар ва бошқа йўналишларда тажриба орттиришган.

Rus tili muallimasi

Сурат манбаси, BBCUZBEK

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek