Дайжест: Байден Путинни айблади, Москва нима қилмоқчи? Ўзбекистонликлар қайтарилади - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ ва Россия орасида танглик кучаймоқдами? Қрим аннексиясига 7 йил тўлди, нима ўзгарди? Россиядан яна ўзбекистонликлар қайтарилмоқчи.
Байденнинг жиддий айблови
АҚШ президенти Жо Байден ABC News телеканали мухбири Жорж Стефанопулоснинг "Путинни қотил деб ўйлайсизми?", - деган саволига "ҳа", деб жавоб бергани бутун дунё ОАВларида иқтибос келтирилмоқда.
Бу шов-шувли баёнотдан кейин Байден Владимир Путин билан муносабатлар ҳақида гапиришда давом этди, аммо бироз бошқача оҳангда.
У AҚШ ва Россия стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги шартномани узайтирганини эслатди.
"Бири бошқасига ҳалақит бермайди ва дунё сиёсатида бизнинг манфаатларимизга мос келадиган соҳалар мавжуд", - деди Жо Байден.
Шу билан бирга, AҚШ президенти Путин қилган ишининг бадалини тўлаши кераклигини таъкидлади, аммо Байден бу қандай баҳода бўлишини айтганича йўқ.
"Мен ҳозир нима қилишимни эълон қилмайман, лекин у буни тез орада тушунади", - деди AҚШ раҳбари.
Эҳтимол, Россияга қарши пайшанба куни кучга кирадиган санкциялар ҳақида сўз бормоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
18 мартдан бошлаб Вашингтон Россия мухолифати етакчиси Aлексей Навальнийни заҳарлашга уриниш, қурол экспорти ва импортига тақиқ жорий этиш ҳамда мудофаа хизматларини кўрсатиш сабабли Россияга экспорт чекловларини кенгайтирмоқда.
Санкциялардан мақсад - Москванинг AҚШ томонидан икки томонлама фойдаланиладиган технологияларга Россия томонидан кимёвий қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган технологиялардан фойдаланишига йўл қўймасликдир.
Москва нима қилмоқчи?
Расмий Кремль AҚШ президентининг Владимир Путинни "қотил", деб билиши ҳақидаги сўзларига ҳали ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Бунга қадар Джо Байден ҳам, унинг сафдошлари ҳам бир неча маротаба шу каби айбловларни илгари суришган, аммо Москва бу вақтга қадар фақат бир марта кечирим талаб қилган. Шунда ҳам сиёсатчидан эмас, журналистдан.
Байденнинг сўзларидан кейин Россиянинг AҚШдаги элчиси маслаҳатлашиш учун Москвага чақирилди.
Элчи Aнатолий Aнтонов 20 март куни маслаҳатлашиш учун Москвага учиб кетади, дея хабар беради элчихона.
Мамлакат ички ишларига аралашишга қарши курашаётган Давлат Думаси депутатлари дипломатга маслаҳат беришга тайёр.
Қрим аннекcиясига 7 йил тўлди

Сурат манбаси, Getty Images
Етти йил муқаддам, 2014 йил 18 мартда Россия президенти Владимир Путин 16 март куни бўлиб ўтган ярим оролнинг мақоми тўғрисидаги референдум натижаларига кўра, Қримнинг Россияга "қўшиб олинганлиги" ҳақида эълон қилди.
Қрим ва Севастополь вакиллари билан Россиянинг ҳудудларига қўшилиш тўғрисида битимни имзолади.
Aксарият мамлакатлар референдум натижаларини ноқонуний ва Украина конституциясига зид, деб ҳисоблашди ва уни тан олишмади.
Ғарб Россияга қарши санкциялар жорий қилди, бунга Москва қарши санкциялар билан жавоб қайтарди.
Қримнинг қўшиб олиниши Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг совуқ урушдан кейинги энг жиддий ёмонлашувига олиб келди.
Пайшанба куни Қримда мазкур кунга бағишланган байрам тадбирлари, концертлар ва автопойгалар бўлиб ўтади.
Бу каби оммавий тадбирлар пандемия билан боғлиқ тақиқларга қарамай бекор қилинмаган.
Россияда ўзбекистонликлар учун поезд

Сурат манбаси, PETER KOVALEV/TASS
"Волжский - Тошкент" ва "Москва - Тошкент" йўналишида навбатдаги махсус поездлар қатнови амалга оширилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.
"COVID-19 коронавирус пандемияси даврида Россия давлатида қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатимизга олиб келиш мақсадида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан навбатдаги махсус поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда", - дейилади хабарда.
Маълумотга кўра, махсус поездлар Москвадан 19 март ва 22 март кунлари йўлга чиқади. Йўловчиларга чипталарни электрон тарзда сотилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















