Дайжест. Путин Байденни обрўсизлантирдими? Россия Twitterга таҳдид қилди - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Putin va Tramp

Сурат манбаси, SPUTNIK/REUTERS

  • Путин Байденни обрўсизлантиришга уринганликда айбланмоқда;
  • Москва "Кўп тармоқли миграция маркази"нинг Ўзбекистонда филиали очилди;
  • Олма отада ҳам карантин чоралари кучайтирилмоқда;
  • Россия Twitterни тақиқламоқчи;

Байденни обрўсизлантириш кампанияси

AҚШ Миллий разведкаси Трампнинг қайта сайланиш имкониятини ошириш учун Россиянинг ўтган йилги сайловларда Жо Байден тўғрисида нотўғри маълумот тарқатишини фош этувчи ҳисоботни эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, Президент Путин Байденни обрўсизлантириш ҳақидаги кампанияни бошлаш бўйича буйруқ берган.

"Россия расмийлари, шунингдек, Кремль манфаатлари йўлида ҳаракат қиладиган учинчи шахслар Aмерика жамоатчилик фикрини ўзгартириш учун мақсадга мувофиқ равишда иш олиб боришган", дейилади ҳужжатда.

Ҳисоботда Эрон ва Хитой ҳақида ҳам сўз боради, аммо бирон бир хорижий давлат овозларни манипуляция қилишга, бюллетенларни сохталаштиришга ёки натижаларни ўзгартиришга уринмаганлиги таъкидланган.

Нур-Султондан Олма отага

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда эпидемия ҳолати ёмонлашгани боис карантин чоралари кучайтирилган эди.

20 мартдан бошлаб Олма ота ва Олма ота вилоятида ҳам қатъий чекловлар ўрнатилади.

Шаҳар бош санитар шифокори Жанбарбек Бекшин имзолаган ҳужжатга кўра, транспорт, савдо марказлари, ноозиқ-овқат дўконлари, жамоатчилик жойлари ва овқатланиш муассасалари кабиларда иш фаолияти тартиби маълум чекловлар асосида юритилади.

Оммавий тадбирлар, театр, кино, цирк, тунги ва ўйин клублари фаолиятига тақиқ қўйилган. Дам олиш кунлари ҳудуд тўлиқ локдаунда бўлади.

Айни пайтда Олма ота эпидемиологик вазият бўйича "қизил", Олма ота вилояти эса "сариқ" ҳолатда.

Бундан аввалроқ Нур-Султонда карантин чекловлари кучайтирилган эди.

Тошкентда Сахаровонинг филиали очилди

Ochilish marosimi

Сурат манбаси, official

Тошкент шаҳрида Москва кўптармоқли миграция маркази ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Россия ва Ўзбекистоннинг миграция масалаларига оид ташкилотларнинг расмийлари иштирок этди. Бу ҳақда Миграция агентлигининг расмий саҳифалари маълум қилди.

Яшнаобод туманида жойлашган бу марказда ўзбекистонликлар Москвада меҳнат патенти олиш учун зарур бўладиган айрим ҳужжатларни расмийлаштиришлари мумкин. Патент олиш ва унинг тўлови Москвадаги марказда амалга оширилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, миграция марказида ўзбекистонликларга бўш иш ўринлари ҳам таклиф этилади, иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг вакиллари билан суҳбатлашиш имконияти мавжуд.

Таъкидланишича, биринчи босқичда Москва ташкилотларида ишлаш учун мутахассислар уюшган ҳолда сараланади, кейинчалик эса фуқаролар мустақил равишдаги миграцияси асосида ишлашлари режалаштирилган.

Роскомнадзорнинг Twitter га талаби

Twitter

Сурат манбаси, KIRILL KUKHMAR/TASS

Роскомнадзор Twitter дан 2017 йилда Михаил Ходорковский томонидан ташкил этилган "МБХ медиа" нашри аккаунтини ўчиришни талаб қилди.

Aввалроқ эса ташкилот хукумат тақиқланган, деб ҳисоблаган таркиблар ўчирилмаса, хизматни тақиқлаш билан таҳдид қилган.

Ижтимоий тармоқ таҳририятга тегишли билдиришномани юборди, деб ёзади "МБХ медиа".

"Twitter га Россия Федерацияси Aлоқа, ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш федерал хизмати (Роскомнадзор) томонидан сизнинг Twitter даги "МБХ медиа" аккаунтидаги таркибингиз Россия Федерацияси қонунларини бузганлиги тўғрисида расмий сўров келиб тушганлиги тўғрисида хабар берамиз", дейилади хабарномада.

Роскомнадзор "МБХ медиа" аккаунтида Россия ҳудудида номақбул, деб топилган "Очиқ Россия" ташкилотининг ахборот материаллари жойлаштирилганини асос қилиб келтирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek