Путин ва Байден жонли эфирда баҳслашадими? Тергов қўмитаси Манижа билан қизиқмоқда - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
- Россия президенти америкалик ҳамкасбига таклиф билан чиқди;
- Тергов қўмитаси нега Манижа билан қизиқиб қолди?;
- Қирғизистонда Наврўз тантаналарига чекловлар жорий қилинди;
- Орол денгизи бўйича Қозоғистонга таклиф;
Дунё эътиборидаги муносабат
Россия президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Жо Байденни 19 ёки 22 март кунлари жонли эфирда очиқ мулоқот ўтказишга таклиф қилди.
AҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан шахсан гаплашишга тайёрми ёки йўқми, деган саволга жавоб бермади.
Байден Оқ уйда коронавирус мавзусида нутқ сўзлади.
Сўзининг охирида журналистлардан бири Путиннинг жонли мулоқот таклифини эслатди ва Байден бунга рози бўладими, деб сўради.
Байден жавоб бермай минбарни тарк этди.
Бир кун олдин AҚШ президенти россиялик ҳамкасби Aмерика сайловларига аралашишга уринишлари учун жавоб бериши кераклигини айтганди.
"У бунинг учун товон тўлайди", деди Байден ABC News телеканалига берган интервьюсида.
Кейин журналист Путинни "қотил" деб биласизми, деб сўради. Байден бироз ўйланиб, ижобий жавоб берган.
Сўнг Владимир Путин бу айбловга АҚШ президентига "соғлик тилаши"ни айтиб, болаликдаги "ким қандай айбласа, ўзи шундай аталади", деган мазмундаги ибора билан жавоб берган. Ва бу ижтимоий тармоқларда ҳазиллар, мутойиба мемлар ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Икки давлат раҳбарлари орасидаги бу таранг вазиятни бутун дунё кузатмоқда.
Байрам оммавий нишонланмайди

Бишкекда карантин чоралари ортидан Наврўз тантаналарига чекловлар жорий этилади, дея хабар берди шаҳар мэрияси.
"Бишкек давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг маълумотларига кўра, январдан 18 мартгача шаҳарда коронавирус ва пневмония билан касалланганлар сони 2551 тани ташкил этган", дейилади хабарномада.
Европа мамлакатларида CОВИД-19 янги штаммларини аниқлаш ва беқарор эпидемиологик вазиятни, қўшни мамлакатларда карантин чораларини кучайтириш фактларини ҳисобга олган ҳолда ва касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, шаҳар фавқулодда эпидемияга қарши кураш комиссияси Бишкекда Наврўз байрамига бағишланган оммавий тадбирларни ўтказишдан воз кечишга қарор қилди.
Мэрия маълумотларига кўра, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси болалар ўртасида юқумли касалликлар аломатлари билан шикоятлар сони бир ярим баравар кўпайганлигини қайд этди.
Шу муносабат билан вирус xавфини олдини олиш мақсадида оммавий тадбирлар бекор қилинган.
Оролни биргаликда яшнатиш таклифи

Ўзбекистон Қозоғистонга Орол денгизини ободонлаштириш ва экологик муҳитни тиклаш билан биргаликда шуғулланишни таклиф қилди, деб хабар беради Қозоғистоннинг "Хабар 24" нашри.
Ушбу ташаббус қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Зиновий Новицкий томонидан илгари сурилган.
"Биз бу ишга қўшниларимиз ҳам қўшилишини истардик. Мен Қозоғистон ўрмончиларини назарда тутяпман. Мен дренажланган тубни ўзлаштириш учун Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ягона тизимини ишлаб чиқишни таклиф қиламан, бу ерда қуйи қатламларнинг турлари киритилади. Биз бу муаммони Ўзбекистонда ҳал қилмоқдамиз, аммо Қозоғистондан шамол эсмоқда. Ва шунинг учун улар ўз томонларидан, биз эса ўзимиздан ҳаракат қилсак, 5-7 йилдан кейин чегарада учрашамиз", деди олим.
Орол денгизининг фақат ғарбий қирғоғи Ўзбекистон ҳудудида сақланиб қолган. Ҳар йили у 60 сантиметрга камаймоқда. Экологик фалокат туфайли маҳаллий ўсимлик ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиш арафасида. Бир неча йиллардан буён маҳаллий аҳоли кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Манижанинг қўшиғи экстремизмда айбланди

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Манижанинг қўшиғида қонун бузилишини топмади.
Россия жамоат арбоблари асли тожикистонлик хонанда Манижанинг Евровидение танловига тақдим этган "Рус аёли" қўшиғи устидан шикоят қилишди, хонандага нисбатан жиноий иш қўзғатишни ва унинг видеоларини блоклашни сўрашди.
Россиядаги "Ветеранские Вести" автоном нодавлат ташкилоти Манижага экстремизм учун иш қўзғатиш ва унинг ижро видеосини тарқатишни тўхтатиш илтимоси билан Тергов қўмитаси раҳбари Aлександр Бастрикинга мурожаат қилган.
Шикоятчилар хонанданинг саҳнадаги чиқишлари "рус аёлларининг инсоний қадр-қимматини ҳақорат қилиш ва камситишга қаратилган", деб ҳисоблашди.
Россия Тергов қўмитаси Манижининг қўшиғи устидан шикоят қилган жамоат арбобларининг мурожаатини кўриб чиқиб, қўшиқда қонун бузилиши йўқ, деб топди ва бу ҳақда Россия ОАВ ларига маълум қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















