Ўзбекистон: Ис гази қурбонлари сони ортмоқда, ўзбек-қозоқ чегарасидан киритилмаган журналист - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Печка

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Совуқ кунлар бошланиши билан қўлбола иситкичлар билан уйларни иситиш кўпаяди.

Ўзбекистонда кунлар совуди, одамлар уйларини иситиш ҳақида кўпроқ бош қотира бошладилар.

Ҳаво совуши билан Ўзбекистонда яна инсонлар ўлими билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда.

Жамоатчилик аҳоли орасида иситкичлар, газ, кўмир ва ёнғин хавфсизлигига доир огоҳликни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.

"Дарё" веб-сайти тарқатган сўнгги хабар ҳам бутун бошли бир оила фожиаси ҳақида бўлди.

"Дарё" сайтининг ёзишича, шу йил 22 октябрда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида ис газидан заҳарлангани оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси - эр, хотин, уларнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди вафот этганини Бош Прокуратура Ахборот хизмати тасдиқлаган.

Оиланинг печкаси табиий газ тармоғига улангани, печнинг тутун чиқарадиган мўриси тўлиб қолгани аниқлангани айтилмоқда.

Бундан олдин Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 10 кун ичида вилоятда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ тўрт ҳодиса рўй бергани, оқибатда саккиз инсон ҳаётдан кўз юмгани, уларнинг беш нафари вояга етмаган болалар бўлгани, беш одам оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилганди.

Афсуски, Ўзбекистонда ҳар куз-қиш ойлари қўлбола печкалардан фойдаланиш, уйни иситиш учун электр тармоғига ноқонуний уланиш, кўмир ва газдан чиқадиган ис газлари, бошқа техника хавфсизлиги талабларига риоя қилмаслик оқибатида инсонлар ҳаётдан кўз юмиши ҳолатлари кўпаяди.

Бунда электр тизимига ва газ тармоғига босимлар ортиши, жойларда электр узатиш тизими эскиргани ҳам сабаб бўлаётгани айтилади.

Охирги йилларда аҳолини қишда иситиш вазиятини яхшилиш чоралари кучайтирилгани, одамларни кўмир каби ёқилғи билан таъминлаш ишлари яхшилангани билдирилади.

Аммо ис гази таҳдиди совуқ кунлардаги асосий муаммолардан бўлиб қолмоқда.

Агнешка Пикулицка

Сурат манбаси, TWITTER/AGNIESZKAPIKULICKA

Польшалик журналист Ўзбекистонга киритилмади

Польшалик журналист Агнешка Пикулицка ўзининг Ўзбекистонга кириши тақиқлангани ва 7 ноябрдан буён Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида қолаётгани ҳақида Twitter`даги саҳифасида хабар берди.

У ўзининг Ўзбекистонга киритилмагани сабабини журналистик фаолияти билан боғламоқда.

Агнешка Пикулицканинг оммавий ахборот воситаларига хабар қилишича, ҳар ой Ўзбекистондан чиқиб кетиш талабини бажариш учун Қозоғистонга борган, чунки у Ўзбекистонда 30 кун визасиз бўлиши мумкин. У чегарани кесиб ўтган ва дарҳол Ўзбекистонга қайтиб кирмоқчи бўлган. Бироқ чегарачилар унга рухсат беришмаган.

Журналистнинг сўзларига кўра, у аввал ҳам худди шундай қилган.

"Ўзгаришлар бўлиши мумкин деган умидда Ўзбекистонга келганимга уч йилдан ошди. Ҳозирги ҳукумат даврида ҳеч қандай тизимли ўзгаришлар бўлмайди, деган ишонч билан кетяпман", - деб ёзганАгнешка Пикулицка Twitter саҳифасида.

The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка шу йил бошида аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан рад жавоби олганини маълум қилганди.

Унинг даъволари кенг жамоатчилик эътиборини тортиши ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Пикулицкани Al Jazeera мухбири ўлароқ аккредитациядан ўтказган эди.

Шу йил июнь ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Агнешка Пикулицканинг аккредитациясини узайтирилмаслика қарор қилгани хабар қилинганди.

Агнешка Пикулицка Ўзбекистон ТИВдан ўз номига келган расмий хатни ижтимоий тармоқда ҳам эълон қилган.

ТИВ расмий баёнотида журналист томонидан мамлакат қонунчилигининг "бузилиши ҳолатлари қайд этилгани" бундай қарор олишга сабаб бўлгани таъкидланган.

Самолёт йўқ, чипта бор

IFly авиа ширкати самолёти

Сурат манбаси, Jetphotos.net

8 ноябрь куни Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларига учиш мақсадида "Навоий" халқаро аэропортига келган 200 нафар чиптали йўловчи ўзларининг рейслари жадвалда йўқлигини билиб қолишади.

Улар Россиянинг IFly авиаширкати рейсларига авиачипталарни Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларида жойлашган "Восток Бухоро" ширкатининг турли филиалларидан харид қилганлар.

"Навоий" аэропорти ходимлари "Восток Бухоро" ширкати билан боғланиб, йўловчиларга зарур маълумотни бериш ва юзага келган вазиятни ҳал қилишни талаб қилганлар.

Йўловчилар билан учрашган "Восток Бухоро" ширкати вакиллари билет пулларини қайтаришга ваъда берганлар.

Бундан олдин - 3 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига учиш учун Тошкент аэропортига келган 200 нафарча чиптали йўловчи ўзлари парвоз қилишлари лозим бўлган рейснинг жадвалга қўйилмаганидан хабардор бўлишганди.

Йўловчилар бир муддат кутганларидан кейин бошқа махсус учоқда Истанбулга учиб кетишга муваффақ бўлишган.

4 ноябрь куни Урганч аэропортида ҳам 300 га яқин йўловчи сарсон бўлганди.

"Ўзавиация" агентлиги Россиянинг IFly авиакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйганини хабар қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek