Ўзбекистон: Чангли бўронда қанча одамнинг нафаси қисилди, Навоийда ўзгариш ва туман ҳокими маошини етим болаларга ҳадя қилмоқчи – янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Муборак тумани ҳокими ойлик маошини етим болаларга бермоқчи;
- ССВ чангли бўронда қанча инсоннинг нафаси бўғилганини маълум қилди;
- Наманганда рухсатсиз диний таълим бериб келган ота-бола устидан суд бўлди;
- Кореяда ишлашнинг янги талаблари эълон қилинди;
- Бензин импорти қарийб икки баробарга ошгани хабар қилинди;
- Ўзбекистонга Буюк Британия билан савдода енгилликка эга бўлди
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Таълим ва тиббиёт учун 70 триллион сўм, UzAuto машиналари асосан қаерда сотилмоқда ва "Жиҳодчилар" орасида имом ноиби йўқ(ми?)
- Ўзбекистон: Президент ўз байроғига эга бўлади, Путин нега шошилинч табрик йўллади ва АҚШ президент сайлови ҳақида нима деди?
- Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини қачон тан олади? Қашқадарёда товламачи мухбир қўлга олинди ва ўзбек депутати ЕОИИ билан ҳамкорликни ёқлаб чиқди
Ҳадя қилинган маошлар

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Навоий вилояти ҳокими ҳокимликдан кетган.
Gazeta.uz нинг ёзишича, Қобул Турсунов соғлиги даволаниш талаб этганлиги сабабли, ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилган.
У вилоятни сўнгги беш йил давомида бошқариб келган.
Шу йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёевдан ҳайфсан олгани ҳам хабар берилган.
Навоий Ўзбекистон президенти сўнгги уч ой ичида энг кўп - икки бор бўлиб қайтган вилоятлардан бири бўлади.
Шавкат Мирзиёевнинг октябрь ойидаги сўнгги ташрифи сайловолди тарғибот кампанияси доирасида амалга ошганди.
Нашрнинг ёзишича, унинг ўрнига Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган Нормат Турсунов муваққат ҳоким этиб тайинланган.
Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокими эса, ўзи дохил сектор раҳбарларининг бир ойлик маошини етим болаларга бермоқчилигини маълум қилган.
Бу ҳақида Daryo.uz хабар бермоқда.
Туман ҳокими Акром Арипов бўлиб ўтган матбуот анжуманида ойлик маошларни 7 нафар етим болаларга ҳадя қилиш ниятида экани ҳақида гапирган.
Шунингдек, у бундан аввал ушбу болаларга бепул уйлар топширилганини айтган.
Бир вақтнинг ўзида ҳоким ўзи ва сектор раҳбарларининг ойлик маоши миқдорини ошкор этмаган.
Назардан қочирманг:Ўзбекистонда ҳокимлар сайланиши мумкин
Кореяда ишлаш талаблари

Сурат манбаси, official
Корея Ўзбекистон қаторида бошқа давлатлардан E-9 ишчи визаси билан меҳнат мигрантларини қабул қилиш жараёнини қайта тиклаган.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ноябрь ойи охиридан тикланажак жараён даврида киритилаётган янги талаблар ҳақида хабар қилган.
Агентликнинг маълум қилишича, Кореяда ишлашни режалаган Ўзбекистон фуқаролари у ерга боришдан аввал мазкур мамлакатда тан олинган вакциналардан бири билан камида 14 кун олдин тўлиқ эмланган бўлиши лозим.
Шунингдек, Кореяга кириб боришдан аввал мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тан олинган лабораториялардан бирида 72 соат ичида ПЗР тест топшириш ва тест натижаси манфий бўлиши талаб этилади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Кореяга борган меҳнат мигрантлари, аввалгидек, 14 эмас, балки 10 кунлик карантин даврини ўташи лозимлигини ҳам қўшимча қилган.
Икки баробарга ошган импорт
Ўзбекистонга йилнинг ўтган 9 ойи давомида қиймати $104 миллионга тенг 289 миллион литр бензин импорт қилинган.
Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, бу миқдор ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли каррасига кўпроқ.

Сурат манбаси, AFP/GETTYIMAGES
2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатга бу йилдагидан 137 миллион литрга кам бензин олиб келинган.
Ўзбекистонга бензин сотаётган давлатлар рўйхатида Россия (140,5 миллион литр) ва Туркманистон (126,8 миллион литр) пешқадамлик қилган.
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Жаримага тортилган Санжай, танқидга учраган тил челленжи ва никоҳ қураётган энг кўп қариндошлар қайси вилоятда?
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
"Меҳрибонлик"даги ноқонуний диний таълим
Наманган шаҳрида 10 зиёд вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бериб келган ота-бола устидан сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган.
Олий суднинг маълум қилишича, шаҳарнинг "Меҳрибонлик" МФЙ ҳудудида ўтган суд давомида сентябрь ойига қадар болаларга тегишли рухсатномасиз диний таълим бериб келгани аниқланган ота-бола қилган ишидан пушаймонлик билдириб, суддан енгиллик берилишини сўраган.
"Жиноят ишлар бўйича Наманган шаҳар суди раиси Бахтиёр Таваккалов ишни атрофлича кўриб чиқиб, ота-болага тегишли тартибда жарима жазоси тайинлади", дейилади расмий хабарда.
Чангда қисилган нафаслар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистон чанг-қумли бўрон фонида 5 ноябрдан 6 ноябрь куни соат 6.00 га қадар 349 инсон нафас қисилишидан шикоят қилиб, тез тиббий ёрдам мурожаат қилган.
ССВ бу вақт давомида аллергик реакциялар билан 25, бронхиал астма хуружи билан 48 инсон мурожаат қилиб, 8 инсон шифохонага ётқизилганини маълум қилган.
Мамлакатнинг айрим ҳудудларида, пойтахт Тошкент дохил, 4-5 ноябрь кунлари аномал чанг-қумли бўрон кузатилган эди.
Шу куннинг айрим вақтларида атмосферадаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробарга ошиб кетган.
Ўзгидрометнинг хабар қилишича, 7 ноябрь куни соат 11.00 да ўтказилган мониторинг натижалари Тошкент шаҳрида ҳавонинг чанг билан ифлосланганлик даражаси рухсат этилган максимал концентрациядан 3,3 баробарга ортиқлигини кўрсатган.
Бенефициар мамлакат мақоми
Буюк Британия Ўзбекистонга Умумий имтиёзлар тизими (UK GSP Enhanced Framework) бўйича бенефициар мамлакат мақомини берган.
Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги маълум қилмоқда.
Агентликнинг ёзишича, Буюк Британия халқаро савдо вазири ўринбосари Жерри Гримстоун Ўзбекистон элчиси Саид Рустамов билан учрашув чоғида мамлакат ушбу тизимнинг кенгайтирилган режимига киритилганини билдирган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонга Буюк Британия билан савдода бенефициар мамлакат мақоми берилиши кенг турдаги ўзбек маҳсулотларининг Британия бозорига киришини осонлаштиради ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини оширади.
"Ўзбекистон Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиққанидан сўнг ушбу тизимга киритилган биринчи давлат бўлгани қайд этилди", дейилади "Дунё" АА хабарида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















