Ўзбекистонда ҳокимлар сайланиши мумкин

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан қилган нутқида Ўзбекистонда ҳокимларни сайлаш масаласини муҳокама қилиш лозимлигини урғулаган.

Мирзиёев давлат бошқарув органларини тубдан ислоҳ қилишга ишора берган. У амалдорлар туманларни оралаб, халққа ҳисобот бериши кераклигини таъкидлаган.

Конституция қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган тантаналарда президент Шавкат Мирзиеёв давлат бошқаруви бўйича ўзининг қарашларини баён қилган.

Нутқдан маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг иккинчи президенти давлат бошқарув органларини тубдан ислоҳ қилишни мақсад қилган кўринади.

"Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Айни дамда ҳокимларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш республика президентининг ваколатига киради.

Мирзиёев Олий мажлис депутатлари, сенатор, ҳоким, ички ишлар органлари раҳбарлари ва прокурорлар жадвал бўйича туманларда бўлиб жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва халққа ҳисобот бериш таклифини ҳам ўртага ташлаган. Ушбу жараён 2017 йилдан бошланиши мумкин.

Давлат хизмати тўғрисида қонун қабул қилинади

Шавкат Мирзиёев давлат бошқарув тизини такомиллаштириш зарурияти ҳақида таъкидлаб ўтган.

Президентнинг маълум қилишича, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий бошқарув соҳасини ислоҳ қилиш концепцияси қабул қилиш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа бўйича, ҳокимият қурилмаларининг функцияси ва давлат идораларининг ваколатларини оптималлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга ошириш кўзланган.

У амалга ошса давлат идоралари ходимларининг сони қисқариши ва иқтисодни бошқаришда давлат ролини кескин тушиши мумкин.

"Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси ижро аппарати фаолиятини такомиллаштиришга, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар самарали амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз", - деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг иккинчи президенти яқин орада "Давлат хизмати тўғрисида" қонун ишлаб чиқаришини маълум қилган.

Президентга кўра, ушбу қонун давлат хизматчиларининг ҳуқуқини ҳимоя қилади. Уларнинг моддий ва ижтимоий таъминоти яхшиланади ва бу соҳага ташаббускор, масъулиятли кадрларни жалб қилиш йўлга қўйилади.

Мирзиёев қонун ишламаганини таъкидлади

Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг Бош вазир виртуал қабулхонасини очиб муаммоларни ҳал қилишга бел боғлаган Шавкат Мирзиёев жойларда "Халқ қабулхоналари" очиш таклифини берган.

У виртуал қабулхонага икки ойдан ошиқ вақт давомида 200 мингдан ортиқ шикоят келиб тушганини айтган. Президентга кўра, ушбу мурожаатлар ҳукуматдагиларнинг "кўзини очган".

"Аввало, улар турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқда", - деган Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёевга кўра, Бош вазир виртуал қабулхонасидан сўралаётган масалаларни жойлардаги ҳокимлар ва тегишли идоралар ўз вақтида ҳал этиши керак эди.

"Ҳолбуки, бу масалада алоҳида қонун, яъни, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинган. Лекин, минг афсуски, бу қонуннинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган", - деган Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев қонунни назорат қилишга ким масъул бўлгани ва нима сабабдан ижроси таъминланмагани борасида ҳеч нарса демаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.