Ўзбекистон: Президент ўз байроғига эга бўлади, Путин нега шошилинч табрик йўллади ва АҚШ президент сайлови ҳақида нима деди? - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, BBC O'zbek
- АҚШ: Сайлов осуда ўтди, аммо…
- Мирзиёев қолган номзодлар ҳақида нима деди?
- Президент ўз белгиси ва байроғига эга бўлади;
- Путин Мирзиёевни нега шошилинч табриклади?
"ЕХҲТ хулосасига қўшиламиз"
АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайловига ўз муносабатини билдирган.
Муносабатда Қўшма Штатлар Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) кузатув миссиясининг сайлов осуда ўтгани ва сайловчиларнинг юқори фаоллиги борасидаги хулосасига ҳамфикр экани билдирилган.
"…бироқ ЕХҲТ миссиясининг сайлов ҳаддан зиёд чекланган сиёсий муҳитда ўтгани ва муҳим сайлов кафолатлари инобатга олинмагани тўғрисидаги хавотирларини эътироф этамиз", дейилади АҚШ баёнотида.
Давлат Департаменти, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукуматини ЕХҲТнинг сайловлар ҳамда фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларни таъминлашга доир тавсияларини амалга оширишга чақирган.
"Сайлов кучли рақобат руҳида ўтди"

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
"Адолат»" СДПдан президент сайловида иштирок этган Баҳром Абдуҳалимов сайлов "тенглик, очиқлик ва ошкоралик, кўппартиявийлик, муқобиллик, кучли рақобат руҳида кечгани"ни билдирган.
25 октябрь куни ўтган брифингда Абдуҳалимов фуқароларнинг муҳим сиёсий жараёнга бефарқ бўлмагани, сайловолди учрашувларида очиқ-ошкора масалалар муҳокама қилинганини тилга олган.
Шунингдек, у Марказий сайлов комиссияси сайловолди кампанияси мобайнида барча номзодларга ўз сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун тенг шароитлар яратиб берганини эътироф этган.
"Адолат" номзоди 24 октябрда бўлиб ўтган президент сайлови натижаларига кўра, 3,4 фоиз овоз тўплаб, номзодлар орасида энг охирги ўрин олган эди.
Бир вақтнинг ўзида ХДП номзоди Мақсуда Ворисова "сайлов натижаларини тўла-тўкис тан олиши"ни билдириб, Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклаган.
"Миллий тикланиш" партияси номзоди Алишер Қодиров ҳам ўзи ва партия номидан Мирзиёевни самимий табриклаб, "қўлни қўлга бериб, биргаликда фаолият юритиш лозим"лигини таъкидлаган.
25 октябрь куни ғалаба нутқини ирод қилган Шавкат Мирзиёев қолган номзодлар ҳақида фикр билдириб, уларнинг ҳам нияти мамлакатни ривожлантириш экани ҳақида сўзлаган.
"Шунинг учун уларнинг дастуридаги халқимизга маъқул таклифларни, албатта, инобатга оламиз. Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак", деган қайта сайланган президент.
Президент белгиси ва байроғи

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Эндиликда, Ўзбекистон президенти ўз белгиси ва штандарти (байроғи)га эга бўлади.
Адлия вазирлиги 25 октябрь куни "Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга қўшимча киритилганини маълум қилган.
Расмий хабарда президент белгиси ва штандарти тавсифи, улардан фойдаланиш тартиби президент томонидан белгиланиши билдирилган.
Тез тарқалган яхши хабар

Сурат манбаси, Makon Media
Марказий Сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакатда сайлов натижалари ҳали расман эълон қилинишидан икки соат аввал Мирзиёевни ғалаба билан табриклаганига муносабат билдирган.
"Биз — Марказий сайлов комиссияси ҳам ҳайрон қолдик бу хабарлар ҳали натижалар эълон қилинмасдан берилишига. Лекин мен ўйлайманки биз бу саволни ўша мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларига беришимиз тўғри бўлади", деган Қудратхўжа "Макон медиа"га.
"Биласизми, яхши хабар тез тарқалади", қўшимча қилган МСК аъзоси.
Ўзбекистонда сайлов натижалари расман эълон қилингунга қадар, Беларус ва Қозоғистон президентлари ҳам Шавкат Мирзиёевни ишончли ғалаба билан қутлаган эди.
Бу ҳолат матбуотда ўз аксини топиши ортидан тармоқ фойдаланувчилари "шошилинч табриклар"ни қизғин муҳокама қилишга киришиб кетган.
Шунингдек, 25 октябрь куни эрталаб EuroNews телеканали Мирзиёев сайловда ғолиб чиққани ҳақидаги лавҳани эфирга узатган.
Ушбу хабарни рад этиб чиққан МСК натижалар расман эълон қилинмасдан аввал ёйинланган бундай маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган.
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Жаримага тортилган Санжай, танқидга учраган тил челленжи ва никоҳ қураётган энг кўп қариндошлар қайси вилоятда?
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















