Ўзбекистон: Таълим ва тиббиёт учун 70 триллион сўм, UzAuto машиналари асосан қаерда сотилмоқда ва “Жиҳодчилар” орасида имом ноиби йўқ(ми?) Янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
- Мусулмонлар идораси "Жиҳодчилар" гуруҳи ушлангани тўғрисидаги хабарга раддия билан чиқди;
- Таълим ва тиббиёт учун 2022 йилда 70 триллион сўм ажратилади;
- Маданий меросга зарар етказганларга жазо кучайтирилади;
- 15 йил халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик қўлга олинди;
- Ўзбек автомашиналари асосан қаерга экспорт қилингани маълум этилди;
"Жиҳодчилар орасида имом ноиби йўқ"
Мусулмонлар идораси Қашқадарёда масжид имом ноиби дохил "Жиҳодчилар" оқими гуруҳи қўлга олинганига оид хабарга нисбатан раддия берган.
31 октябрь куни ЎзА Деҳқонобод туманида ДХХ ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари бир гуруҳ "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқими тарафдорларини қўлга олганини хабар қилган эди.
Хабарда гуруҳнинг 12 нафар аъзоси орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги ҳақида сўз боради.
Мусулмонлар идораси ўрганишлар натижасида хабарда тилга олинган масжид имом ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлганини билдирган.
Идора имом ноиблар ва диний соҳа вакиллари "бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида фаол иштирок этаётгани"ни таъкидлаган.
"Ўз навбатида, ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши, шунингдек, Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланганини алоҳида таъкидлаймиз", дейилади Мусулмонлар идораси баёнотида.
- Дайжест. Қиш яқин: газ можароси бошланаяптими? Россия ва Молдова мунозараси, Ўзбекистон ва НАТО музокараси, коронавирус антирекорди ва талаба қиз муҳокамаси
- Ўзбекистон: Президент ўз байроғига эга бўлади, Путин нега шошилинч табрик йўллади ва АҚШ президент сайлови ҳақида нима деди?
- Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини қачон тан олади? Қашқадарёда товламачи мухбир қўлга олинди ва ўзбек депутати ЕОИИ билан ҳамкорликни ёқлаб чиқди
- Ўзбекистон: Мамлакатдан чиқарилмаган Жаҳонгир Отажонов, 18 йилда прописка олган Мирзиёев ва қандай жарималар кескин камайтирилмоқда?
Инсон қадри учун 70 триллион сўм

Сурат манбаси, official
2022 йилда таълим ва тиббиёт тизимига давлат бюджетидан 70 триллион сўм ажратилади.
1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев келгуси йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда чекка жойларда 1,600 та болалар боғчаси ташкил этиш, 40 та янги мактаб қуриш ва 235 та мактабни таъмирлаш борасида сўз борган.
Шунингдек, 80 мингдан зиёд талабалар ижара харажатининг бир қисмини қоплаб бериш режаси ҳам маълум қилинган.
Бундан ташқари тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда.
Президент муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қўшимча маблағ йўналтиришни таклиф қилган.
Маданий мерос ва кучайтирилаётган жазо

Сурат манбаси, Meros.uz
Ўзбекистонда моддий маданий мерос обидаларига зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Миллий тикланиш" ДП фракцияси йиғилишида ана шундай мақсад кўзланган қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, маъқулланган.
Қонун лойиҳасига кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Хусусан, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, бир йил давомида такрор содир этилса, етти бараваригача миқдорда жарима солиниши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Расмий хабарда биргина Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида унинг бадиий безаклари, нақш, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 миллиард сўмлик зарар етказилгани таъкидланган.
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Жаримага тортилган Санжай, танқидга учраган тил челленжи ва никоҳ қураётган энг кўп қариндошлар қайси вилоятда?
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
Асосий экспорт - Қозоғистонга

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ўтган 9 ойда хорижга 25,171 та енгил автомобиль экспорт қилган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, автомобилларнинг асосий қисми ёки 24,137 таси Қозоғистонга экспорт қилинган.
Хорижда сотилган автомашиналарнинг умумий қиймати $242,5 миллионни ташкил қилган.
Йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мамлакатга хорижий давлатлардан 18,150 та енгил автомашина импорт қилинган.
15 йиллик халқаро қидирув

Сурат манбаси, official
2006 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олинган.
ИИВнинг хабар қилишича, терроризм, қўпорувчилик каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган шахс Интерполнинг Ўзбекистон ва БААдаги миллий марказий бюроси ҳамкорлигида ушланган.
Маълум қилинишича, 1972 йилда туғилган мазкур шахс 2006 йилдан буён АҚШда яшириниб юрган.
Ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилаётгани хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















