Дайжест. Қиш яқин: газ можароси бошланаяптими? Россия ва Молдова мунозараси, Ўзбекистон ва НАТО музокараси, коронавирус антирекорди ва талаба қиз муҳокамаси - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Газ плитаси

Сурат манбаси, Reuters

Иситиш мавсуми олдидан фавқулодда ҳолат: Молдова Россия газидан воз кечиши мумкинми?

Молдова қиш арафасида Россия газсиз қолиши мумкин: Россиянинг "Газпром" компанияси Кишинёв агар мамлакат қарзларини тўламаса ва 1 декабрдан янги шартнома имзоламаса, газ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. Таҳлилчиларнинг фикрича, мамлакатда газ истеъмолининг қарийб 60 фоизи турар-жой секторига тўғри келади. Мамлакат расмийлари тарихда биринчи марта газни Россиядан ташқаридан сотиб олишга қарор қилди ва Полшалик етказиб берувчи билан синов шартномасини имзолади.

Октябр ойида Молдова Газпромдан кичикроқ ҳажмдаги газни бозор нархида 1000 куб метр учун тахминан 790 долларга олди. Кишинёвга бу нарх ёқмаяпти - ўтган йили мамлакат газни беш баробар арзонга сотиб олган. Бироқ кузда Европада газ нархи рекорд даражага етди, ҳар минг куб метр учун 1000 доллардан ошди, бу Молдова шартномаларига ҳам таъсир кўрсатди.

Россия газ етказиб бериш тақчиллиги ва кейинги шартномалар ноаниқлиги сабабли Молдова ҳукумати 22 октябрдан бошлаб 30 кунлик фавқулодда ҳолат жорий қилди. Газ инқирози туфайли улар ҳатто Кишинёвдаги Ҳарбий шон-шуҳрат ёдгорлигидаги «Мангу олов»га газ таъминотини ҳам тўхтатиб қўйишди, дея хабар беради мамлакат Мудофаа вазирлиги.

Бу вазиятдан аҳоли ҳам жабр кўриши мумкин, дея огоҳлантирмоқда мутахассислар.

- "Молдовада газ истеъмолининг 60% дан ортиғи турар-жой секторига тўғри келади. Шунинг учун иситиш мавсумида газ таъминотининг тўхтатилиши турар-жой биноларида иссиқлик таъминоти билан боғлиқ катта муаммоларни англатади", - дейди Молдова Энергетика ва молия институти президенти Марсел Салихов. - Молдовагаз уй-жой секторида 732 мингга яқин истеъмолчига эга, яъни Молдовадаги уй хўжаликларининг қарийб 81 фоизи газга уланган ва газ таъминотига боғлиқ ".

Шу воқеалар манзарасида Молдовага 1 миллион куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича тендерда Нидерландиянинг Vitol компанияси ғолиб чиқди. Бу ҳақда Молдова давлат мулки агентлигининг Фейсбукида хабар берилди.

Уларнинг аниқлик киритишича, газ Молдовага бугун етказилади. Тендер Молдованинг " Energocom" давлат компанияси томонидан ўтказилган.

Молдова инфратузилма ва минтақавий ривожланиш вазири Андрей Спину тендер арафасида мамлакат Полшанинг PGNiG компанияси билан бир хил ҳажмдаги синов етказиб бериш бўйича келишиб олганини айтди. Бу Молдованинг Россия ташқарисидан газни биринчи хариди эди.

Кишинёв Россиянинг "Газпром" компанияси билан таъминот бўйича келишувлар йўқлиги ортидан янги шартномалар имзолади. Спинунинг аниқлик киритишича, улар билан ҳам музокаралар давом этмоқда.

«Тинчлик йўлида ҳамкорлик»

Брюсселда Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ахборот агентликлари Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси раҳбари, элчи Дилёр Ҳакимов Шимолий Атлантика альянси Бош котибининг сиёсий ва хавфсизлик масалалари бўйича янги тайинланган ўринбосари, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакил Хавьер Коломин билан учрашгани тўғрисида хабар беришди.

Маълумотларга кўра, учрашув чоғида Ўзбекистон Альянсни замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб билиши ва томонлар учун манфаатли бўлган масалаларнинг бутун кўлами бўйича алоқаларни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланган ҳамда қўшма саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги мулоқот ҳар икки томон манфаатлари йўлида ривожланишда давом этиши қайд этилган.

Шунингдек, ҳарбий қурилиш соҳасидаги туб ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Қуролли кучларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар айтиб ўтилган.

Учрашувда Альянснинг "Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик" дастури доирасида Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, деб ёзади маҳаллий нашрлар.

Талаба қиз атрофидаги вазият

Талаба қиз

Сурат манбаси, SSV

"Жабрланувчи қизнинг саломатлиги ССВ назоратида", - дея расмий хабар билан чиқди Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги.

- Ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олаётган талаба-қизни зўрлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар юзасидан хабарлар тарқалди. Шунингдек, мазкур нохуш воқеа давомида қиз бинонинг 2-қавати ойнасидан пастга итариб юборилгани айтиляпти, - деб ёзилади вазирликнинг Телеграмдаги расмий каналида.

Хабарга кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган. Унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти ва муолажа жараёнлари давом этмоқда.

«Бемор М. К. жорий йилнинг 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

Бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида унда қатор терапия амалиётлари бажарилган.

Шунингдек, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун давомида динамикада УЗИ қилинган. Қон таҳлиллари текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган.

Ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда» - дейилади вазирлик баёнотида.

Янги антирекорд

Россияда вакцина олаётган мигрантлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Россияда сўнгги бир кеча-кундузда Covid-19 ташхиси билан 1123 бемор ҳаётдан кўз юмган.

Бу 1106 нафар ўлим ҳоллари қайд этилган кўрсатгичдан кейинги энг юқори даражадир.

Россияда кунига мингдан ортиқ ўлим ҳоллари тўққизинчи кундирки, қайд этилиши давом этмоқда.

Касаллик юқтирилишининг кунлик ҳолати эса 37 минг атрофида бўлмоқда.

Россияда ковид статистикаси

Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашуви ортидан мамлакат яна карантинга кириши эҳтимоли кўрилмоқда.

Москвада 28 октябрдан 7 ноябргача ишланмайдиган кунлар дея эълон қилинди. Бу вақт мобайнида озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари дўконларидан ташқари, барча савдо ва кўнгилочар масканлар ёпилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда расмий рақамларга кўра 1,5 миллионга яқин ўзбекистонликлар яшаб ишлайди. Уларнинг энг катта қисми Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат муҳожирлигида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek