Россияга Толибон, Толибонга Россия нега керак? Афғонистон, Марказий Осиё ва геосиёсат O'zbekiston Rossiya Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Россиянинг бугунги Афғонистон масаласидаги фаоллашуви четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган. Бу расмий Москва Афғонистон таҳдидини яна Марказий Осиёга ўз сиёсий босимларини кучайтиришнинг салмоқли воситасига айлантиришига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилган.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.
Россия расмий таклиф билан охирги бир неча ойнинг ўзидаёқ Толибон юқори мартабали ҳайъатининг амалий ташриф билан пойтахт Москвага устма-уст икки бор келишига эришган.
20 октябрь кунги сўнггиси эса, Толибон Афғонистонда қудратга қайтган ва муваққат ҳукумати фаолиятда бўлган бир манзарада амалга ошган, Москва формати доирасидаги музокараларнинг навбатдагиси шаклида бўлиб ўтган.
АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонни буткул тарк этиши айнан Россия ва Хитойнинг фаоллашуви фонида Марказий ва Жанубий Осиё атрофида геосиёсий танглик янада кучайишига оид жиддий хавотирлар бўй кўрсатаётган бир пайтга тўғри келган.
Россия ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, Reuters
Толиблар билан Москвада кечган ҳар икки музокаралар чоғида ҳам Марказий Осиёга қарши таҳдид ва минтақанинг хавфсизлиги - Россия томони кун тартибига олиб чиққан энг муҳим масалалардан бири бўлган.
Толибондан Марказий Осиё чегараларини бузмаслик ва афғон тупроғидан уларга қарши ҳужумларга йўл қўймаслик кафолатини олган ҳам расмий Москва бўлиб чиққани кўрилган.
Россия томони бу ҳақда расман маълум қиларкан, Марказий Осиё давлатларини "дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз", деб атаган.
Сўнгги музокараларда Ўзбекистон илова тўрт Марказий Осиё давлатлари вакилларининг ҳам иштирок этишгани маълум бўлган.
Ҳар икки амалий ташриф ҳам Россия Марказий Осиё давлатларини Афғонистондан келувчи ал-Қоида ва ИШИД таҳдиди билан огоҳлантиришга қайта зўр бераётган бир пайтга тўғри келган.
Россия томони айнан Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли "қайноқ нуқтага айланаётгани" даъвосида экани кўрилган.
Афғонистон таҳдиди ҳақида сўз юритаркан, Россия Марказий Осиёни ўзининг жанубий сарҳадлари сифатида тилга олаётгани аллақачон таҳлилчилар қолиб, оддий ўзбекистонликларнинг ҳам эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Толибоннинг сўнгги ойларда Москвага қилган ҳар икки ташрифи чоғида ҳам айнан Россия томонининг Марказий Осиё хавфсизлиги масаласини кун тартибига олиб чиққани уларнинг таажжуб ва тушунмовчиликларига сабаб бўлгани ҳам кўрилган.
Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши манзарасида чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликларини таъминлаш борасида минтақа давлатларига энг кўп ҳар томонлама ёрдам ваъдасини бераётган ва айримларига аллақачон кўмак беришни бошлаган ҳам айнан Россия бўлган.
Буларнинг барчаси Марказий Осиё ҳарбийлашувининг кучайиши ва бунинг натижасида минтақада Россия таъсирининг янада ортишига олиб келишига оид фаразларни ҳам пайдо қилган.
Афғонистон билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи Кавказда мавқеи заифлашиши ва Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётгани манзарасида расмий Кремль минтақада ўзининг геосиёсий амбицияларини парваришлаш, таъсирини ва иттифоқчилари сафини кенгайтириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Орада Ғарб айрим Марказий Осиё давлатларида ўз ҳарбий базалари ва катта сондаги афғон қочқинларини жойлаштириб туриш истаги ва ҳаракатида эканига оид хабарларга якуний муносабатни ҳам айнан ўзлари билдириш мавқеида экандек ҳам кўринган.
Аммо айрим етакчи Ғарб нашрларида куни-кеча бўй кўрсатган мақолалар ҳам расмий Вашингтон ва Тошкент ўртасида бу музокараларнинг ҳануз давом этаётганига далолат қилган.
Россия барча Марказий Осиё давлатларининг бирдек энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.
Четдаги энг йирик ҳарбий базаси ва нисбатан кўп ҳарбий иншоотлари ҳам шу минтақада жойлашган.
Ўзбекистон истисно қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари Россия шамсияси остидаги ҳарбий блок - Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам аъзо.
Аммо айнан Ўзбекистон Толибон ва унинг муваққат ҳукумати билан ҳам фаол ҳамда мустақил мулоқот олиб бораётган минтақа давлати бўлади.
Толибон муваққат ҳукуматининг ягона ўзбек аъзоси бошчилигидаги юқори мартабали ҳайъатининг бир МДҲга давлатига олий даражадаги илк ташрифининг ҳам Россиядан олдин айнан Ўзбекистонга амалга ошгани кўрилади.
Ҳам Кобул ва ҳам Тошкентда кечаётган музокараларда Ўзбекистон ўз хавфсизлиги масаласини толиблар билан бевосита, тўғридан-тўғри муҳокама қилаётгани кузатилади.
Расмий Тошкент Россия томонининг ёрдам таклифига оид ошкора чиқишига ҳам ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.

Сурат манбаси, official
Афғонистон Толибон ҳаракатининг ўзи эса, Ўзбекистондан фарқли тарзда Россияда "террорчи ташкилотлар" сирасига киритилган, мамлакатда фаолияти расман тақиқланган.
Юқори мартабали ҳайъатининг Москвага 20 октябрь кунги амалий ташрифи ортидан ҳам расмий Москва Толибон муваққат ҳукуматини тан олмаслик мавқеида қолган.
Аммо толиблар билан мулоқот қилишларини айтган.
Толибон муваққат ҳукумати эса, жорий пайтда халқаро миқёсда яккаланиб қолиши, улар бошқаруви остидаги Афғонистон инсоний инқирозга юз тутиш хавфи остида.
Бунгача ҳар икки томонни Афғонистондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари ва халқаро ҳисоботларда сафларида МДҲ давлатлари орасидан энг кўп сондаги фуқаролари жанг қилгани айтилган ИШИДга қарши ягона мавқеълари бирлаштириб турган.
Шундай экан, бугун Россияга Толибон, Толибонга Россия нега керак? Икковлон ўртасидаги фаоллашаётган ҳамкорликнинг Марказий Осиёга таъсири қандай бўлади?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
"Кейинги йигирма йил - 2001-21 йиллар оралиғида Афғонистон - Ғарб геостратегиясига боғланган давлат бўлиб келди.
Ашраф Ғани бошчилигидаги сиёсий тузум йиқилиши ортидан, бу давлатнинг геосиёсий ориентирлари, геомафкураси қайта кўриб чиқилмоқда.
Бугун Афғонистон узра янги муносабатлар, алоқалар шаклланмоқда.
Толибон ҳукумати олдида турган йирик вазифа - янги Афғонистон ҳокимияти сифатида халқаро майдонда ўзини тезроқ легитимлаштириш, қонунийлаштириш ҳисобланади.
Бу борада Толибон ҳаракати Покистон давлати, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар билан муносабатларга устуворлик бериш ниятида.
Дунёнинг қудратли давлатлари, улар қанчалик ўзаро рақобатда бўлишмасин, янги сиёсий тизимлар, ҳукуматлар ва давлатларни тан олиш ёки олмаслик борасида бир-бирининг фикрларига жиддий эътибор беришади.
Ғарб давлатлари бирон бир янги сиёсий тузимни ёки ҳукуматни тан олмаслик йўлидан борса, коллектив Ғарб бу қадамини имкон қадар жиддий тамойиллар, қадриятлар билан асослашга ҳаракат қилади.
Шу сабаб ҳам, қолган давлатлар олдида янги сиёсий тузимлар ёки давлатларни тан олиш борасида сиёсий-маънавий ва ҳатто ҳуқуқий тўсиқлар пайдо бўлади.
Шундай ҳолат жорий Толибон ҳукуматига ҳам тегишли.
Бугун Толибон маъмуриятини тан олиш борасида халқаро майдонда жиддий сиёсий-маънавий тўсиқлар шаклланган.
Лекин Толибон ҳаракатининг тактикаси шундан иборатки, коллектив Ғарбга нисбатан геосиёсий мустақил ёки муқобил бўлган давлатлар билан алоқаларни кучайтириш орқали ўзларининг ҳокимиятини тан олишга эришиш ниятидан кетмоқда.
Толиблар назарида мана шундай йирик давлатлардан бири - Россия Федерацияси ҳисобланади.
Ўтган игирма йил давомида Толибон ҳаракати ва Россия Федерацияси Афғонистондан Ғарб коалициясини сиқиб чиқариш учун анча ҳамжиҳат сиёсий мувофиқлаштириш ишларини олиб боришди.
Толибон ҳам, Россия Федерацияси ҳам бир овоздан "Афғонистондан АҚШ бошчилигидаги Нато кучлари чиқиб кетиши керак!" деган позицияни такрорлаб келишди ва бунга эришишди.
Россия Федерациясининг Афғонистон борасидаги позицияси анча мураккаб.
Бир томондан, Москва толиблар билан йиллар давомида қўлга киритилган ишончли муносабатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ниятида.
Афғонистон - йирик давлат. У муҳим географик нуқтада жойлашган.
Глобаллашган дунёда барча ҳудудлар, минтақалар ва давлатларнинг аҳамияти фақат ортиб боради.
Глобал миқёсда АҚШ, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ўртасидаги рақобат янги даражага кўтарилмоқда.
Қолаверса, Покистон, Эрон Ислом Республикаси, Туркия ва Марказий Осиё давлатларининг геосиёсий ва геоиқтисодий муносабатлари ҳам рақобат ва чигаллик билан тўйинган.
Мана шу фонда Афғонистон давлатининг аҳамияти ва мақоми ўтган асрдаги каби бир ёқлама салбий эмас, балки бир қадар истиқболли ва аҳамиятли бўлиши аниқ.
Россия Федерацияси Афғонистон борасида иқтисодий ва сиёсий фаолликдаги биринчиликни Хитой Халқ Республикасига бериб қўйиш ниятида эмас.
Қолаверса, коллектив Ғарб дипломатияси ҳар доим ўзининг самарадорлигини кўрсатган.
Бу дегани, ўтган йигирма йил давомида икки томонга бўлиниб, ўзаро урушган бўлса-да, истиқболда коллектив Ғарб ва толиблар ўртасида босқичма-босқич ижобийлашиб борувчи алоқаларни кутиш мумкин.
Россия Федерацияси Толибон сиёсий тизими борасида икки нуқтадан иборат позицияга эга.
Биринчи нуқтада Толибон ҳаракатини Афғонистон ҳудудидаги табиий иттифоқчи, ҳамкор ва тан олинадиган куч сифатида эътироф этади.
Шунинг билан бирга, Толибон сиёсий тизимини тан олишга шошилмаслигини билдиради.
Бу билан Москва Толибонга оҳиста босим ўтказишга мойил эканлигини, ўзининг норасмий ва расмий шартларини тан олдиришга эришиш ниятида эканлигини билдиради.
Чунки, бир томондан, Толибон ҳаракатини сиёсий тан олиш, у билан муттасил мулоқотлар олиб бориш ва Толибон сиёсий тузумини ҳуқуқий жиҳатдан тан олмаслик ўртасида маълум ҳуқуқий-сиёсий зиддият пайдо бўлади.
Расмий Москва мана шу зиддиятни Толибонни ўз манфаатларига кўпроқ бўйсундириш истагида ишга солиш нияти сезилади.
Иккинчи нуқта - Афғонистон ҳудудидан ташқарида, айниқса, Марказий Осиё минтақасига қаратилган ахборот сиёсатида, геосиёсий ва хавфсизлик лойиҳаларида "Толибон - таҳдид шакллантирувчи йирик омил" сифатида талқин қилинади.
Москванинг Марказий Осиё минтақасида эришмоқчи бўлаётган лойиҳасига кўра, Толибон ҳаракати - ишончсиз ва хавфли гуруҳ ҳисобланиб, толиблар Афғонистонидан паноҳ бера оладиган ягона ишончли қалқон - КХШТ ёки Россия Федерацияси билан ҳарбий-сиёсий иттифоқчилик ҳисобланади.
Россия Федерациясининг толиблар борасидаги бу иккиламчи позиция, яъни, "Толибон ҳаракати - Афғонистон ичида АҚШга қарши табиий иттифоқчи ёки ишончли ҳамкор, лекин Марказий Осиёга қарши йирик таҳдид",- деган қараш, бир томондан, расмий Москванинг Афғонистонда ўз позициясини мустаҳкамлаш, қолаверса, Марказий Осиё устидан ҳам ўзининг геосиёсий ва хавфсизлик монополиясини ўрнатиш ниятини ифодалайди.
Айни пайтда, Марказий Осиё давлатлари ҳам ўзларининг геосиёсий мустақиллигини парваришлаш йўлидан воз кечишмайди.
Мисол учун, бугун Ўзбекистон бевосита толиблар билан мулоқотларни йўлга қўйган ва сезиларли натижаларга эришаётган давлат.
Минтақанинг бошқа давлатлари ҳам Ўзбекистон ортидан толиблар маъмурияти билан алоқаларни йўлга қўя бошлашган.
Тожикистон эса, муқобил йўлни синаб кўриш йўлидан кетмоқда.
Толиблар ҳам ўзларининг манфаатларидан келиб чиқиб, қудратли давлатларнинг измидан эмас, қўшни давлатлар билан ишончли ва самимий муносабатлар шакллантириш йўлидан боришмоқда.
Натижада, Россия Федерациясининг "Толибон Афғонистони - Марказий Осиё учун жиддий таҳдид манбаи" деган доктринаси бугунги кунда маънавий-сиёсий нуқтаи назардан ўзининг асосларини йўқотиб бормоқда".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













