Толибон Москвада: Афғонистонга ёрдам берамиз, лекин ҳозирча Толибонни тан олмаймиз Afg'oniston Tolibon

Толибон ҳайъати олдин ҳам Москвада музокараларда бўлган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон вакиллари қайта қудратга келишдан олдин ҳам Москвада музокараларда бўлишган.

Толибоннинг ҳозирги ҳукумати раҳбари ўринбосари, этник Ўзбек Абдул Салом Ҳанафий раҳбарлигидаги ҳайъати Москва музокараларига борган.

Бу - Россия, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистон вакиллари ўртасидаги учрашувдир.

Бу Толибоннинг Россия пойтахти Москвадаги учинчи, Афғонистонда ҳокимиятни ўз назоратига олганидан кейинги илк учрашуви.

Бундан олдин журналистларга гапирган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Толибонни Афғонистоннинг легитим ҳукумати, дея тан олиш масаласи музокара кун тартибига қўйилмаган.

Россиянинг бош ахборот агентлиги ТАСС хабар қилишича, Москва музокараларига Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ва Миллий ярашув Олий кенгаш раҳбари Абдулла Абдулла ҳам таклиф этилганлар.

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кобулов бу музокарадан катта ўзгариш кутилмаётганини айтган, Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эса буни "Афғонистонда келажакда нималар бўлишини билиш ҳаракати" деб таърифлаган.

Рейтер ахборот агентлигининг хабар қилишича, "Москва формати" деб ном олган мулоқот иштирокчилари Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамлари ва иқтисодий кўмак ваъда қилганлар.

Бироқ бу ёрдамлар миқдори ва шакли кейин аниқ бўлиши мумкин.

Бундан олдин дунёнинг йирик 20 иқтисоди раҳбарлари Афғонистон вазияти бўйича виртуал саммит ўтказишган ва мамлакатдаги инсонпарварлик инқирози олдини олиш учун бир миллиард доллардан зиёд ажратилишига ваъдалар берилган.

Аксар давлатлар Толибонни Афғонистоннинг қонуний раҳбарияти, деб тан олишдан ўзларини тиймоқдалар.

Улар Толибонга гапу баёнотларига қараб эмас, амалларига қараб баҳо беришларини айтишмоқда.

Толиблар Афғонистон назоратини қайта қўлига олгач, "биз 1990-йиллардаги Толибондан фарқлимиз, мўътадилмиз" дейишди.

Аммо бугунги Толибон ҳам ҳамон хотин-қизларнинг ўқиш ва ишлаш ҳуқуқларини кескин чекламоқда.

Сиёсий мухолифлари ва олдинги ҳукуматда ишлаганларни таъқиб этмаслик ҳақидаги ваъдаларига зид равишда Афғонистоннинг собиқ ҳукумати учун ишлаганлар таъқиб этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.

Лекин Туркия, Қатар ёки Ўзбекистон каби мамлакатлар Толибонга нисбатан ҳаддан зиёд қаттиққўллик қилмаслик мавқеъсини танлаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek