Афғонистон иқтисодий инқирозидан қўшнилари зарар кўради - Халқаро Валюта Жамғармаси Afg'oniston Pokiston Tolibon

Кобул бозоридаги афғонлар

Сурат манбаси, Reuters

Халқаро Валюта Жамғармаси ҳисоботида айтилишича, Афғонистондаги иқтисодий беқарорлик қўшни мамлакатлар, Туркия ва Европада қочқинлар инқирозига ёғ қуйиши мумкин.

ХВЖ ҳисоб-китобича, Афғонистон иқтисодининг торайиши жорий 2021 йилда 30 фоизгачани ташкил этиши мумкин, бу эса миллионлаб афғонларни қашшоқликка итқитади, инсонпарварлик инқирозига сабаб бўлади.

Афғонистондаги маблағ ва савдо-сотиққа боғланган қўшни мамлакатларга босим янада ошади, дейди халқаро ташкилот.

Афғонистоннинг шимолий қўшниси Тожикистон бундан ҳам кўп қочқинларни қабул қилишга қодир эмаслигини айтган.

Ҳозир Афғонистоннинг хориждаги маблағлари музлатилган, инсонпарварлик кўмакларидан бошқа ёрдамлар тўхтатилган, мамлакатга нақд пул оқими деярли тўхтаб қолган.

ХВЖ ҳисоботида айтилишича, "қочқинларнинг катта оқими қочқинларга мезбон мамлакатларнинг бюджетига юк бўлади, иш бозорига босимни оширади ва ижтимоий тарангликка етаклайди, халқаро ҳамжамиятдан кўмакка муҳтожлик аҳамиятини оширади".

Афғонистон қўшниларига қанчага тушади?

Қанча Афғон қочқин сифатида ташқарига чиқиши номаълум бўлиб турган вақтда ХВЖ ҳисоб-китобича, агар қочқинлар сони бир миллион кишидан ортса, бу Тожикистонга $100 миллион, Эронга $300 миллион, Покистонга $500 миллион долларга тушиши мумкин.

Ўтган ой Тожикистон халқаро молиявий кўмакларсиз катта сондаги қочқинларни қабул қилолмаслигини айтган, бошқа Марказий Осиё мамлакатлари Афғон қочқинларига жой беришни режаламаётганларини билдирганлар, дейилади хабарларда.

Афғонистондек йирик савдо шеригини йўқотган қўшни мамлакатларга ҳам шикаст етади, дейди халқаро ташкилот.

Афғонистон йирик миқдорда хорижий молиявий кўмак олиб келган мамлакат.

Британия ҳукумати яқинда тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, 2001 йилдан 2019 йилгача Халқаро Ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлардан Афғонистонга 65 миллиард долларлик ёрдам кўрсатилган.

Бу маблағлар Афғонистонга Эрон, Покистон, Туркманистон ва Ўзбекистон орқали савдо-сотиқ билан кириб борган.

Халқаро Валюта Жамғармаси, шунингдек, Афғонистонга ёрдам учун юборилган пуллар терроризмни молиялаш ва "пул ювиш" мақсадида фойдаланилишидан хавотирлар ҳам борлигини эслатган.

Яқинда йирик 20 лик раҳбарлари саммитида Афғонистонда иқтисодий ҳалокат олдини олиш мақсадида миллиарддан зиёд доллар ваъда қилинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek