Толибон ким? Афғонистон ва жангарилик Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибон 1990-йиллар бошларида Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, Покистон шимолида пайдо бўлган.
Бу паштун гуруҳ аввало Саудия Арабистони маблағ ажратадиган, сунний Исломнинг муросасиз шакли тарғиб қилинадиган диний мактабларда пайдо бўлгани айтилади.
Покистон ва Афғонистон ҳудудларига узанган паштун ҳудудларида Толибон тинчлик ва хавфсизликни қарор топтириш, ҳукуматга келган заҳоти шариатни қатъий жорий қилишга ваъда берган.
Жанубий-ғарбий Афғонистондан бошлаб, Толибон ўз таъсирини жуда тез кенгайтира бошлади.
Улар 1995 йил сентябрида Эрон билан чегарадош Ҳирот вилоятини эгаллади, орадан бир йил ўтиб, пойтахт Кобулни забт этди, президент Бурҳониддин Раббоний режимини ағдарди.
Раббоний Советларга қарши курашган афғон мужоҳидлари оталаридан бири эди. 1998 йилга келиб, Толибон Афғонистоннинг 90 фоиз ҳудудини эгаллади.
Советлар чиқиб кетгандан сўнг мужоҳидларнинг ўзаро урушлари ва ҳаддан ошишларидан зада бўлган афғонлар Толибон саҳнада пайдо бўлиши билан уни илиқ қарши олди.
Уларнинг коррупцияга қарши кураши, қонунсизликни жиловлаб, йўлларни тижорат учун хавфсиз қилиши Толибон обрўсини оширди.
Аммо Толибон қотиллик ёки зинода айбдор топилганларни омма олдида қатл қилиш, ўғирликда айбланганлар қўлини кесиш каби исломий жазо чораларни ҳам амалга киритди ва қўллаб-қувватлади.
Эркаклар соқол қўйиши, аёллар бурқа кийиши мажбурий қилинди.
Толибон, шунингдек, телевизор, мусиқа ва кинони тақиқлади, 10 ва ундан катта ёшдаги қизларнинг мактабга боришини чеклади.
Улар инсон ҳуқуқлари бузилиши ва маданий бузғунчиликларда айбланган.
Бир машҳур мисол, 2001 йилда Толибон халқаро норозиликларга қарамай, Афғонистон маркази Бомиёндаги машҳур Будда ҳайкалини портлатди.

Сурат манбаси, Getty Images
Покистон Толибон гуруҳининг пайдо бўлишида ҳеч қандай роль ўйнамаганини таъкидлаб келади, аммо бу ҳаракатга илк қўшилган афғонлар Покистондаги диний мадрасаларда таҳсил олганлар бўлганига деярли шубҳа йўқ.
Покистон, шунингдек, Толибон Афғонистонда ҳокимиятга келганда уни тан олган уч мамлакатдан биридир.
Ўшанда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам тан олганди.
Покистон Толибон билан дипломатик алоқаларни узган энг сўнгги давлат бўлган эди.
Бир гал Толибон шимоли ғарбдаги ўзи назорат қиладиган ҳудуддан туриб, Покистонни беқарорлаштириш билан таҳдид ҳам қилганди.
Покистон Толибонининг юқори даражада ва халқаро миқёсда қаттиқ қораланган ҳужуми 2012 йили бўлганди, ўшанда мактаб ўқувчиси Малала Юсуфзай Мингорада уйига қайтаётганда отиб, қаттиқ ярадор қилинган.
Пешавордаги мактабда содир бўлган хунрезликдан икки йил ўтиб амалга оширилган йирик ҳарбий амалиёт гуруҳнинг Покистондаги таъсирини кескин камайтирди.
2013 йили камида уч нафар Покистон Толибони етакчиси АҚШ дрон ҳужумида ўлдирилган, улар орасида гуруҳ етакчиси Ҳакимулло Меҳсуд ҳам бор эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ал-Қоида "бошпанаси"
2001 йил 11 сентябрда Жаҳон Савдо марказига қилинган ҳужумдан кейин дунё эътибори Афғонистондаги Толибонга қаратилди.
Толибон ҳужумда айбдор кўрилган Усома бин Лоден ва ал-Қоида ҳаракатига бошпана берганликда айбланган эди.
2001 йил 7 октябрида АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалиция Афғонистонга ҳужумни бошлади ва декабрнинг биринчи ҳафтасида Толибон режими қулади.
Гуруҳнинг ўша вақтдаги раҳнамоси Мулла Муҳаммад Умар ва бошқа етакчилар, жумладан, Бин Лоден кенг миқёсли одам овлаш амалиётларига қарамай, қочиб қолди.
Толибоннинг аксар етакчилари Покистоннинг Кветта шаҳридан бошпана топгани ва ўша ердан Толибонни бошқараётгани хабар қилинди.
Аммо "Кветта шўроси" деб аталган кенгашнинг борлигини расмий Исломобод рад қилди.
Катта сондаги хориж қўшинлари бўлишига қарамай, Толибон аста-секин жонланиб, Афғонистон бўйлаб яна таъсирини орттира бошлади, мамлакатнинг катта қисми хавфли бўлиб қолди ва зўравонликлар 2001 йилдан бери кўрилмаган даражага етди.
Кобулга Толибоннинг бир неча ҳужумлари бўлди ва 2012 йилда гуруҳ НАТОнинг катта базасига ҳужум уюштирди.

Сурат манбаси, Getty Images
2013 йили Толибон Қатарда ўз идорасини очгач, тинчлик музокаралари учун умид уйғонди. Аммо ўзаро ишончсизлик юқори эди, зўравонлик эса давом этарди.
2015 йил августида Толибон Мулла Умарнинг ўлимини икки йил давомида яширганини тан олди.
Хабарларга кўра, мулла Покистондаги касалхонада бўлган.
Орадан бир ой ўтиб, гуруҳ ўзаро ички можароларни тўхтатиб, Мулла Умарнинг ёрдамчиси бўлган Мулла Мансур атрофида уюшишини эълон қилди.
Ана шу вақтда Толибон 2001 йилдан бери илк марта вилоят маркази - старатегик жиҳатдан муҳим Қундузни босиб олди.
Мулла Мансур 2016 йили АҚШ дрони ҳужумида ўлди. Унинг ўрнини ёрдамчиси Мавлавий Ҳибатулла Охундзода эгаллади ва ҳозиргача гуруҳ етакчиси у.
2020 йил февралида узоқ кутилган бевосита АҚШ Толибон музокараларида тинчлик битими имзолангач, гуруҳ ўз тактикасини ўзгартирди - шаҳарлар ва ҳарбий постларга ҳужумларни тўхтатиб, оддий афғон фуқароларини нишонга олишни бошлади.
Журналистлар, судьялар, тинчлик фаоллари ва лавозимдаги аёллар нишонга олингани Толибон экстремистик мафкурасини ўзгартирмагани, шунчаки стратегияси ўзгарганидан далолат берди.
Афғон расмийларининг халқаро дастак бўлмаса, ҳукумат Толибон қаршисида ожиз қолишидан хавотирига қарамай, АҚШ президенти Жо Байден 2021 йил апрелда Америка қўшинлари Жаҳон Савдо марказига қилинган ҳужумдан 20 йил ўтиб, 11 сентябрга қадар олиб чиқиб кетилишини эълон қилди.
20 йил давомида улкан қудратли давлатга қарши турган Толибон катта ҳудудларни эгаллашни бошлади, хориж қўшинлари ҳозирлигида Кобулдаги ҳукуматни ағдарди.
Ҳаракат 15 август куни яна қудратга қайтди, ўзининг муваққат ҳукуматини тузди ва Афғонистонни қайта Исломий Амирликка айлантирди.
АҚШ ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ кучларининг Афғонистондан буткул чиқиб кетишларига эришди.
Гуруҳ 2001 йилдан бери сон жиҳатдан энг кучли кўринишга келган, сафларидаги доимий аъзоларининг сони 100 мингга яқин экани тахмин қилинади.
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг қудратли жангари гуруҳ саналади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















