Ўзбекистон: Агнешка яна жамоатчилик эътиборида – бу сафар гап нимада? O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Агнешка Пикулицка

Сурат манбаси, Twitter/agnieszkapikulicka

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг аккредитацияси узайтирилмаслигини эълон қилган. Бу янгилик эса зиддиятли муносабатлар ила қарши олинмоқда.

ТИВ ходимининг ўзига "тегажоғлик" қилгани ва ЛГБТ мавзусини кенг ёритиши ортидан Ўзбекистон ва халқаро жамоатчилик эътиборига тушган Пикулицка, эндиликда, мамлакатда қонуний журналистик фаолият юрита олиш имконидан маҳрум бўлмоқда.

Ички ишларга "аралашган" журналист

ТИВ расмий баёнотида журналист томонидан мамлакат қонунчилигининг "бузилиши ҳолатлари қайд этилгани" бундай қарор олишга сабаб бўлгани таъкидланган.

Агнешка Пикулицка Ўзбекистон ТИВдан ўз номига келган расмий хатни ижтимоий тармоқда эълон қилган.

Хатда ўтказилган текширув натижасида журналист қўл урган ҳаракатлар мамлакат фуқаролари қадр-қимматини камситганлиги, Пикулицка миллий ва диний адоватни тарғиб қилгани ҳамда Ўзбекистон ички ишларига аралашгани аниқлангани тўғрисида сўз боради.

ТИВ хатида, шунингдек, польшалик журналистнинг амаллари "Ахборотлаштириш тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида" ва "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун талабларига зид экани таъкидланган.

Вазирлик юқоридагиларни инобатга олиб, журналистнинг Ўзбекистонда қонуний фаолият юритишига рухсат берувчи ҳужжат муддатини узайтирмаслик қарори олинганини билдирган.

Бироқ расмий баёнот ва хатда Пикулицканинг айнан қандай ишлари қонунчилик тартибларининг бузилиши ўлароқ ҳисобланганига ойдинлик киритилмаган.

Би-би-си бу борада батафсилроқ маълумот сўраб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Аммо вазирлик бу масалада изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Пикулицканинг ўзи Twitter саҳифасида ТИВ қарорини унинг "овозини ўчиришга уриниш", дея баҳолаб, аккредитациядан маҳрум этилаётгани "мамлакатда деярли ҳеч нарса ўзгармагани белгиси" экани ҳақида ёзган.

Шунга қарамай, Би-би-си ТИВ илгари сурган нуқталар юзасидан янада аниқроқ муносабат олиш мақсадида Агнешка Пикулицка билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди, лекин ҳозирча бундан натижа чиқмади.

Зиддиятли журналист

Шу йилнинг бошида польшалик журналист аккредитация сўраб Ўзбекистон ТИВга қилган мурожаати узоқ вақтдан буён жавобсиз қолаётгани, мамлакат тўғрисида ижобий мақолалар ёзиш талаб этилган босимларга учрагани ва вазирлик ходими унга "тегажоғлик қилгани"ни иддао этган эди.

Унинг даъволари кенг жамоатчилик эътиборини тортиши ортидан ТИВ Пикулицкани Al Jazeera мухбири ўлароқ аккредитациядан ўтказган эди.

Кейинроқ Пикулицка 28 март куни пойтахт марказидаги Амир Темур хиёбони ёнида юз берган тартибсизликлар ва, айниқса, бу воқеаларнинг асосий сабабчиси ўлароқ кўрилган блогер Миразиз Бозоровнинг калтаклаб кетилишини ёритиши ортидан яна бир бор эътиборга тушган.

Ўшанда, аксар жамоатчилик вакиллари журналистни ЛГБТ жамиятини ҳимоя қилиб чиқишда айблаган.

1 апрель куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам Пикулицка ушбу воқеаларни "нохолис ёритаётганлиги"ни билдирган.

Бу айбловларни рад этган Агнешка Пикулицка ҳуқуқ-тартибот органлари ва мутаассиб кайфиятдаги шахслар томонидан босим ҳамда таҳдидларга учраётгани ҳақида маълум қилган.

Акс-садолар

Jurnalist

Сурат манбаси, fb.com/apikulicka

Эндиликда, журналистнинг аккредитацияси муддати узайтирилмаслиги тўғрисидаги хабар жамоатчиликда турли муносабатлар юзага келишига сабаб бўлган.

Кўплаб фикр билдирувчилар Пикулицка март ойида аксар ўзбекистонликларни жунбушга келтирган блогер Миразиз Бозоров билан боғлиқ воқеаларни нохолис ёритганликда айблаб, ТИВ қарорини олқишлаган.

Ҳатто, хорижлик журналистни нафақат аккредитациядан маҳрум этиш, балки "уни мамлакатдан чиқариб юбориш" чақириқлари ҳам янграган.

Бироқ учинчи бор Ўзбекистон жамоатчилиги муҳокама мавзусига айланаётган журналист билан боғлиқ ҳолат халқаро ташкилотлар ва фаолларнинг жиддий танқидига учраган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини Пикулицканинг аккредитация муддатини зудлик билан узайтириш ҳамда барча журналистларнинг "жазодан қўрқув ҳиссисиз" эркин хабар бера олишини таъминлашга чақирган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти (Reporters Without Borders) ўз баёнотида ўзбек расмийларининг бу қарорини қоралашини билдирган.

"Ўз фикрини эркин изҳор этиш ҳуқуқи демократик жамиятлардаги бошқа барча инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишдаги туб қадриятлардан биридир.

Сабаби у ҳукуматларни жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади", дея ҳолат юзасидан ўз қарашларини илгари сурган Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистондаги собиқ вакили Стив Свердлов.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торло эса журналистларнинг ёзганлари танқидий ёда мубоҳасали бўлмасин, матбуот эркинлиги уларни ҳимоя қилишни англатишини таъкидлаган.

Францияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов журналистнинг аккредитацияси узайтирилмаганини "сиёсий хато" ўлароқ баҳолаган.

Агнешка ким ўзи?

Агнешка Пикулицка

Сурат манбаси, facebook

Асли польшалик 34 яшар Агнешка Пикулицка, асосан, Собиқ Иттифоқ давлатларидан тайёрлаган мақолаларини Al Jazeera, Guardian, Eurasianet, The Diplomat каби нашрларда эълон қилиб келади.

Айни вақтда Тошкентда яшаётган Пикулицка ўзини Ўзбекистонда муқим фаолият юритаётган ягона инглиззабон хорижлик журналист эканини таъкидлайди.

Шахсий сайтида журналист Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистонда бошланган ўзгаришлар ва ўзбек жамияти ўтиш даврида юз келаётган қийинчиликларни ёритишга эътибор қаратгани ҳақида ёзади.

ЛГБТ мавзуси бўйича қарашлари ортидан ўзбекистонликлар эътиборига тушганига қарамай, Пикулицка мамлакатда жонланиб бораётган тунги ҳаёт, "снос"лар, мажбурий меҳнат, сиёсий майдонда жой топишга уринаётган мустақил партиялар тўғрисида ҳам мақолалар эълон қилган.

Журналист ўз Twitter саҳифасида аккредитациясиз қолаётганига қарамай Ўзбекистонда яшашда давом этишини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek