Ўзбекистон: Уй-жой қурмоқчи бўлган ёшларга гаровсиз кредит, Россияда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун махсус поезд ва мамлакатда қанча гиёҳванд бор? O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Toshkent mintaqaviy temir yo'l uzeli
- Россияда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун махсус рейслар йўлга қўйилади;
- UzAutoMotors Cobalt'ни иссиқ ўриндиқларсиз таклиф қилмоқда;
- Ўзбекистонда қанча одам гиёҳвандлар ҳисобида туриши маълум қилинди;
- Ҳукумат уй-жой қурмоқчи бўлган ёшларга гаровсиз кредит беришга қарор қилди;
- ДСҚ интернет компаниялар тўлаган солиқлар суммаси ҳақида хабар берди;
- Сурхондарёда Афғонистон фуқаролари фирибгарликка дуч келишдими?
Россияда қолиб кетган ўзбекистонликлар
Пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 4 та махсус йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилади.
Бу ҳақда "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ хабар берган.
Маълум қилинишича, махсус рейслар ҳаракати 22 октябрдан 1 ноябрга қадар тўрт марта "Волжский-Тошкент" йўналишида амалга оширилади.
"Мазкур поездларга фақат бир томонга, яъни "Волжский-Тошкент" йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган", маълум қилинган расмий хабарда.
"Ўзтемирйўлйўловчи"нинг билдиришича, чипталарни Россиядаги мигрантларнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб ҳам электрон тарзда амалга ошириши мумкин.
- Ўзбекистон: Мирзиёев iPhone 11 ишлатади, бир коронавирус бемори даволанишига 15 миллион сўмдан сарфланмоқда ва мамлакат энди газ сотиб оладими?
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Жаримага тортилган Санжай, танқидга учраган тил челленжи ва никоҳ қураётган энг кўп қариндошлар қайси вилоятда?
Иссиқ ўриндиқсиз Cobalt

Сурат манбаси, UzAutoMotors
UzAutoMotors компанияси Chevrolet Cobalt 4-позицияси учун шартнома тузган мижозларга автомобилни иситиш ўриндиғи модулисиз таклиф этмоқда.
Компания бунинг сабабини яримўтгазгичларнинг глобал танқислиги билан изоҳлаган.
Расмий хабарда билдирилишича, юзлаб тайёр Chevrolet Cobalt автомобиллари завод автотураргоҳида ўз янги эгаларини кутмоқда.
"Биргина яримўтказгич деталининг йўқлиги сабаб автомобилдаги ўриндиқни иситиш тизими ишламаслиги автомобилни эгасига топширишга йўл қўймайди", билдирган компания.
Эндиликда, UzAutoMotors Chevrolet Cobalt'ни мижозларга иситиш ўриндиғи модулининг қиймати бўлмиш 1 миллион сўмни автомобилнинг умумий нархидан олиб ташлаган ҳолда таклиф қилмоқда.
"Харидорнинг розилиги билан амалга оширилувчи ушбу мажбурий чоранинг қўлланилиши узоқ кутилган автомобилларни яқин орада ўз эгаларига етказилишини таъминлайди", дейилади компания хабарида.
5000 гиёҳванд

Сурат манбаси, IIV
2021 йилнинг 9 ойи якунига кўра, 5 минг нафарга яқин ўзбекистонлик гиёҳвандликка қарам кишилар ҳисобига олинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош наркологи Зарифжон Ашуровнинг сўзларига кўра, уларнинг 31 фоизи 20-40 ёшда.
Шунингдек, гиёҳвандлар ҳисобида турган шахсларнинг 1,8 фоизида ОИВ инфекцияси аниқланган.
Ёшлар учун гаровсиз кредит

Сурат манбаси, Uza.uz
Ёшларнинг алоҳида тоифаларига уй-жой қуриш учун гаровсиз кредитлар ажратилади.
12 октябрь куни қабул қилинган ҳукумат қарорида бу имтиёздан "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган янги турмуш қурган ёшлар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида сўз боради.
Қарз олувчилар 18 ёшга тўлмаган ва 30 ёшдан ошмаган, янги турмуш қурган ва илгари арзон уй-жой қуриш учун имтиёзли ипотека кредити олмаган бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Кредитлар бошланғич бадали қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ва бир қарз олувчига 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилиши маълум қилинган.
Қарорда кредитлар 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиши қўшимча қилинган.
Facebook ва Google солиқлари

Сурат манбаси, Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси
2021 йилнинг 9 ойи давомида Facebook, Google каби хорижий интернет компаниялари Ўзбекистонда 15 миллиард сўмдан зиёд солиқ тўлаган.
Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2021 йилда Spotify, Adobe, Scribd каби 9 хорижий компаний ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинган.
"Мамлакатда 2 йилда доимий ваколатхонасига эга бўлмаган жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи 28 та хорижий компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. Booking.com B.V., Netflix International B.V., Apple, Facebok, Yandex, Huawei ва бошқалар шулар жумласидан", дейилади ДСҚ хабарида.
Хабарда шу йилнинг 9 ойида Facebook 7,6 миллиард сўм, Google Commerce Limited 4,6 миллиард сўм, Apple 2,2 миллиард сўм, Netflix 331 миллион сўм ва Yandex 256 миллион сўм солиқ тўлагани айтилади.
Афғон фуқароларини алдаган узунликлар

Сурат манбаси, kun.uz
Сурхондарё вилояти Узун туманининг икки яшовчиси Афғонистон фуқароларининг ишончига кириб, уларни кўплаб минг долларга чув туширган, дея хабар бермоқда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси.
Бошқарманинг маълум қилишича, Узун тумани яшовчилари шу йилнинг март ойида иссиқхона қуриб бериш ваъдаси билан Сариосиё туманида вақтинча яшаётган Афғонистон фуқаросидан $13 минг доллар олган.
Улар июнь ойида ҳам Узунда вақтинча яшаётган афғонистонлик шахсдан айни ваъда билан 30 миллион сўм пул олган.
Шунингдек, улар 2021 йилнинг март ойида бошқа бир узунликнинг 226 миллион сўмини ҳам иссиқхона қуриб бериш ваъдаси билан қўлга киритган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бу шахсларга нисбатан 4 октябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "a" банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон мустақиллигига нималар таҳдид солмоқда?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
- Ўзбекистон: 'Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди' ёки 'минг марта раҳмат' - Мустақиллик сизга нима берди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















