Россия, мигрантлар: Боламни ташламасам, отам «оқ» қиларди - O'zbekiston, Ўзбекистон

Migrant ayol

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Москвада ўзбекистонлик 36 ёшли муҳожир аёл карантин пайтида фарзандли бўлди. Туғруқхонадан чиқибоқ, чақалоғини бошқа бир ўзбек оиласига берди.

Бу каби воқеалар Россиядаги ўзбек аёллари орасида учраб туриши муҳожирлар ҳаётида одатий ҳолга айланган. Нима учун Россияга ишлашга келган айрим аёллар туғиб, фарзандини бировга бериб юборишаяпти?

Воҳалик Гули билан унинг ҳомиладорлик пайтидаги суҳбатимизда бу муаммонинг бир неча сабаблари очиқланади:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

«Хоҳласанг, аборт қил»

«Ошхонада идиш ювувчи бўлиб ишлардим. Шу ерда туғилган 6 ёшли ўғлим ҳам бор. Уни ижара уйда қолдириб ишга бориб-келардим. Қараб турувчи бор эди.

Эрим билан Москвада танишдик. Никоҳ ўқитиб, бирга яшай бошладик. Бўйимда бўлди. Муддати каттаргани сайин ишлашим қийинлашди. Катта кострюлларни юва олмайсан, деб ишимдан бўшатишди.

Эрим билан ҳам муносабатларимиз яхши эмасди. Бир ёши катта аёлга илакишиб юрарди. Менга ётоқ пайтида турли аҳлоқсиз талаблар қўярди. Йўқ, дердим.

Охири, «Бўлмаса, кет. Сенга жавоб, талоқ», деди. Ундан ҳомилам борлигини биларди. 4 ойлик бўлиб қолганди. «Қарамайман, хоҳласанг аборт қил, ўзинг биласан» деб чиқиб кетди. Шундан бери қайтиб келгани йўқ.

«Болам ва ҳомилам билан кўчада қолдим»

Ҳомиладорликдан кейин ишлолмадим, қийин аҳволга тушдим. Ҳеч ким квартирага олмади. Пулини бера олмайсан, дейишди. Квартира учун пул тўлолмаганимдан кўчаларда қолиб кетдим.

Кейин сураб-суриштириб, русларнинг менга ўхшаган аёлларга ёрдам берадиган бир ташкилотини топдим. Улар ўғилчам иккимизни бошпана ва озиқ-овқат билан таъминлашаяпти.

Бу томондан камчилигимиз йўқ, аммо ҳужжатларимиз йўқ. Бу ерда яшаб, яна бошқа ёрдам берувчи инсонларни топдим. Ҳужжатларимизни ҳам ҳал қилишда улар ёрдам беришаяпти.

Энди мақсадим - туғиладиган боламни шу ерда қолдириб, Ўзбекистонга қайтмоқчиман.

«2 болани боқолмайман»

Боламни бировга бермоқчиман, чунки боқиб катта килишга шароитим йўқ. Боқа олмайман. Икки болани катта қилишга кучим етмайди. Шунинг учун бефарзанд оила бўлса, беришга мажбурман.

Мен болани аборт қилмадим, кўчага ташлаб кетмаяпман. Яхшироқ шароитли оилага бермоқчиман.

Туғиладиган чақалоқни уйга олиб кета олмайман. Ота-онам қабул қилишмайди. Менга биринчи навбатда ота-онам керак, улар мени бу бола билан қабул қилмайди. Мен биламан, чунки ёнимдаги ўғлимни ҳам базўр қабул қилишган.

Бола бўлавераркан, ота-онани топиб бўлмайди. Менга ота-онам керак.

Бошпана эвазига жимоъ таклифи

Мен адашдим, алдашдилар. «Қарайман, шароитингни қиламан», деганига ишонгандим. Шунинг учун ҳам ҳомиладан сақланиш йўлларини кўрмадим. Мен Москвага келиб эрга тегаман, деб ўйламагандим.

Ҳомилали бўлганимдан кейин қийинчиликда қолдим. Ҳомиладор пайтим кўчаларда, подъездларда ётдик. Ҳатто одамлардан ёрдам сўрадик. Ҳеч ким ёрдам қилмади. Ишонишмади.

«Сен пул олиш учун атай қилаяпсан, алдаяпсан» дейишди. Эркаклар манфаат эвазига ёрдам бермоқчи бўлди. Жой беришлари учун «ётиб-туриш»ни таклиф қилишди. Бунақа ёрдамни менга кераги йўқ, дедим.

Мени «оқ» қилишади

Ҳозир қилаётган ишим тўғрими-йўқми, билмайман. Худонинг ўзи кечирсин. Иложим йўқ.

Бу бола ҳам яшаши керак-ку. Мени қўлимда азоб еганидан кўра, бировнинг уйида яхши яшар. Балки яхши қарашар, ким билсин! Бола яхши яшаса, балки мени Худо кечирар.

Кейинчалик соғиниб ёки пушаймон киламан, деб ўйламайман. Мажбурман. Айтаяпман-ку, менга ота-онам керак. Қолгани муҳим эмас.

Улар билан гаплашишга уриниб кўришим ҳам шартмас. Ҳозир 6 ёшга кирган ўғлимдан билганман. Бунисини эшитишса, бу гап онамни тўғри бир жойга олиб бориб қўйишга ҳам етади (ўлдиради, деган маънода -таҳр.). Менга буни кераги йўқ.

Эшитишса, олдингисида бермаган «оқ»ини, бунисида беришади».

Moskva

Сурат манбаси, BBCUzbek

Би-би-си: Гули билан суҳбатимиз март ойида ёзиб олинган. У ушбу ёзувни эфирга болани туғиб, бошқа оилага бериб бўлганидан кейин беришимизни сўраганди. Муҳожир аёлга кўмаклашаётганлар болани кимга берилишини туғмасдан олдин ҳал ҳам қилишган.

Май ойида Гулининг кўзи ёриди. Ўғилга муҳтож ўзбек оиласи туғруқхонанинг ўзида болани ўз номларига қонуний расмийлаштириб, олиб кетишган. Онанинг ўзи эса яқинда 6 ёшли ўғли билан чартер рейс орқали Ўзбекистонга учиб кетди.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek