Ўзбекистон - Россия: Ўзбек аёллари нега Тошкентда эмас, Москвада туғишмоқда?

Сурат манбаси, iStock
- Author, Соҳиба Ҳайитбоева
- Role, BBC Ўзбек, Москва
Демографияси мигрантлар ҳисобига барқарорлашиб турган Россия айни пайтда ўз туғруқхоналарига муҳожир аёллар кўп ташриф буюраётганидан ташвишда.
Бу мавзу ҳатто мамлакат Жамоатчилик Кенгашида ҳам муҳокама қилинди:
"Уларга кетаётган сарф-харажат тобора ошиб бормоқда. Бунга қонун айбдор, чунки унда давлат клиникалари нафақат москваликлар, балки чет элликларга ҳам бепул (агар кечиктириб бўлмас тиббий ёрдам бўлса) хизмат кўрсатишни белгилаб қўйилган. Яқин чет элликлар, (МДҲ давлатлари фуқаролари) айниқса, ёш аёллар бундан фойдаланмоқда".
Россия ОАВлари ҳам Жамоатчилик Кенгашини қўллаб чиқди.
Алоқадор мавзулар:
Рус нашрларида турфа хил кинояли сарлавҳалар пайдо бўлди.
"Москвада янги кўриниш - туғруқ туризми ривожланмоқда", "Россия гастарбайтерлар учун туғруқхонага айланмоқда" "Кўптуғар муҳожирлар Россияни забт этмоқда" шулар жумласидан.
Уларга кўра, "яқин чет элликлар сифатли ва бепул тиббий хизматдан фойдаланиш учун пойтахтга келишмоқда".
Ўзбеклар кўптуғарми?
Расмий маълумотларга кўра, Россияда ярим миллионга яқин ўзбекистонлик хотин-қиз яшамоқда. Уларнинг 96 фоизи - туғишга лаёқатли аёллар.
Россияга асосан ишлаш учун келган ўзбекистонлик аёлларнинг кўпчилиги 18-40 ёш оралиғида,
Муҳожирлар туғиш ёшида бўлишига қарамай, Россияда фарзанд кўришни исташавермайди. Чунки ишлаш керак. Кўпчилиги болаларини Ўзбекистонда ташлаб келишган.
"Туғиш шароитимизга тўғри келмайди. Тирикчилик учун пул топаяпмиз, орттириш у ёқда турсин. Мен туғаман деб уйда ўтириб қолсам, ким бизга уй-жой қилиб беради?" - савол қўяди хоразмлик муҳожир аёл.
"Шундоқ ҳам икки боламизга қайнонам қарайди. Қайин укаларимизни оёққа турғизишимиз керак. Туғсам, ишлолмайман. Рўзғорнинг юки эса менинг бўйнимда".
Россияда туғиш нега яхши?

Сурат манбаси, ryangrassley
Аммо қатор ўзбек аёллари ҳомиладор бўлса, Россияда туғишни истайди.
Бўкалик Маъмура эри билан 8 йил фарзанд кўриш учун ҳаракат қилишган. Бугун боласини Москвада туғмоқчи.
"Россияда туғиш арзон" - дейди Маъмура - "Биринчи фарзандим Тошкентда туғилган. Суюнчи пули ва зиёфатлар билан бирга 800 доллардан кўпга тушган".
Эр-хотин иккинчи фарзандини Москвада дунёга келтиришга қарор қилишган. Сабаби - бу ерда 100 доллар ҳам пул кетмайди.
Айрим аёллар текин туғишган. Бошқалари 10-12 минг рубль (200 доллар атрофида) пул тўлашган.
"Тез ёрдам" чақирдик, дарров туғруқхонага олиб борди, тез жойлашдик. Мени кўзим ёригунча, эрим кассага 12 минг рубль тўлабди. Бор ҳаражатимиз шу бўлди: бепул овқатланиш, даволаниш, шароитлар зўр" - дейди Марҳаматдан келган Салтанат.
"Туғруқхонадан чиққунимизча бир сумка совға-салом ҳам беришди. Ичида бола учун ҳар хил кийимчалар, тагликлар, овқат ва ўйинчоқлар бор экан".
Туғруқхонада ирқчилик борми?
Бир неча йиллар олдин муҳожир аёлнинг туғруқхонага киритилмагани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган эди.
Айрим аёллар ҳали ҳам миллатчиликка дуч келишганини айтадилар.
"Кўпинча жеркиб, силтаб гапиришади. Шифокорлар эмас, аксар санитаркалар шунақа қўпол" - дейди Деновдан келган ёш она Юлдузхон.
"Одам хурсанд бўлиб турса, унақа нарсага унча эътибор бермас экан. Шароитлари яхшилигига, арзон тушаётганига кўп қараймиз. Лекин болани роса яхши кўришади, боламни ажратишмади, шунгаям кўп хурсанд бўлиб, санитаркаларга эътибор бермадим" - дейди Юлдузхон.
Ўзбекистонда бепуштлик ташхиси билан келиб, Россияда фарзандли бўлган ургутлик эр-хотин билан ҳам суҳбатлашдик.
"Ажрашиш ёқасига бориб қолувдик. Ота-оналаримиз иккаламизга ҳам бошқа турмуш қуриб, болали бўлишни маслаҳат беришарди. 13 йил бирга яшагандик, ажрагимиз келмасди".
Бу эр-хотин Россияга келиб, ишлаб, даволанишган. Бугун фарзандли.
"Бир йилда қизчамиз туғилди. Бу ерда дўхтирлар яхшими, ёки ҳаво алмашганимиз таъсир қилдими, билмаймиз. Лекин шу ерга келиб болали бўлганимизга шукр қиламиз, - дейди ургутлик Дилфуза.
Туғруқ қаерда хавфсиз - Тошкент ё Москва?
Россияда туғруқ вақтида вафот этадиган аёллар сони 7.3 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 19 фоиз.
Чақалоқлар ўлими ҳоллари Россияда 5. 1 фоизни, Ўзбекистонда эса икки баравар кўп ёки 10.5 фоизни ташкил этади.
БМТнинг 2018 йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистон болалар ўлими борасида энг ташвишли кўрсатгичга эга мамлакатлардан бири, деб таърифланган.
Ўзбекистонда туғилган ҳар 72 чақалоқдан биттаси бир ёшга етмай, нобуд бўлади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












