Америка ва сайлов: Трамп ғолиб, энди ўзбекистонликларга яхши таниш АҚШ-Мексика чегарасига нима бўлади ёки муҳожирларсиз Американи тасаввур қилиб бўладими?

Сурат манбаси, Getty Images
Америка Қўшма Штатлари дунёнинг ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик бориш илинжида бўлган, айниқса, Демократчи президент Жо Байден бошқаруви остида кечган сўнгги тўрт йил ичида қамоқ ва ўлим хавфига ҳам қарамай, ҳудудига ноқонуний киришга уринаётганларининг ҳам сони жиддий ортиб бораётган давлати бўлади.
У ерда ҳозир 11 миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир бўлса, уларнинг орасида ўзбекистонликларнинг ҳам “оз эмас”лиги айтилади.
Шу соатларда Америка Қўшма Штатларининг янги президенти этиб сайлангани маълум бўлган Республикачи Дональд Трамп эса, ўзининг сайловолди кампанияси чоғида ноқонуний мавқеъдаги муҳожирларни “оммавий депортация қилиш”га ваъда берган.
У бунинг Америка тарихида “мисли кўрилмаган” бўлишини ҳам айтган...
Айнан ноқонуний миграция сўнгги тўрт йил ичида қанчалик актуаллик касб этиб улгургани билан бу галги АҚШ президентлиги сайловида ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга молик масалалардан бирига айланган.
Айниқса, Трамп америкалик сайловчиларни ўзига оғдириш учун яна ўзининг энг кўп диққат-эътиборини қаратаётган, қаттиқ орқа қилаётган мавзу экани кўрилган.
Ижтимоий сўров натижалари ҳам айнан иммиграция Трамп тарафдорларини энг кўп қизиқтираётган масала эканига далолат қилган.
Муҳожирларсиз АҚШни тасаввур қилиб бўладими?

Сурат манбаси, Getty Images
Луис Барручо, Би-би-си Жаҳон хизмати
Ҳам Демократчи ва ҳам Республикачи номзод асосан Мексика деворини назарда тутувчи АҚШ давлат чегаралари бўйлаб назоратни кучайтиришга қатъий эҳтиёж туғилгани ҳақида гапиришар экан, бу галги Америка президент сайловида муҳожирлар мавзуси кун тартибидаги асосий масалага айланган.
Муҳожирлар “босқини”дан бот-бот шикоят қилувчи Дональд Трамп ҳужжатсиз келганларни оммавий депортация қилишни ваъда берган.
Унинг демократ рақиби Камала Ҳаррис эса рақибини аҳоли орасида муҳожирларга нисбатан қўрқув ва бўлинишни кучайтираётганликда айбласа-да, ўзи ҳам чегарада девор қурилиши учун юз миллионлаб доллар ажратилишни кўзда тутувчи икки томонлама чегара хавфсизлиги қонун лойиҳасини доимо қўллаб-қувватлаб келади.
Дунёдаги энг кўп иммигрант аҳолига эга АҚШда муҳожирлар қандай аҳамият касб этади? Муҳожирларсиз бугун АҚШ қандай кўринишда бўлиши мумкин эди?
Аҳоли

Сурат манбаси, Getty Images
Муҳожирларсиз АҚШ аҳолиси сезиларли даражада камайган бўларди.
2023 йилда хорижда туғилган АҚШ фуқароларининг сони рекорд даражага етиб, 47,8 миллионни, яъни АҚШ аҳолисининг 14,3 фоизини ташкил этган.
Мексика энг кўп муҳожирлар келган мамлакат бўлиб, 10,6 миллион одам билан рўйхатда етакчилик қилади.
Ундан кейин Ҳиндистон (2,8 миллион) ва Хитой (2,5 миллион) жойлашган.
Муҳожирлар сони рекорд даражага етган бўлса-да, АҚШда умумий аҳоли ўсиши туғилиш даражасининг пасайиши туфайли ҳамон секинлашиб бормоқда.
Мамлакат туғилиш кўлами энг паст даражага тушган 1930-йиллардаги Буюк депрессия давридан бери энг секин аҳоли ўсиш миқёсини 2010-2020 йиллар оралиғида бошдан кечирди.
Бу эса, бошқа кўплаб мамлакатлар сингари АҚШ ҳам ошиб борувчи соғлиқни сақлаш харажатлари ва камаювчи ишчи кучи сонига олиб борадиган кексайиб бораётган аҳоли муаммосига дуч келишидан нишона беради.
Конгресс бюджети бошқармаси тахминларига кўра, 2040 йилга бориб ўлимлар туғилишлардан кўпайган вақтда аҳоли ўсиш кўлами фақатгина муҳожирлар ҳисобига юз беради.
Шу сабабдан ҳам баъзи иқтисодчилар ва муҳожирликни қўллаб-қувватловчи тарафдор гуруҳлар иқтисодий эҳтиёжларни қондириш, жумладан қишлоқ жойларидаги аҳоли бўшлиқларини тўлдириш учун муҳожирликка рухсат берилиши керак, деб таъкидлашади.
Иқтисодий таъсир

Сурат манбаси, Getty Images
Муҳожирлар бўлмаганида АҚШ иқтисодиёти жиддий зарар билан юзлашган бўларди, дейди Бостон университети иқтисодиёт бўйича доценти Тарек Ҳассан: “Агар муҳожирларни мамлакатдан бутунлай чиқариб юборсангиз, аҳоли жон бошига Ялпи Ички Маҳсулот 5-10% га камаяди. Бу эса, ўз навбатида, одамлар сони камайгани сайин аҳоли бойлик даражаси ва умумий Ялпи Ички Маҳсулот ҳам кескин камайишини англатади.”
Ҳассаннинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, муҳожирлик мамлакатдаги инновацияларни оширади, бу эса умумий маҳсулдорликка ижобий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, у маълум бир сектор билан чекланиб қолмасдан, АҚШ иқтисодиётининг умумий инновацион салоҳиятини ҳам ривожлантиради.
Шунингдек, муҳожирлар ишчи ёшида бўлиш эҳтимоли юқори.
Улар АҚШ аҳолисининг тахминан 14 фоизини ташкил этса-да, фуқаролик меҳнат кучининг қарийб 19 фоизини — 31 миллион ишчи сонини — эгаллаган ва меҳнат қилиш даражаси ҳам маҳаллий фуқароларникидан юқорироқдир, дейди ҳукумат идораси бўлган Меҳнат статистикаси бюроси.
Конгресс бюджети бошқармаси тахминларига кўра, умумий катта ёшли аҳолининг 62 фоизига таққослаганда, 2022-2034 йиллар оралиғида АҚШга кириб келувчи 16 ёшдан катта муҳожирларнинг тахминан 91 фоизи 55 ёшдан кичик бўлади.
Иқтисодиётнинг айрим соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги, айниқса муҳожирлар меҳнатига муҳтож бўлган соҳадир.
АҚШ Меҳнат департаментининг Миллий қишлоқ хўжалиги ишчилари сўровига кўра, гарчи уларнинг кўпчилиги ҳужжатсиз бўлса ҳам, қишлоқ хўжалиги ишчиларининг 70 фоизини муҳожирлар ташкил қилади.
Уларни мамлакатдан чиқариб юбориш кўплаб фермер хўжаликларини танг аҳволда қолдиради, деб ҳисоблайди Америка Муҳожирлик Кенгаши (АМК) тадқиқот директори Нан Ву.
Фермерларнинг етарлича ишчи кучига эга бўлмаслиги ҳосилни етиштириш, мева-сабзавотларни йиғиб олиш ва уларни америкалик истеъмолчиларга етказишда турли қийинчиликларни юзага келтиради.
Иммиграцияни танқид қилувчилар кўпинча паст маошга рози бўлувчи хорижий ишчиларининг кириб келиши маҳаллий аҳоли учун маошларнинг кескин пасайишига олиб келишини ўз нуқтаи назарларига далил ўлароқ келтиришади.
Аммо 2014 йилда Калифорния университети томонидан ўтказилган 27 та тадқиқотнинг шарҳида муҳожирликнинг маҳаллий аҳоли маошига таъсири асосан нолга тенг эканлиги хулоса қилинган.
Шарқий Иллинойс университети томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот эса, муҳожирлар сонининг ўсиши маош ошишига “ижобий” таъсир кўрсатишини, “статистик жиҳатдан эса ҳеч қандай аҳамият кас этмаслигини” аниқлади.
Солиққа таъсири

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ солиқ тушумига бу таъсир қандай қилади?
АМК таҳлилига кўра, муҳожир уй хўжаликлари 2022 йилда барча солиқ тушумларининг деярли олтидан бир қисмини ташкил қилган — бу қарийб 580 миллиард доллар дегани.
Бу фақат қонуний равишда келган муҳожирларнинг улуши эмас, дейди АМК вакили Нан Ву.
Pew Research Center таҳлилига кўра, умумий муҳожирларнинг 23 фоизи, тахминан 11 миллион киши ҳужжатсиздир. Уларнинг тўрт миллионга яқинини мексикаликлар ташкил қилади.
Солиқлар ва Иқтисодиёт Сиёсати Тадқиқот Институти томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, 2022 йилда ҳужжатсиз муҳожирлар федерал, штат ва маҳаллий солиқ идораларига қарийб 100 миллиард доллар тўлаган.
Аммо Иқтисодий Сиёсат Институти иммиграция ҳуқуқи ва сиёсати тадқиқотлари директори Даниел Коста иммиграциянинг иқтисодий таъсири миллий даражада ижобий аҳамият касб этса-да, аммо айрим штатлар кесимида, айниқса қисқа муддатда, салбий кўриниш бериши мумкинлигини айтади.
У ва жамоаси яқинда ўтказган тадқиқотда кам иш ҳақи оладиган муҳожирлар оқими қисқа муддатда “молия балансини салбий таъсирга олиб келиши” мумкинлиги кўрсатилади.
Шу сабабли, улар иммиграция орқали келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш учун кўпроқ иммигрантлар яшовчи ҳудудларга кўпроқ маблағ ажратишни федерал даражадан штат даражасига кўтаришни таклиф қилишади.
Калифорния университетининг етакчи иммиграция мутахассиси ва иқтисодчи профессори Жованни Пери эса иммиграция туфайли жамиятга бўлётган босим даражаси АҚШда туғилувчи аҳоли сони ўсиши билан ҳам ўзгармасдан қолишини таъкидлайди.
“Агар қурилиш кўлами мослашмаса, бу хизматлар ва уй-жойларга бўлган босимни кучайтиради… биз учун муҳожирларни сабаб ўлароқ ажратиб кўрсатиш осонроқ, холос”, дейди у.
Инновациялар ва тадбиркорлик

Сурат манбаси, Getty Images
Муҳожирлар ёки уларнинг фарзандлари Америка тарихидаги етакчи тадбиркорларнинг сезиларли қисмини ташкил қилиб келишади.
Fortune 500, АҚШдаги энг йирик 500 компанияларнинг йиллик рўйхатидаги компанияларининг тахминан 45 фоизига муҳожирлар ёки уларнинг фарзандлари томонидан эгалик қилинган.
Хусусан, муҳожирлар 1 миллиард доллардан ортиқ баҳоланувчи АҚШ стартапларининг 55 фоизига асос солишган.
Кўплари дастлаб АҚШга халқаро талабалар сифатида келган муҳожирлар глобал технологик тараққиётда муҳим роль ўйнаган.
2022-2023 ўқув йилида бир миллиондан ортиқ халқаро талабалар АҚШ иқтисодиётига 40 миллиард доллар ҳисса қўшишган ва ўқиш ҳамда яшаш харажатлари орқали 368 000 дан ортиқ иш ўринларини қўллаб-қувватлашган, дейди Халқаро Таълим Ассоциацияси.
Жамоатчилик фикри

Сурат манбаси, Getty Images
Муҳожирларнинг АҚШ иқтисодиётида касб этувчи аҳамиятига қарамай, яқинда ўтказилган Gallup сўровига кўра, америкаликларнинг 55 фоизи иммиграциянинг камайтирилишини истайди.
Шунингдек, Мексика чегарасидаги ноқонуний ўтишларни чеклаш масаласида кенг сиёсий келишув мавжуд.
Профессор Пери баъзи сиёсатчилар ва матбуот ходимлари муҳожирликнинг асл таъсир кўламини ёритиш ўрнига чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳикояларини оммалаштириш орқали иммиграцияга “чегарадаги тартибсизлик” ўлароқ тус берётганини айтади.
“Кўп одамлар жанубий чегарадан келаётган муҳожирларни хавфли тошқин сифатида эшитишади. Шунинг учун ҳам бу ортиқча ва зарарли деб ўйлашади”, дейди у. Бу ўринда, муҳожирларнинг иқтисодиётга ва демографик пасайишни тўлдиришга қўшадиган ижобий ҳиссаси шунчаки эътиборсиз қолдирилади.
Бостон университетидан Тарек Ҳассанга кўра, “Сўнгги йигирма йил ичида иммиграция даражаси жуда юқори бўлди, бу эса янги келганларни жамиятга мослаштириш учун ижтимоий имкониятларни қийинлаштиради.
Шу зайлда, муҳожирлар иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ижобий таъсирга эга бўлсалар-да, маҳаллий аҳоли ҳамон бу мавзуда ўзини ноқулай ҳис қилишда давом этиши мумкин.”














