Америка ва сайлов: Янги президент ким бўлишини мусулмонлар ҳал қиладими? Видео

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ янги президентини сайлаяпти. Сўнгги сайловда айнан мусулмонлар Байденнинг ютишига ёрдам беришган. Аммо уларнинг бу галги танлови жуда кутилмаган. Мусулмонларнинг бугунги кайфияти ҳатто етакчи Ғарб нашрларида сарлавҳаларга чиқди. Алоҳида таҳлилга лойиқ мавзу ўлароқ эътибор топди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Нима бўлди?

2020 йилги президент сайловида Демократчи номзод Жо Байденнинг Республикачи рақиби Дональд Трампни енгишига Мичиган штатининг Дирборн шаҳрилик сайловчилар ёрдам беришган.
Мичиган сайлов коллегиясининг янги президент тақдирини ҳал қилувчи 15 та овозига эга.
У Америка Қўшма Штатларидаги аҳолиси энг кўп мусулмон штатлари ўнлигига киради.
Штатдаги овоз бериш ҳуқуқига эга мусулмонларнинг сони чорак миллионга яқин экани айтилади.
Дирборн эса, Американинг араблар энг кўп яшовчи биринчи шаҳри саналади.
Агар, очиқ манбаларда имконли бўлган рақамларга таянилса, Дирборн аҳолиси ярмидан кўпининг келиб чиқиши Яқин Шарқ ёки Шимолий Африкага бориб тақалади.
Аммо Демократлар бу гал у ердаги арабларга орқа қила олмайдиган кўринишади.
Маълум бўлишича, у ердаги аксарият мусулмон араблар вице-президенти АҚШ президентлиги учун беллашаётган Демократчи Жо Байден Исроилнинг Ғазо ва Ливанга қаратилган ҳужумларини тўхтата олмаётганидан ғазабда.
Улар бу гал Демократчи Камала Ҳаррисни қўллаш ниятида эмас ва бу галги танловлари жуда кутилмаган, ҳатто, Яшиллар партияси номзоди Жилл Стайнга овоз беришга мойил.
Бу ерда овоз йўқотиш эса, ҳам Республикачи ва ҳам Демократчи номзодга қимматга тушиши мумкин.
Демократчи номзод Камала Ҳаррис якшанба куни ўзининг сўнгги митингини ҳам худди шу штатда ўтказди.
У, “Ғазодаги урушни тугатиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда бериб”, Мичигандаги мусулмон сайловчиларни ўзига тортишга уринди.
Шу пайтга қадар 82 миллиондан ортиқ америкалик муддатидан илгари овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиб бўлган.
Сўров натижалари Америка президентлигига ҳар икки номзоднинг елкама-елка бораётганлигига далолат қилаётир.
Бунақаси мамлакатнинг бу яқин тарихида кўрилмагани билан четда ҳам хос эътибор топган воқеъликка айланган.
Дональд Трамп эса, Исроилни дастаклашни ўз кампаниясининг асосий қисмига айлантирган.
Тарафдорлари унинг президент сифатида АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш, Исроил ва айрим араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирган “Иброҳим келишуви”га келиш каби қарорларини тилга олишади.
Трамп тинчликни қарор топтиришини айтади, аммо қандай қилиб эканини очиқламайди. Трампнинг иккинчи муддати олдинги сиёсатини давом эттиришини англатиши мумкин.
“Оқ уйга қайтганимда, Исроилнинг террорга қарши урушида ғалаба қозониш ҳуқуқини қўллайман. Улар бунга ҳақли бўлиши керак”, - дея баён қилган у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Кутилмаган танлов...

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ тажрибасида ғолиб асосан сайлов коллегияси тизими орқали аниқланади.
Аммо айнан Мичиган иккиланаётган муҳим штатлардан бири сифатида кўрилади ва у ердаги овоз янги президент тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Би-би-сининг Шимолий Америка бўйича муҳаррири Сара Смит сайлов арафасида Мичиганга сафар қилган, айнан Дирборнда бўлиб, у ердаги араблар ва бошқа мусулмонларнинг ўй-фикрлари билан қизиққан.
Унинг хабар беришича, Дирборндаги аксарият азалдан Демократчи бўлгани боис, ҳозир қандай овоз бериш ёки кимни қўллаш борасида бошлари қотган.
Самраъ Луқмон “Байдендан воз кечинг” кампанияси фаоли.
Фаолнинг айтишича, сайловда “нафақат Трампга овоз беради, балки уни маъқуллаб, жамоасидагиларни ҳам худди шундай қилишга ундайди”.
Самръа ўзининг ҳозир ҳам бошқа демократларга қараганда “сўлчироқ” эканини таъкидларкан, ўзининг қарори сабабини, “Ҳаррис Байден давридаги сиёсатни юритмоқчи” экани билан изоҳлайди.
Дирборндаги Демократик партия фаоли Мичо Асси эса, бу гал ҳам Демократчи номзодга овоз бериши, аммо, “шундай қилинг, деб, қолган мусулмонлар эшикларини қоқишга ўзида куч ҳам, жасорат ҳам йўқ”лигини таъкидлайди.
Би-би-сига маълум бўлишича, уларнинг барчаси барчаси Байден-Ҳаррис маъмуриятининг Исроилга қаттиқ туриши, тинч аҳоли ўлимига чек қўйиш учун кўпроқ ҳаракат қилишини истайди.
Жумладан, Уэйн округи комиссари Сэм Байдуннинг айтишича, “демократ экани ўзини жуда ноқулай аҳволга солиб қўйган”.
“Мен бир кунда саксон нафар яқинини йўқотган дирборнлик доришуносга қандай қилиб Камала Ҳаррисга овоз бер, деб айтаман”, - дейди у.
Би-би-си муҳаррири қизиқиб сўраганида эса, “сайлов варақасини бўш қолдириши мумкин”лигини айтади.
Сара Смитга кўра, ҳар доим Демократчи номзодга овоз берган дирборнликлар ҳозир буткул бошқача танловлар ҳақида ўйлашмоқда.
У суҳбатлашган Жонлантириш бўлими шифокори Али Дабаҳа ўзининг “Яшиллар партияси овоз бериши мумкин”лигидан сўз юритади.
Унга кўра, бу қарори “оддий америкаликлар учун ишламайдиган жараён, партия ва тизимга бетарафлик ҳамда норозиликнинг ифодаси” бўлади.
Али Дабаҳанинг таъкидлашича, “у фаластинлик, ливанлик ва Яқин Шарқдагилар учун аниқ иш бермаяпти”.
Би-би-си фикрини ўрганишга муваффақ бўлган бошқа бир дирборнлик эса, ўтган йил октябр ойида Исроилга қилинган ҳужумдан олдин ҳеч қачон Республикачи номзод Дональд Трампга овоз бераман, деб ўйламаганини айтади.
Чади Абдулраззоққа кўра, “энди унга овоз бериши мумкин”.
“Аммо ҳар гал шундай деганимда, томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлади. Виждоним қийналади. Қайт қилиб юборгудек бўламан. Аммо яна оилам, Фаластин ва Ливандаги халқимни ўйлайман”, дейди у.
Men Demokratman. Bu meni juda noqulay ahvolga solib qo‘yadi. Men bir kunda sakson nafar yaqinini yo‘qotgan dirbornlik dorishunosga qanday qilib Kamala Harrisga ovoz ber, deyman...
Яқин Шарқда кучайиб бораётган можаро эса, бу галги АҚШ президент сайлови манзарасида сайловчилар диққат-эътиборидаги энг муҳим масалалардан бири бўлади.
Демократчи Камала Ҳаррис ўзининг сайловолди амалиётлари чоғида “Ғазодаги инсон азоб-уқубатлари қаршисида жим турмаслиги”ни баён қилган.
Онлайн ташвиқотларда ҳам унинг Яқин Шарқдаги можаро одамларга нимага тушаётганини яхши англашини уқтиришга ҳаракат қилингани кузатилган.
Аммо, Би-би-си муҳаррири Сара Смитнинг айтишича, Мичигандаги мусулмон ва араб сайловчилар Камала Ҳарриснинг Яқин Шарқ бўйича Байденникидан фарқли стратегиясини кўришни исташади.
Унга кўра, шу боис ҳам, сайлов тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган Мичигандаги муҳим сайловчиларни ўзига қайтариши учун Демократчи номзодга биргина Ғазо ва Ливандаги оташкесимга оид даъватларни қўллашининг ўзи кифоя қилмаслиги мумкин.
Ислом Америка Қўшма Штатларида учинчи йирик дин ҳисобланади.
АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси дини бўйича маълумот йиғмайди.
Бироқ “Пью” тадқиқот маркази 2020 йилда Америкадаги мусулмонлар сонини қарийб 4 миллионга нисбат берган.
Агар, ушбу рақамларга таянилса, мусулмонлар умумий аҳоли сонининг 1.1 фоизини ташкил қилган.
2040 йилга бориб эса, мусулмонлар Америка Қўшма Штатларида насронийлардан кейин иккинчи энг йирик диний гуруҳга айланишлари башорат қилинган.
АҚШ мустақиллигини тан олган (1777 йилда - таҳр.) биринчи давлат ҳам мусулмон - Марокаш султонлиги бўлган.
Men Harris uchun ovoz beraman. Ammo siz ham shunday qiling, deb, musulmon jamoamdagilar eshigini qoqishga kuchim ham, jasoratim ham yo‘q...
Трамп, мусулмонлар ва тақиқ

Сурат манбаси, Getty Images
Дональд Трамп ўзининг 2016 йилги илк сайловолди амалиёти чоғида айнан мусулмонларга қарши кескин чиқишлари билан танилган Республикачи номзод бўлади.
Дональд Трамп қудратга келиши биланоқ, суриялик қочқинларнинг Америка Қўшма Штатларига киришларини номаълум муддатгача тақиқлаб қўйган.
Эрон, Ироқ, Яман ва Ливия дохил аксарият аҳолиси мусулмон бўлган олти давлат фуқароларига виза беришни уч ойга маън этган.
Ҳукумат мусулмонларнинг Америкага нисбатан муносабатини "тўлиқ аниқлаб олмагунча", уларнинг мамлакатга киришларини буткул тақиқлашга чақирган.
Дональд Трамп ўзининг сайловолди амалиётлари чоғида Ўзбекистоннинг номини ҳам Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тилга олиб ўтган.
Ўзбекистонни ҳам, ўз таъбирида, "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, фуқароларини эса, "террорчилар", деб аташ даражасигача борган.
Уларни ҳам Америка Қўшма Штатларига киритмасликка чақирган.
Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.
Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетган.
Дональд Трамп ўшанда, "бу - исломий террорчиларни АҚШ дан узоқроқ тутишга қаратилган янги чора-тадбирларининг бир қисми бўлиши"ни таъкидлаган.
"Фақат мамлакатларини қўллаб, халқини чин дилдан севганларгагина ўз эшикларини очиш истагида" эканликларини баён қилган.
Алал-оқибат Дональд Трамп янги президент сифатида иш бошлаганидан бир ҳафта ўтиб имзолаган буйруққа Ўзбекистон тушмаган.
Ўзбек ҳукумати Дональд Трампнинг бу сўзларига расман муносабат билдирмаган эса-да, бу турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлган.
Трампнинг мусулмонлар ҳақидаги ушбу баёнотлари Американинг ўзи ва дунёнинг қатор давлатларида ҳам сиёсатчилару дин пешволари томонидан кескин танқидга тутилганди.
Бу каби танқидлар манзарасида Дональд Трамп ўз сўзларини юмшатишга ҳам борган, буларнинг барчаси даъват эмас, "бир таклиф" бўлганини даъво қилиб чиққан.
Булар барчаси ортидан, Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлатига айлангани кўрилганди.
2021 йилнинг январида АҚШнинг янги Демократчи президенти сифатида иш бошларкан, Жо Байден биринчи кунданоқ Трамп тақиқларини бекор қилишга киришган, қатор янги буйруқ ва фармойишларни имзолаган.
Дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон қатор давлатларининг АҚШ га киришларига қайта изн берган.
Жо Байден Трампнинг бу тақиқини "давлат виждонидаги доғ", дея баҳолаган.
Бу, "Ҳар қандай динга мансуби баробарида динсизини ҳам қабул қилишдек узоқ тарихларига номувофиқ бир иш" бўлганини айтган.
Байден Мексика билан чегарадаги жадал кетаётган девор қурилиши ишларини ҳам тўхтатган.
Жо Байден, яна шунингдек, болалигида ноқонуний меҳнат муҳожири бўлган ота-оналари билан АҚШга кириб келган болалар тақдирига ҳам эътибор қаратган.
Миграция ташкилотларининг уларни мамлакатдан чиқариб юбориш саъй-ҳаракатларини маън этувчи янги буйруққа ҳам имзо чеккан.
Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Айрим ҳисоб-китобларда ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони бир неча юз мингга нисбат берилади.
Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.
Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.












