Украина. Янгиликлар: Киевга ҳужум, Путин Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақирди, Россия Қрим кўприги учун қасос оладими? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Rpssiya prezidenti

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қрим кўприги ярим оролнинг аннексияси ортидан шахсан Путиннинг буйруғи билан қурилган ва 2018 йилда ишга тушган

Путин Қрим кўприги портлатилишини "теракт", деб атади. Украинани айблади. Медведев Россия бунга фақат "террорчиларни тўғридан-тўғри йўқ қилиш билан жавоб бериши шарт"лигини айтди. Россия Украина шаҳарларига зарба беришни бошлади. Сўнгги тафсилотлар.

Xarita

Сурат манбаси, .

Алоқадор мавзулар:

Фавқулодда йиғин

Россия президенти шу соатларда Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинига раислик қилган.

Расмий хабарларга кўра, Путин Украина томонига қатор айбловлар билан чиққан.

Россия президенти Украинани "Турк оқими" газ қувури, Курск ва Запорожье атом электр станцияларига қилинган ҳужумларда айблаган.

Путин агар, "Россия ҳудудида террорчилик ҳужумларини уюштириш ҳаракатлари давом этаверса, жавоблари ҳам кескин ва таҳдидга яраша" бўлиши билан огоҳлантирган.

Имконли бўлган расмий хабарларда Россия президентининг Қрим кўприги портлашини тилга олгани ҳозирча кўрилмаган.

Россия президентининг айни мазмундаги айбловларига расмий Киев муносабати ҳозирча маълум эмас.

Кремль бугунги йиғин кун тартибига расман ойдинлик киритмаган.

Россия президентининг матбуот котиби бу Путиннинг чиқишидан сўнг аён бўлишини айтганди.

Бунга ўхшаш йиғинлар, одатда, ҳафтанинг жума кунлари ўтказиб келинган, шу боис ҳам, ноодатий экани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Кеча, якшанба куни Россия президенти Қрим кўпригидаги портлашни "Украина махсус хизматларининг теракти", деб атаган.

У Россия Тергов қўмитаси раҳбарининг сўзларини бирма-бир такрорлаган.

Rossiya prezidenti

Сурат манбаси, .

Александр Бастрикиннинг баён қилишича, Украина бу билан "йирик фуқаровий инфратузилма объектини ишдан чиқаришга умид қилган".

Медведев эса, Россия бунга фақат "террорчиларни тўғридан-тўғри йўқ қилиш билан жавоб бериши шарт"лигини айтган.

Россиянинг собиқ президенти бўлган Дмитрий Медведев жорий пайтда Хавфсизлик Кенгаши раисининг муоивини вазифасини бажаради.

"Россиянинг бу жиноятга жавоби фақат террорчиларни тўғридан-тўғри йўқ қилиш бўлиши мумкин. Чунки бутун дунёда шундай, деб қабул қилинган. Россияликлар ҳам худди шуни кутишаётир", - дея баён қилган у.

Ukraina prezidenti
Сурат тагсўзи, Украина президентига кўра, Россиянинг ракета зарбалари 3 октябрдан буён камида 43 тинч фуқаронинг умрига зомин бўлган

Расмий Киев Қрим кўпригидаги портлаш Украина Қуролли кучлари ёки Украина махсус хизматларининг иши бўлганини рад этаётир.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подольякнинг айтишича, бу - Россия қўмондонлигининг хатоларидан ниҳоятда норози бўлган ФСБ ва хусусий ҳарбий ширкатлар ўртасидаги "ички тортишувлар" натижасидир.

Путиннинг сўзлари ортидан Зеленский ҳам ўзларининг "террорчиларга тўқнаш келиб турганликлари"ни айтиб чиққан.

Шу соатларда Киев марказидан видемурожаат йўллаган.

Украина президенти Россиянинг ҳужумлари энергообъектлар ва одамларга қаратилганлигини таъкидлаган.

Ukraina prezidenti

Сурат манбаси, .

Расмий Киевнинг баён қилишича, айни мазмундаги айблов, ҳатто, Россиянинг ўзи учун ҳам "номақбул"дир.

Президент Володимир Зеленский эса, ўзининг ўтган тунги мурожаатида "Россиянинг Украина аҳолисига қарши террори расмий Москванинг музокаралардан воз кечгани далолати" эканини таъкидлаган.

Украина президентига кўра, Россиянинг ракета зарбалари 3 октябрдан буён камида 43 тинч фуқаронинг умрига зомин бўлган.

Бу ҳужумларнинг мутлақ аксарияти эса, Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига қаратилган.

Украина президенти яна бир бор Россияни халқаро миқёсда "террорчи давлат", деб тан олишга чақирган.

Шунингдек, Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашни тезлаштиришга ҳам ундаган.

Poytaxt Kiyev

Сурат манбаси, Reuters

Cars burn after Russian military strike, as Russia's invasion of Ukraine continues, in central Kyiv

Сурат манбаси, Reuters

Ўтган бир кеча-кундузда олинаётган хабарларга кўра, Россия сўнгги бир неча ой мобайнида илк бор яна Украина пойтахтини ҳужумга тутган.

Киевдан қатор портлашлар ва инсоний талафотларга оид хабарлар олинган.

Россия, бундан ташқари, Запорожье, Львов, Харьков, Днепр ва яна бошқа шаҳарларига ҳам зарба бераётгани айтилмоқда.

Россия Украинанинг барча йирик шаҳарларига бир вақтнинг ўзида зарба берган.

Бунақаси баҳордан бери кузатилмаган.

Европа Иттифоқи буни "уруш жиноятлари"га тенглаштирган.

Халқаро миқёсдаги акс-садолар ҳамон тинмаётир.

Украина президенти

Ғарб лидерлари Украина президенти билан мулоқотда. Яна бир бор Украинани ташлаб қўймасликларига ишонтиришаётир.

Россиянинг собиқ президенти ва Хавфсизлик кенгаши раисининг муовини Дмитрий Медведев эса, кенг миқёсли ҳужумлари яна давом этиши билан огоҳлантирган.

"Украина Россия учун доимий, тўғридан-тўғри ва аниқ таҳдид бўлиб қолади. Келажакдаги ҳаракатларимиздан мақсад Украинадаги сиёсий режимни тўлиқ йўқ қилиш бўлиши керак", - дея баён қилган у.

Қрим кўприги эса, ярим оролнинг аннексияси ортидан шахсан Путиннинг буйруғи билан қурилган ва 2018 йилда ишга тушган.

Жорий пайтда Россия учун Украина жанубидаги қўшинлари таъминотида ҳал қилувчи аҳамиятга эга стратегик жиҳатдан ўта муҳим объект.

Кўприкнинг очилиш маросимида ҳам Россия президентининг ўзи иштирок этган, тадбир Россиянинг давлат телевизион каналлари орқали олиб узатилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek