Украина уруши: Россия паспортини олдира олмаяптими, Эрдоған Украинада нима қилмоқчи ва Россия яна нечта одамни ўлдирди? Ukraina Rossiya Qrim Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, ГСЧС УКРАИНЫ
Қанча одам Россия паспортини олгани маълум бўлди. Туркия президенти яна Украинада. Эрдоған нимага келишмоқчи ва Россия Харьковга устма-уст зарба берди.
Украина ва Россия: Қримни ким портлатаяпти?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Украина уруши: Ҳатто русларнинг ҳам Россиядан кўнгли қолдими?
- Украинада вазият шунчалар қалтислашдими, Эстония Россияга нисбатан янада кескин кетди ва Украина қаерда жиддий хатога йўл қўйди?
- Украина уруши ва Россия: Зеленский Қримни барибир олмоқчи, Қримдаги портлаш ортида ким турибди? - Видео
- Украина уруши: Россия Запорожьеда референдум ўтказмоқчи
Россия Харьковда нималар қилаяпти?

Сурат манбаси, ГСЧС УКРАИНЫ
Россия сўнгги бир неча соат ичида Харьковга устма-уст зарба берган.
Иккита ракетаси ётоқхонага келиб теккан.
Украина томонига кўра, ракеталар жами саккиз кишини ўлдирган, яна 30 дан ортиқроғини яралаган.
Россиянинг сўнгги ҳужумлари чоғида тан жароҳати олганлар орасида болаларнинг ҳам борлиги айтилади.
Харьков мэрининг маълум қилишича, Россия бугун эрталаб шаҳарга камида беш бор ракетадан зарба берган.
Шарқий Харьков Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлади.
Шаҳар, ойларки, Россиянинг ҳужумлари остида.
Украина президенти шу йил май ойида Харьковга шахсан ўзи ташриф буюрган.
Володимир Зеленский у ердаги вайронагарчилик кўлами билан бевосита танишган.
Шаҳарда вайрон бўлган минглаб турар-жой бинолари борлиги, уларнинг барчасини қайта тиклашларини баён қилганди.
Эрдоған яна Туркияга боради

Сурат манбаси, Reuters
Туркия президентининг ташрифи борасида АҚШ Давлат департаменти расман маълум қилган.
Америка томонига кўра, Режеп Таййип Эрдоған бугун, пайшанба куни ғарбий Львовда бўлади.
У ерда БМТ Бош котиби билан озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини муҳокама этади.
Туркия президенти сўнгги ойларда, таъбир жоиз, "ғалла" дипломатиясида етакчилик қилиб келади.
Айнан унинг воситачилигида ўтган ой тўрт томонлама битим имзоланган ва унга мувофиқ, Украинадан ғалла экспорти қайта тикланганди.
Бу дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга молик масалалардан бири бўлади.
Маълум бўлишича, Режеп Таййип Эрдоған БМТ Бош котиби баробарида Украина президенти билан ҳам учрашади.
АҚШ Давлат департаментига кўра, Россия қамали бекор бўлиши ортидан озиқ-овқат юкланган 20 дан ортиқ кема Украина портларини тарк этган.
Департамент расмий вакили Нед Прайс шундай деркан, бунинг "албатта, яхши" эканини таъкидлаган.
22 июлда Истанбулда имзоланган мазкур битим шартларига мувофиқ, юк ташиш пайтида Россия портларга ҳужум қилмайди.
Украина эса, кемаларнинг миналанган ҳудудлар оша сувдан хавфсиз ўтишини таъминлайди.
Қанча одам Россия паспортини олган?

Сурат манбаси, Reuters
Украиналик масъуллар янги рақамларни эълон қилишди.
Агар, уларнинг маълумотларига ишонилса, Херсон ва Запорожьенинг ишғол остидаги ҳудудларида Россия паспортини олганлар сони ҳатто бир фоизга ҳам етмайди.
Украина ҳукуматининг таъкидлашича, "Маҳаллий аҳолига ўз паспортини тиқиштириш каби босқинчиларнинг вақтинча ишғол остидаги ҳудудларда (Россияга қўшилиш бўйича) референдум ўтказиш қарори ҳам умуман иш бермайди".
Украиналик масъулларга кўра, аксарият аҳоли мажбуран Россия паспортини олишдан кўра, ишғол остидаги ҳудудларни тарк этишни афзал билаётир.
Президент Путин яқинда барча Украина фуқаролари учун бирдек Россия паспортини олишни енгиллаштирган.
Россия ишғолига қадар бу каби тартиб фақат ўзини Украинадан мустақил, деб эълон қилган донбассликлар учун амал қилган.
Кейинчалик бу нарса Херсон, Запорожье ва Украинанинг Россия босиб олган бошқа ҳудудларига ҳам тадбиқ этила бошлаган.
Москва Херсон ва Запорожьеда Россия паспортини берувчи марказларини очишгача борган.
Россия томонидан тайинланган вакилларнинг маълумотларига таянилса, бу икки минтақада минглаб одам Россия паспортини олган, ўн минглаби эса, олиш учун ариза топширган.
Аммо, уларнинг айни мазмундаги иддаоларига қарамай, имконли бўлган видеотасвирларда Россия паспортини олиш учун марказлар эшигида одамларнинг тиқилиб кетгани кўрилмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















