Видео. Украина уруши: Қрим базаси портлаши - Россиянинг энг йирик бир марталик талофати- Ukraina Rossiya Qrim Dunyo Yangiliklar

Қримда 9 август куни рўй берган портлашлардан кейинги аҳвол

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Портлашлардан кейинги тутунлар жуда юқори кўтарилди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Сунъий йўлдошдан олинган янги фотосуратлар Қримдаги ҳарбий ҳаво базасидаги портлаш бинолар ва ҳарбий самолётларни қанчалар вайрон этганини намойиш этди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Саки" деб номланган ҳарбий-ҳаво базаси Қрим ярим оролининг ғарбида, Новофёдоровка деган қишлоқ яқинида жойлашган.

9 август куни маҳаллий вақт билан соат тўртлар атрофида Россия ҳарбий базасида бир неча кучли портлашлар рўй берди.

Оқибатда Россия назоратидаги Қрим маъмурияти бир инсон ҳалок бўлган, 14 киши жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатди.

Ҳужум учун маъсулиятни Украина бўйнига олмади.

Бироқ далиллар шуни кўрсатади, Украина ҳарбий базани нишонга олган бўлиши мумкин.

АҚШда жойлашган Planet Labs ширкатининг сунъий йўлдошдан тасвирга олинган фото суратларида портлашлардан кейин рўй берган ёнғин катта ҳудудни кунпаякун қилганини кўрсатади.

Суратларда ҳарбий аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги шикастланмаган кўринади.

Лекин камида саккизта самолёт ё вайрон бўлган, ёки шикаст еган.

Портлашлардан ерда бир неча чуқур ёриқлар ҳосил бўлганини кўриш мумкин.

Ўйиқларнинг аксари ҳарбий базанинг самолётлар очиқ ҳавода сақлаб қўйилган жойда кўринади.

Портлашлардан олдинги ва кейинги сунъий йўлдош суратлари

Саки" ҳарбий ҳаво базасининг 9 август портлашдан олдинги кўриниши

Сурат манбаси, Planet Labs PBC

Сурат тагсўзи, "Саки" ҳарбий ҳаво базасининг 9 август портлашдан олдинги кўриниши
Saki military airbase after shot

Сурат манбаси, Planet Labs PBC

Сурат тагсўзи, Саки" ҳарбий ҳаво базасининг портлашлардан кейинги 10 августдаги кўриниши. Бир неча ҳарбий самолёт шикастланганини кўриш мумкин.

Украина осмонидаги юзлаб сунъий йўлдошдан маълумот оладиган Planet Labs компаниясининг фото суратлари Россия ҳарбий базасига нақадар шикаст етказилганини тасдиқлайдиган дастлабки мустақил исботдир.

Бунгача Қримдаги портлашлар миқёси унча аниқ эмас эди.

Лекин Россия ҳарбий базасига етказилган зарар миқёси ҳамда бунга нима сабаб бўлгани ҳозир ҳам номаълум.

Россия айтишича, ҳарбий база ҳудудида ғамланган жанговар аслаҳа портлашига ёнғин хавфсизлигига риоя этилмагани сабаб бўлган.

Украина ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.

Украина Мудофаа вазирлиги бепарво Россия аскарлари портлаш сабабчилари бўлиши мумкинлиги эҳтимолини билдирди.

"Ўйлашимча, Россия ҳаво базасидаги ҳарбий шоввозлари оддий қоидани бузганлар: Хавфли жойда чекма! Бор гап шу", деди Украина Мудофаа вазири Олексий Резников.

Украина ҳарбий-ҳарбий ҳаво кучлари, ўндан зиёд Россия ҳарбий самолёти вайрон этилди, дейди.

Россия эса бирорта ҳам самолётимиз вайрон бўлгани йўқ дейди.

Сунъий йўлдош суратлари бу гап ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатади.

Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес тахминича, Қримда икки алоҳида портлаш рўй бергани бунинг бахтсиз ҳодиса эмас, ҳужум эканини кўрсатади.

Шунингдек, Британия мудофаа вазири Украинанинг Қримни нишонга олишга ҳаққи борлигини ҳимоя қилди.

"Агар зарур бўлса, ўз ҳудудини нафақат қайта қўлга киритиш, балки босқинчини қувиб солиш учун Украинанинг ҳалокатли кучни қўллаши буткул қонунийдир", деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Бен Уоллес.

Украина томонидан Қрим ичкарисига ҳужум урушнинг янада авжига чиқаётганини англатади.

Ўтган ой Россия томонидан Қримга ҳужум оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантириш янграган эди.

Собиқ президент Дмитрий Медведев Украина Қримга ҳужум қилса "қиёмат кунини кутаверсин" деб таҳдид қилган эди.

Қрим халқаро миқёсда Украинанинг ҳудуди деб тан олинган.

Лекин 2014 йили Россия Қора денгиздаги Қрим ярим оролини ўзига қўшиб олган эди.

Кўплаб украиналиклар Қрим аннексиясини ўзларининг Россия билан урушининг бошланиши деб биладилар.

Сешанба кунги портлашлар ортидан Украина Президенти Володимир Зеленский ўзининг анъанавий кунлик видео мурожаатларининг навбатдагисини Қримга бағишлади.

У Украина Қримни қайта қўлига олиши лозимлигига ишонишини айтади.

Уруш Қримдан бошланган, Қрим билан тугайди, деди Президент Зеленский.

Лекин у бу қачон юз беришини аниқ айтолмайман, деди.