Псков, Краснодар, Жанубий Осетия: қаердан ва қанча аскар Украинада жанг қилишдан бош тортмоқда Ukraina Rossiya Putin

Сурат манбаси, SERGEI MALGAVKO/TASS
Россия Украинага бостириб кирганидан бери турли минтақалардан келган рус ҳарбий хизматчилари урушга боришдан бош тортгани ва бунинг учун жазоланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Жанубий Осетиядан келган баъзи ҳарбийларнинг Украинада жанг қилишдан бўйин товлагани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Одатдагидек, бу ҳақда мустақил ОАВ ўзларининг аноним манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Би-би-си Рус хизмати Украинада жанг қилишдан бош тортганлар ҳақида маълум бўлган маълумотларни ҳикоя қилади.
Украина: Россия келаяпти - қочинг, эрта кеч бўлиши мумкин. Сўнгги тафсилотлар
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Жанг қилишдан бош тортгани учун ишдан ҳайдалиш
Украинага боришдан бош тортган ҳарбийлар ҳақидаги сўнгги хабарни "Псковская губерния" эълон қилди. Нашр ўз манбаларига таяниб, 6 апрель куни 60 нафар Псков аскари уруш бошида Беларусга кўчирилгани, у ердан Украинага юборилиши ҳақида хабар берди. Улар боришдан бош тортишди ва Псковга қайтишди. "Ҳозир уларнинг аксарияти ишдан бўшатилган, бироқ баъзиларига қарши жиноят иши қўзғатилиши билан таҳдид қилинмоқда", деб ёзади газета.
Павел Чиков бошчилигидаги «Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар беришича, "рад этувчи"лар ишдан бўшатилиб, уларга босим ўтказилмоқда. Унинг сўзларига кўра, 25 февраль куни Краснодар ОМОНининг «Пластун» ротасидан 12 нафар хизматчи Украинага жўнаб кетиш ҳақидаги қўмондонлик талабларини бажаришдан бош тортган.
"Буйруқни бажаришдан бош тортишни Миллий гвардия жангчилари унинг ноқонунийлиги билан изоҳладилар. Уларнинг ҳеч бирида хорижга чиқиш паспорти бўлмаган ва Россия ҳудудини тарк этиш нияти ҳам бўлмаган, айни пайтда уларнинг бевосита расмий вазифалари Россия Федерацияси ҳудуди билан чегараланган", деб ёзган Чиков.
Унинг сўзларига кўра, ОМОН жангчиларидан ҳеч бири Украинада ишлашга рози бўлмаган ва бундай трансфер шартлари ва вазифалари ҳақида хабардор қилинмаган.
Рад этишдан кейин гвардиячилар ишдан бўшатилди, улар бу қарорга суд орқали эътироз билдирмоқда. Уларни ҳимоя қилаётган адвокат Михаил Беньяшнинг айтишича, 12 хизматчидан тўққиз нафари "махсус хизматларнинг иши" туфайли ноқонуний ишдан бўшатилганлик ҳақидаги даъволарини қайтариб олган. Суднинг таъкидлашича, уларни ишдан бўшатиш ҳолатларида давлат сирлари мавжуд.
Айни пайтда 12 нафар краснодарлик омончининг ҳикояси суд ҳужжатлари билан тасдиқланган «инкорчилар» ҳақидаги ягона хабардир.
Худди шундай воқеани 4 апрель куни минтақавий Хакас нашри «Новый фокус» ҳам хабар қилганди. Нашр бир қанча манбаларга таяниб, Хакасиядан 11 нафар омончи Украинага боришдан бош тортгани ҳақида хабар берди.
Рад этиш сабаби уруш бошида Хакас ва Кузбас СОБР жангчилари карвони Украина ҳудудида ўққа тутилганлиги ҳақидаги хабарлар эди. Нашрнинг таъкидлашича, улар ёмон қуролланган ва Украина ҳаво ҳужумларига қаршилик кўрсата олмаган.
"Маълум бўлишича, ҳеч қандай разведка бўлмаган, росгвардия қўмондонлари вазиятдан чиқиш ва таҳлил қилиш билан шуғулланмаган. Фожиа содир бўлганда, юқори раҳбарлар шунчаки полиция махсус бўлинмаларининг оғзини ёпишга ҳаракат қилишган", дея таъкидлайди нашр.
Шундан сўнг Хакасиядан 11 нафар омончи урушга боришдан бош тортди. Росгвардия раҳбарияти уларни салбий сабабларга кўра ишдан бўшатишга ҳаракат қилмоқда. Нашрнинг ёзишича, ўз отрядини урушга олиб боришдан бош тортган Новочеркассклик ОМОН қўмондони терговда.
"Бизни шунчаки ўлимга юборишди"
12 март куни Украинанинг «Грати» нашри денгиз пиёдалари орасидан 80 га яқин россиялик муддатли ва шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар урушда қатнашишдан бош тортгани ҳақида хабар берди. Нашр "Мудофаа вазирлигининг Қримдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими"даги (2014 йилда Россия томонидан Украинадан аннекция қилинган) манбага таянади.
Нашрнинг ёзишича, уруш бошида ҳарбийлар Херсон вилоятига ўтказилган ва "улар қўмондонлар айтганидек, машғулотлар эмас, балки Украина қўшинларига қарши жангларда қатнашиши кераклигини тушунишган". Шундан сўнг улар жанг қилишдан бош тортишган ва Қримга қайтарилган.
«Грати»нинг таъкидлашича, урушдан бош тортган 80 нафар хизматчи орасида бор-йўғи бир неча ой хизмат қилган, баъзилари ҳатто қасамёд қилишга ҳам улгурмаган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам бор. Ҳарбий прокурорлар уларни жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитиб, жангга мажбурлаган, бироқ бу босим Путин муддатли ҳарбий хизматчилар Украинадаги жанговар ҳаракатларга жалб қилинмаслигини эълон қилганидан кейин тўхтаган.
Нашрнинг қайд этишича, ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома имзолаганлар, рад жавобига қарамай, "урушга жалб қилинган".
Биз Жанубий Осетия ҳарбийлари билан ҳам шундай бўлганидан хабаримиз бор. Март ойи охирида Жанубий Осетия телеграм-каналлари 4-гвардия ҳарбий базаси хизматчилари Грузиянинг бўлгинчи вилояти пойтахти Цхинвалига қайтаётгани ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик Жанубий Осетиянинг собиқ президенти Эдуард Кокойти бу маълумотни тасдиқлади, бироқ қайтганлар сони ва бунинг сабабларини айтмади.
«Медиазона» (Россия Адлия вазирлиги томонидан ОАВ - "хорижий агентлар" реестрига киритилган) ўз манбасига таяниб, Жанубий Осетия ҳарбийлари Украинага қуруқ қўл билан юборилгани ҳақида хабар беради: аскарлар ҳимоя ва жиҳозларни ўзлари сотиб олган .
Манбага кўра, 300 га яқин жанубий осетин аскари беш кун давом этган жанговар ҳаракатлардан сўнг республикага қайтган. Улар шундай қарорга аскарлардан бири мина портлашида ўлгани, қўмондон унинг жасадини уйига жўнатишдан бош тортгандан кейин келган.
Манбанинг таъкидлашича, Жанубий Осетия ҳарбийлари урушдан қочган деб айтиш мумкин эмас: "Биз беш кун давомида ҳақиқий жанг қилдик. Кейин эса бизни шунчаки ўлимга юборишди. Буни ҳамма билади. Биз буни исботлаймиз".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














