Россия, Путин яна гапирди: Украина НАТОга кириш ниятидан воз кечиши керак Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Россия президенти

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Россия президентининг айтишича, Украина қуролсизланса, НАТОга киришдан воз кечса ва Қримнинг бугунги мақомини расман тан олса, қуролли низо ҳам бўлмайди

Россия президентининг айтишича, НАТОга кирмаслик - Украина учун энг зўр қарор бўлади. Путин яна Украинани қуролсизланишга чақирган. "Тиш-тирноғигача қуролланган" Украина ўзларига қарши ва мақбул эмаслигини айтган. Расмий Киев ҳозирча жим. Ғарб ҳам бунга ҳалича ўзининг муносабатини билдирмаган.

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Тинчлик кафолати

Россия ҳарбийси

Сурат манбаси, TASS/GETTY IMAGES

Путин кеча берган қисқа матбуот анжумани чоғида айтган айни мазмундаги сўзлари билан, афтидан, НАТО Бош котибига жавоб берган.

Йенс Столтенберг эса, Украина ҳар қандай бошқа бир давлат каби НАТОга киришга ҳақли эканини яна бир бор такрорлаганди.

Россия президентининг айтишича, Украина қуролсизланса, НАТОга киришдан воз кечса ва Қримнинг бугунги мақомини расман тан олса, қуролли низо ҳам бўлмайди.

Яъни, унинг сўзларидан англашилса, худди шу уч нарса тинчликнинг кафолати бўлади.

Расмий Киевнинг бу шартлардан бирортасига кўнишини хаёлга ҳам келтириб бўлмайди. Бу эса, Украина шарқида кенг миқёсли урушни англатади, дейди Би-би-си Рус хизматининг ходими Илья Барабанов.

Россия парламентининг юқори палатаси кеча, сешанба куни Путинга Украинанинг икки шарқий бўлгинчи минтақасига қўшин юборишига изн берди.

Худди шу воқеъликни назарда тутиб, Илья Барабанов энди бу эҳтимолий урушнинг янги ва очиқча иштирокчиси Россия Армияси бўлади, дейди.

Унинг айтишича, 2014-2015 йилги қуролли можарода Россия қўшинлари расман иштирок этишмаган.

Ўшанда Кремль ўзини рақиб томон сифатида тан олмаган.

Аммо Путин таърифлаган сўнгги истиқболларга таянилса, Россия-Украина уруши деярли муқаррар, дейди у.

Ҳеч кимдан қўрқмаймиз

Украина президенти

Сурат манбаси, Getty Images

Украина президентининг айтишича, кеча мамлакати ташқи ишлар вазирлиги ўзига мурожаат қилган.

Ундан Россия билан дипломатик алоқаларни узишни сўраган.

Ўтган тун Владимир Зеленский Украина халқига мурожаат билан чиққан.

Мамлакати ҳеч кимга ҳеч нарсасини бериб қўймаслигини баён қилган.

Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари қандай бўлса, шундайлигича қолишини айтган.

"Биз ўз еримиздамиз. Биз ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. Биз ҳеч кимдан қарздор эмасмиз. Ва ҳеч кимга ҳеч нарса бермаймиз. Буни ишонч билан айтамиз. Чунки ҳозир 2014 йил эмас, 2022 йилнинг феврали. Украина ҳам, Қуролли кучлари ҳам ўзгарган. Ягона мақсадимиз - Украинанинг тинчлиги", - деб айтган Владимир Зеленский.

Украина президенти бундан аввал ўзларининг НАТОга кириш ниятларидан воз кечмасликларини айтган.

Янги хавотирлар

БМТ Бош котиби

Сурат манбаси, EPA

Кеча, сешанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши ўзининг фавқулодда йиғинини чақирган.

Йиғинда Украина атрофидаги сўнгги вазиятни муҳокама этиб олган.

БМТ Бош котиби Путиннинг Донецк ва Луганкс билан боғлиқ сўнгги баёнотларидан жиддий ташвиш изҳор этган.

Ғарб давлатлари Россияни Украинага янада чуқурроқ бостириб кириш учун замин яратаётганликда айблашган.

Украинанинг БМТдаги доимий вакили Россиянинг ҳар қандай баёнотлари ёки амалларига қарамай, мамлакати чегаралари ўзгаришсиз қолишини таъкидлаган.

Россиянинг БМТ қошидаги элчиси Василий Небензя эса, Украина раҳбариятини айблаган.

У расмий Киев Минск келишувларини чипакка чиқариш учун қўлидан келган барча ишни қилганини иддао қилган.

Нормандия тўртлиги 2014 йилда келишган мазкур битимлар Украинадаги вазиятни тинчитиш шартларини кўзда тутган.

Тўртликка Россия ва Украинадан ташқари яна Франция ҳамда Германия ҳам киради.

Путин Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бугун, 23 февраль куни яна гапирган.

Украина масаласида Ғарб билан дипломатия олиб боришга ҳануз тайёр эканликларини айтган.

Аммо Россиянинг манфаатлари ва фуқароларининг хавфсизлиги муҳокама этилмаслигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek