Савол ва жавоб: Нега Россия НАТОга ҳеч ишонмайди? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Ҳарбийлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

НАТО аъзолари Россия босқинига қарши Украинага ёрдам бериш учун қанчалик узоққа боришлари мумкинлигини сарҳисоб қилмоқда.

АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германияни ўз ичига олган альянс Украинага ҳарбий тайёргарлик ва ёрдамни кучайтирмоқда.

Россия: Путин урушмоқчими ёки тил топмоқчи?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

НАТО нима?

НАТО - Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти 1949 йилда 12 давлат, жумладан, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Франция тузган ҳарбий иттифоқдир.

Аъзолар ўз иттифоқчиларига қуролли ҳужум қилинган тақдирда бир-бирларига ёрдам беришга келишиб олган.

Альянснинг мақсади дастлаб Европада Иккинчи Жаҳон урушдан кейин Россия экспансияси таҳдидига қарши туриш эди.

1955 йилда Совет Россияси НАТОга жавобан Шарқий Европа коммунистик давлатларининг Варшава шартномаси деб номланган ҳарбий иттифоқини тузди.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, бир қатор собиқ Варшава шартномаси давлатлари НАТОга аъзо бўлди. Ҳозирда альянснинг 30 та аъзоси бор.

Россиянинг НАТО ва Украина билан ҳозирги муаммоси нима?

Ҳарбийлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилишига жавобан НАТО илк бор қатор Шарқий Европа давлатларига ўз ҳарбийларини жойлаштирган

Украина собиқ Совет республикаси бўлиб, ҳам Россия, ҳам Европа Иттифоқи билан чегарадошдир.

Украина НАТО аъзоси эмас, лекин "ҳамкор давлат" саналади. Демак, келажакда унга альянсга қўшилишга рухсат берилиши мумкин.

Россия Ғарб давлатларидан Украина ҳеч қачон альянсга аъзо бўлмаслигига кафолат беришини истайди.

Бироқ АҚШ Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қаршилик қилмоқчи эмас ва у суверен давлат сифатида ўзи истаган хавфсизлик альянсига киришга ҳақли деб ҳисоблайди.

Украинада этник руслар кўп ва Россия билан яқин ижтимоий ва маданий алоқалар мавжуд. Стратегик жиҳатдан Кремль уни Россиянинг томорқаси деб билади.

Россия яна нимадан хавотирда?

Президент Путиннинг даъво қилишича, Ғарб давлатлари иттифоқдан Россияни қуршаб олиш учун фойдаланмоқда ва у НАТОдан Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятини тўхтатишини хоҳлайди.

У АҚШ 1990 йилда НАТОнинг шарқ томон кенгаймаслиги ҳақидаги кафолатини бузганини таъкидлаб келади.

НАТО Россиянинг даъволарини рад этиб, аъзо давлатларнинг оз қисмигина Россия билан чегарадош экани ва у мудофаа иттифоқи эканини таъкидлайди.

Кўпчилик Россия қўшинларининг Украина чегарасида тўпланиши Ғарбни Россиянинг хавфсизлик бўйича талабларини жиддий қабул қилишга мажбурлашга уриниши бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

НАТО ўтмишда Россия ва Украина масаласида нима қилди?

2014 йил бошида украиналиклар ўзларининг россияпараст президентини ҳокимиятдан ағдарганларида, Россия Украинанинг Қрим яриморолини аннекция қилиб олди.

Шунингдек, Украина шарқида катта ҳудудларни эгаллаб олган россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлади.

НАТО аралашмади, аммо у биринчи марта Шарқий Европанинг бир қанча давлатларига ҳарбий кучларни жойлаштириш билан жавоб берди.

Альянснинг Эстония, Латвия, Литва ва Польшада тўртта кўп миллатли жанговар батальонлари ва Руминияда кўп миллатли бригадаси бор.

Шунингдек, у Болтиқбўйи давлатлари ва Шарқий Европада аъзо давлатлар чегараларини бузган ҳар қандай рус учоқларини уриб туширадиган тузилмаларни кенгайтирди.

Россия эса ушбу кучларни бу давлатлардан олиб чиқишларини истамоқда.

НАТО Украина олдида қандай мажбуриятларни олди?

НАТОнинг қирувчи самолётлари

Сурат манбаси, ANADOLU VIA GETTY

Сурат тагсўзи, НАТО Шарқий Европада ўзининг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб қолган

АҚШ президенти Жо Байден Россия босқинчилик учун "жиддий ва оғир товон" тўлашини айтди.

АҚШ 8500 аскарини тайёр ҳолатга келтирди, бироқ Пентагон улар НАТО тезкор ҳаракат кучларини фаоллаштиришга қарор қилгандагина ишга солинишини айтди.

Пентагон Украина ҳудудига қўшин киритиш режаси йўқлигини қўшимча қилди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳар қандай кейинги ҳарбий эскалация "Россия режими учун иқтисодий, сиёсий ва стратегик жиҳатдан қимматга тушади", дея огоҳлантирди.

Даунинг-стритнинг айтишича, Британия "иттифоқчилар тезкор жазо чораларини кўриши, жумладан, мисли кўрилмаган санкциялар пакетини қабул қилиши"га тайёр.

НАТО Украина учун бирлашадими?

Президент Байденнинг таъкидлашича, Украина масаласида Европа етакчилари билан "тўлиқ якдиллик" мавжуд, бироқ Украинани қўллаб-қувватлаш борасида иттифоқчилар қарашларида фарқлар мавжуд.

АҚШ Украинага "олдинги чизиқ ҳимоячилари" учун ўқ-дориларни ўз ичига олган 90 тоннага яқин қурол юборган. Буюк Британия Украинага танкга қарши қисқа масофали ракеталарни етказиб бермоқда.

Баъзи НАТО аъзолари, жумладан, Дания, Испания, Франция ва Нидерландия минтақадаги мудофаани кучайтириш учун Шарқий Европага қирувчи самолётлар ва ҳарбий кемалар юбормоқда.

Бироқ Германия ўзини уруш ҳудудларига қурол юбормасилик сиёсатига содиқ қолган ҳолда Украина қурол юборишни рад этди, тиббий ёрдам жўнатишини айтди.

Айни пайтда Франция президенти Макрон вазиятни юмшатиш учун Россия билан мулоқотга чақирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek