Озарбайжон Европа бўлмоқчи, фақат демократиясиз Dunyo yangiliklar Ozarbayjon

Баку
Сурат тагсўзи, Ҳаммаси Ғарбий Европаникидек бўлсин - замонавий Боку ташқи кўринишида ушбу ёндашув ўта муҳим ҳисобланади

Боку - турли даврлардаги Европа архитектураси, худди Лондонда бўлгани каби такси кэблар ва қизил телефон кабиналари шаҳридир. Озарбайжон Олимпия ўйинларига мезбонлик қилишга уриниб кўрди, аммо муваффақиятсизликка учрагач, Европа ўйинларини ўтказди. Бу ерда Европа футболининг топ ўйинлари ўтказилди. Бу давлат ҳақиқатан ҳам Европага ўхшамоқчи ва айни пайтда демократик қадриятларга мутлақо алоқаси бўлмаган сиёсат олиб бормоқда.

Озарбайжоннинг ташқи томондан Европанинг бир қисми бўлишга хоҳиши расмийларнинг риторикасига ҳамоҳанг эмас. Ҳукуматпараст матбуот, амалдорлар ва президентнинг ўзи кўпинча Европа ва демократик қадриятларни танқид қилади.

Айни пайтда, суриштирувчи журналистлар Европада Озарбайжон расмийлари ва президент Алиевнинг яқин қариндошларига тегишли пул ва мулкларни топмоқда.

Қора шаҳардан оқигача

Эски Боку замонавий шаҳарнинг кичик бир қисми бўлиб, у Ўрта асрда қурилган қалъа девори билан ўралган. У "Эски шаҳар" ёки баъзан "Ички шаҳар" деб номланади. Бу ерда Ширваншоҳлар саройи, бир неча қадимий масжидлар ва бир қаватли уйлар солинган тор кўчаларнинг лабиринтлари жойлашган.

"Ички шаҳар" ташқарисида эса мамлакатда нефть топилганидан кейин ўсган Боку жойлашган.

Баку
Сурат тагсўзи, Ширваншоҳлар саройи билан Бокунинг замонавий меъморчилиги ёнма-ён

Қалъа девори ортида 19-асрда Озарбайжон Россия империясига кирганида, биринчи нефть топилган пайтда шаклланган ҳозирги марказ бошланади. Бу асосан Европанинг турли меъморий услубидаги 2-3 қаватли бинолар.

Шунингдек, айниқса, партия фаоллари яшаган марказда постсовет мамлакатларига таниш бўлган уйлар - "сталинка"лар жойлашган. Марказдан узоқроқ бўлган микротуманларда ҳали ҳам беш қаватли "хрушевка"лар бор.

1917 йил инқилобидан олдин Бокудаги энг йирик саноат зонаси "Қора шаҳар" деб номланган. Бу ерда, ёзувчи Борис Акуниннинг тўқимасига кўра, унинг афсонавий детективи Эраст Фандорин оғир яраланган.

Озарбайжоннинг мустақиллик йилларида саноат зонаси бузиб ташланди ва унинг ўрнига "Оқ шаҳар" қурилди. Унинг асосий диққатга сазовор жойи - Ҳайдар Алиев маркази (у собиқ президент ва ҳозирги президентнинг отаси) бўлиб, унда музей ва конференц-заллар жойлашган. У дунёга машҳур меъмор Заҳа Ҳадид томонидан лойиҳаланган бўлиб, унинг энг машҳур асарларидан бири ҳисобланади.

Центр Гейдара Алиева
Сурат тагсўзи, Ҳайдар Алиев маркази - замонавий Бокунинг асосий диққатга сазовор биноси

Озарбайжонлик машҳур меъмор Элчин Алиев Бокуни Европа шаҳри деб атайди.

"Фақат ўтган асрда биз 19-аср охири-20-аср бошларидаги ҳашаматли "арт нуво"ни олдик; дунёдаги бир нечта шаҳарларга хос бўлган 1920-1930 йиллардаги шафқатсиз конструктивизм; 1940-1960 йиллардаги романтик сталинча услуб, 70- ва 80-йиллардаги совет модернизми ва ниҳоят замонавий архитектура даври", дейди у.

"Бақлажонлар" ва "помидорлар"

Лондон таксиларига ўхшаш такси кэблар ҳам 10 йилдан бери шаҳарда юрибди. Улар Хитойнинг "Geely" компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Боку аҳолиси уларни бинафша ранги туфайли "бақлажон" деб атайди.

2020 йил август ойида Боку "Geely"дан Хитой таксиларининг янги партиясини сотиб олди. Энди улар қизил бўлди, аҳоли дарҳол уларни "помидор" деб номлай бошлади.

Ильхам Алиев такси

Сурат манбаси, AzerTag

Сурат тагсўзи, Янги Боку кэбини шахсан Президентнинг Алиевнинг ўзи миниб кўрганди

Бу машиналарни ҳукуматпараст матбуот Лондон таксиси деб атайди. Озарбайжон йўлларига қўйилишидан олдин, президент Алиевнинг ўзи "помидор"лардан бирида юриб кўрган.

Дастлаб, "бақлажонлар"га йўл ҳақи ҳисоблагичга кўра тўланган, лекин қиммат эди. Марказдан шаҳар атрофигача бўлган йўл 10 долларга тушиши мумкин, бу Боку учун анча қиммат. Кейин ҳайдовчилар ўзлари ҳисоблагичларни олиб ташлашди, энди эса таксини "Uber" иловаси орқали чақириш ва шу масофани 5 долларга босиб ўтиш мумкин.

Пойтахт марказида Лондон телефон кабиналарига ўхшаш кўплаб қизил кабиналар жойлашган. Бу ерда фақат таксофонлар ўрнига коммунал хизматлар, банк хизматлари ва уяли алоқа учун тўлов терминаллари ўрнатилган. Улар 2013 йилда пайдо бўлганда бу кабиналар яқинида одамлар селфи тушарди.

Хрусталдаги Евронигоҳ

Озарбайжон доим "Евронигоҳ"ни жуда жиддий қабул қилган. Россияда бўлгани каби, танловнинг рейтинги доим юқори, одамлар кузатади ва қайси давлат бошқа давлатга қанча балл берганини муҳокама қилади.

2011 йилда Озарбайжондан Элдар Гасимов ва Нигор Жамол куйлаган деэт "Евронигоҳ" танловида ғолиб бўлди ва "Евронигоҳ" қоидаларига кўра, келаси йили танлов Боку шаҳрида ўтказилди.

Боку хасислик қилмади: айнан "Евронигоҳ" танлови учун шаҳар марказидаги Байроқ майдонида "Baku Crystal Hall" қурилди. Танловни россиялик миллиардер Арас Агаларовнинг ўғли ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг (ўша вақтдаги) куёви Эмин Агаларов очди.

Baku Crystal Hall

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Евронигоҳ танловини ўтказишга Озарбайжон пулини аямади. Бунинг учун махсус Baku Crystal Hall концерт саройи барпо этилди

Бокудаги "Евронигоҳ 2012" танлов тарихидаги энг қимматига айланди, ҳатто бино харажатини чиқариб ташлаганда ҳам 65 миллион долларга тушди.

Ўшандан бери "Baku Crystal Hall"да жаҳон юлдузлари чиқиш қилди: Женнифер Лопез, Шакира ва Рианна.

Қиммат ва ноқулай

Спорт - Озарбайжон Европанинг нуфузли давлати бўлиш истаги йўлидаги асосий воситалардан биридир.

Озарбайжон 2016 ва 2020 йилги Олимпиада ўйинларини Бокуда ўтказишга икки марта ариза берди, Германиянинг "Albert Speer und Partner" архитектура компаниясини ёллади, у эса Бокуни дунёдаги энг экологик тоза шаҳарлардан бирига айлантиришга ваъда берди.

Иккинчи марта ҳам Озарбайжон ўйинларга мезбонлик ҳуқуқини олмагач, биринчи ва ҳозирча охирги Европа ўйинларини аллақачон қурилган "Олимпия" иншоотларида ўтказди.

Бу ўйинлар очилишида Леди Гага куйлади, "Евроспорт" маълумотларига кўра, у бу қисқа муддатли чиқиши учун 2 миллион доллар гонорар олган.

Асосий Олимпия объекти - 69 минг томошабинга мўлжалланган Олимпия стадиони 2015 йилда очилган ва тахминий ҳисоб-китобларга кўра (давлат харажатлар миқдорини ошкор қилмаган) 600 миллион долларга тушган. Бу уни дунёдаги энг қиммат спорт иншоотларидан бирига айлантирди.

Баку Олимпийский стадион

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Озарбайжон терма жамоасининг Португалия билан ўйинидек мусобақалар ҳам стадионни тўлдиролмайди

Мамлакат Олимпиадасиз қолгач, стадиондан фойдаланишда катта муаммолар бўлиши аниқ эди. Озарбайжоннинг ўзида шунча одамни жалб қила оладиган спорт тадбирлари ўтмайди.

2019 йилда у Европа Лигаси финалини ўтказди ва унда Лондоннинг "Челси" ва "Арсенал" клублари ўйнади. Аммо ўйин "Челси"нинг ишончли ғалабаси билангина эмас, балки жанжаллар билан ҳам эсда қолди. Англиялик мухлислар Бокуга бориш жуда қиммат эканлигини билиб, учрашувни Лондонда ўтказишни сўрашди. "Арсенал"нинг арманистонлик футболчиси Генрих Мхитарян Бокуга келмади, шаҳардаги полиция ва стадион бошқарувчилари контекстни доим ҳам тушунмаган мухлисларни унинг исми ёзилган футболкаларни ечишга мажбур қилишди.

Ниҳоят, Бокуга учиб келган инглиз шарҳловчилари ўз жойларидан туриб футбол томоша қилишни жуда ноқулай дейишди. Улардан бири, Гари Линекер ўйинни уйда телевизор орқали кўрса, яхшироқ бўлишини айтди.

2021 йилда Бокуда коронавирус туфайли қолдирилган Евро-2020нинг бир нечта ўйинлари ўтказилди. Уларнинг ҳеч бирида қисман пандемия чекловлари туфайли стадион тўлмади.

Озарбайжонлик иқтисодчи Тогрул Машалли шундай тушунтиради: "Стадион Озарбайжонда пул кўп бўлганда қурилган ва ўшанда унинг келажаги ҳақида ўйламаганлар. Европа ўйинларидан кейингина бу стадионни нима қилиш керак деган савол туғилди".

Сиёсатшунос Шоҳин Ризаевнинг айтишича, маҳаллий футбол ривожланаётган бўлса да, жамоалар мунтазам равишда Европа Лигасига йўл олади - стадионнинг харажати ҳеч қачон қопланмайди. "Стадион ноқулай, томошабинлар трибунаси узоқда, ҳатто маҳаллий жамоалар бошқа жойларни афзал кўради", дейди у.

Ёпиқ шаҳардаги пойга

Бокунинг яна бир фахри - Формула-1 пойгалари ўтказилишидир. 2017 йилда Боку мазкур пойга ўтказилган кам сонли шаҳарлардан бирига айланди.

Биринчи пойгалардан сўнг, ҳукуматпараст матбуот "бутун дунёнинг спорт пульси Бокуда ураётганини" ёзди. Президент Алиевнинг айтишича, Формула 1 мамлакат обрўсини ошириш ва бутун дунёдан сайёҳларни жалб қилишнинг ажойиб усулидир.

Мусобақаларнинг очилиш маросимига жаҳон миқёсидаги мусиқа юлдузлар ҳам келди: 2018 йилда Грэмми мукофотига сазовор бўлган Мэрайя Керей, Black Eyed Peas ва Cardi B.

2020 йилда пойгаларни бекор қилишга тўғри келди, 2021 йилда томошабинларсиз бўлса ҳам ўтказилди.

Ҳар йили, пойгалардан бир ой олдин йўлларга тўсиқлар қўя бошлашади, такси ҳайдовчилари бундан жуда норози бўлади: уларнинг даромадлари кескин пасаяди.

Баку
Сурат тагсўзи, "Формула-1" пойгасига камида бир ой қолганда Боку шаҳар яшовчилари учун ноқулай жойга айланади

Мусобақа кунларида Боку марказида яшовчиларга қаттиқ чекловлар туфайли дўконга бориш, ишлаш ёки уйларига қайтиш қийин кечди.

Трибунадаги жой учун чипталарнинг минимал нархи - 70 манат (41 доллар); пойга пайтида кўпчилик уни деразадан, балкондан ва реклама баннерларидаги ёриқлар орқали томоша қилади.

Озарбайжоннинг хос йўли

Сиёсий томондан Боку Ғарбий Европанинг ривожланган демократик давлатларига ўхшашни ўйламайди. Ҳукуматпараст (деярли ҳаммаси) матбуот Ғарбни тез-тез танқид қилади ва уни Озарбайжонда "бузғунчи ҳаракатлар" ва "бахмал инқилобларини экспорт қилиш"да айблайди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Рамиз Меҳдиевнинг "Икки стандартли жаҳон тартиботи ва замонавий Озарбайжон" дастурий матнини қайта нашр этди. Унинг асосий фикри: турли мамлакатларда ҳукуматларнинг инқилобий ўзгариши ортида АҚШ ва Европа туради. Улар Озарбайжон ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатни ҳам молиялайдилар. Бироқ уларнинг ҳеч бири Ҳайдар ва Илҳом Алиев томонидан қурилган "замонавий мустақил Озарбайжоннинг мустаҳкам пойдеворини" парчалай олмайди.

Озарбайжонда ноҳукумат ташкилотларининг иши жуда оғир. Ҳуқуқ ҳимоячилари бошқача фикрда бўлганлар, жумладан, хорижга кетганлар таъқиб қилинаётгани ҳақида гапиради. Худди шу ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, Озарбайжонда, қоида тариқасида, доим юздан ортиқ сиёсий маҳбус бор, инсон ҳуқуқлари мунтазам бузилади, шу жумладан, тергов пайтида қийноқларга йўл қўйилади.

Кўплаб журналистлар мамлакатни тарк этиб, Европа ва АҚШда ишини давом эттирмоқда.

"Freedom House"нинг демократик эркинликлар рейтингида Озарбайжон 209 давлат ичида 193-ўринни эгаллади. "Чегара билмас мухбирлар"нинг матбуоти эркинлиги рейтингида мамлакат 180 мамлакат орасида 163-ўринда туради (таққослаш учун, Озарбайжоннинг минтақадаги қўшнилари Грузия ва Арманистон бу рўйхатда 60- ва 63-ўринларда, Россия - 150-ўринда).

Гейдар и Ильхам Алиевы

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ота ва ўғил Ҳайдар ва Илҳом Алиевлар - Озарбайжондаги замонавий сиёсий тузумларнинг архитекторлари

Президент Илҳом Алиев 18 йилдан бери мамлакатни бошқариб келади. Унинг даврида конституцияга ўзгартиришлар киритилди: уларда президентга икки мартадан кўпроқ сайланишига рухсат берилди ва президентлик муддати беш йилдан етти йилга оширилди.

Унинг отаси Ҳайдар Алиев республикани, кейин эса мустақил Озарбайжонни бошқарган: мос равишда 1969 йилдан 1982 йилгача, кейин 1993 йилдан 2003 йил вафотигача. Парклар, бинолар, шаҳарларнинг марказий кўчалари, масжидлар ва Бокудаги халқаро аэропорт унинг номи билан аталган.

"Умумхалқ лидери [Ҳайдар Алиев] туфайли Озарбайжонда ўзига хос давлат йўли пайдо бўлди, у жаҳон сиёсатшунослигига "Озарбайжон тараққиёт йўли" сифатида кирди", дейилади "Media.az" давлат ахборот агентлиги сайтида.

Европа Кенгаши ва Лондондаги уйлар

Озарбайжон ва Ғарбий Европанинг икки асосий алоқа нуқтаси бор. Биринчидан, мамлакат Европа Кенгашининг аъзоси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларига бўйсунади.

Тўғри, Озарбайжон уларга бўйсунишни ёқтирмайди. Масалан, 2017 йилда, навбатдаги президентлик сайловидан сал олдин, ИҲЕСнинг тўғридан-тўғри талабига қарамай, маҳаллий суд мухолифат етакчиларидан бири Илгар Мамедовни қўйиб юбормади.

Озарбайжон, ИҲЕСнинг бу қарорига жавобан, Европа Кенгашидан чиқиш билан таҳдид қилди, лекин ундай қилмади. Илҳом Алиев янги муддатга сайланганидан сўнг Мамедов қўйиб юборилган.

Ва иккинчи нуқта: Озарбайжон элитаси ўзи сиёсий тизимини танқид қилган мамлакатларда кўчмас мулк сотиб олади.

Масалан, OCCRPнинг суриштирувчи журналистлари Илҳом Алиевлар оиласи аъзоларининг, хусусан, Лондон ва Чехия Республикаси, Карлови Варидаги кўчмас мулкларининг умумий нархи тахминан 140 миллион долларни ташкил қилишини аниқладилар.

Шунингдек, улар Озарбайжон президенти амакиваччаси Иззат Жавадова ва унинг эри Сулаймон Жавадов Лондон ва Ибиса шаҳарларида 20 миллион доллардан зиёд мол -мулкка эгалигини аниқлашди.

Озарбайжон Халқаро банки (мамлакатдаги энг йирик) раисининг рафиқаси Замира Гажиеванинг иши Британия ҳуқуқ-тартибот тизими учун жуда муҳим бўлиб қолди. Ҳукумат унга нисбатан янги қонунни қўллади, бу қонун агар эгаси сотиб олишга сарфланган маблағларнинг манбасини тушунтира олмаса, кўчмас мулк ва бошқа қимматбаҳо буюмларни давлат фойдасига мусодара қилишга рухсат беради.

Гажиева эса тайинли расмий даромади бўлмагани ҳолда, ҳашам ичида ҳаёт кечирган. Унинг харажатлари эрининг маоши билан солиштириб бўлмас даражада катта эди.

Сиёсатшунос Зардушт Ализода ҳокимиятнинг сўзи ва ҳаракати ўртасида ҳеч қандай зиддият кўрмайди. "Сиртдан зиддиятдек кўринади, ҳақиқат шуки, Озарбайжон сиёсий элитаси Европа қадриятларига жуда бегона, у Европадан келган ҳамма нарсага талпинади - Европа машиналари, кийим-кечаклари, тақинчоқлар, такси, Париждагидек томли уйлар, дейди у. - Лекин адолатли сайловлар, мустақил суд ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш улар учун эмас, бу бошқа сиёсий маданият".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek