Pandora Papers дунё раҳбарлари махфий бойликларини қандай ошкор қилди? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Коллаж
    • Author, Pandora Papers ахборот гуруҳи
    • Role, BBC Panorama
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Дунёдаги молиявий ҳужжатлар сизиб чиққан энг сўнгги ҳолатлардан бирида жаҳон раҳбарларининг махфий бойликлари ва келишувлари ошкор бўлмоқда.

Офшор ширкатлардан сизиб чиққан Pandora Papers файлларида дунёдаги 35 нафар ҳозирги ва собиқ раҳбарларнинг ҳамдда 300 нафардан кўпроқ мулозимларнинг номи учрайди.

Масалан, Иордания қироли қандай қилиб Британия ва АҚШда махфий тарзда $100 миллион долларга яқин мулк тўплагани бор.

Шунингдек, Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ва унинг рафиқаси Лондонда сотиб олган бино учун £312 минг фунт стерлингга тенг мулк солиғидан қутулиб қолишгани ҳақида сўз боради.

Кўринишича, эр-хотин бу бинога эгалик қилган офшор ширкатни сотиб олишган.

Сизиб чиққан файллар Россия президенти Владимир Путинни Монакодаги махфий мол-мулкка боғлайди.

Ёки ҳафта охиридаги сайловда номзоди қўйилган Чехия Бош вазири Андрей Бабиш Франция жанубида £12 миллион фунт стерлингга икки вилла сотиб олишда офшор сармоя ширкатидан фойдалангани, аммо бу ҳақида ҳисоб бермагани ҳақида маълумот бор.

Pandora Papers - ўтган етти йил давомида сизиб чиққан ҳамда FinCen Files, Paradise Papers, Panama Papers and LuxLeaks номлари билан аталган ҳужжатларнинг сўнггиси.

Ушбу ҳужжатларни ўрганишда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми бош-қош бўлди ва дунё бўйлаб 650 нафардан кўпроқ журналист файллар билан таниша олди.

Би-би-си Панорама гуруҳи ушбу жараёнда Гардиан нашри ҳамда бошқа медиа ҳамкорлар билан билан биргаликда қатнашди ва 12 миллионга яқин ҳужжатни текшириб кўриш имконига эга бўлди.

Ушбу файллар эса Британия Виргин Ороллари, Панама, Белиз, Кипр, БАА, Сингапур ва Швейцариядаги 14та молиявий ширкатга дохил.

Файлларда эслатилган баъзи шахслар ҳозир коррупция, пул ювиш ва солиқдан қочиш айбловларига юз тутишмоқда.

Айни пайтда, машҳур ва бадавлат шахслар Британияда махфий тарзда мулк сотиб олиш учун қандай қилиб ширкатлар ташкил этишлари ҳам очиқланган.

Мазкур ҳужжатлар олди-сотдилар ортида турган 95 мингта офшор ширкатни ошкор қилади.

Шу қаторда, Британия ҳукумати - тинимсиз ваъдаларига қарамай - офшор мулк эгаларини рўйхатга олишни йўлга қўя олмаётганига эътибор қаратади.

Бу мулк эгаларидан баъзилари эса пул ювиш амалларини яшираётган бўлиши мумкин, деган хавотирлар ҳам бор.

Ўз мамлакатини талон-тарож қилишда айбланаётган Озарбайжон президенти ва унинг оиласи бу борадаги бир мисолдир.

Текширувларга кўра, Алиевлар ва уларнинг яқинлари Британияда £400 миллион фунт стерлингдан кўпроқ қийматга эга махфий мол-мулк келишувларида иштирок этишган.

Бу эса Британия ҳукуматини ноқулай аҳволга солиши мумкин.

Англашилишича, Алиевлар ўзларининг Лондондаги бир мулкларини Crown Estate ёки Британия Тож Мулкига £31 миллион фунт стерлинг фойда кўришган.

Тож Мулки эса Қироличанинг мол-мулк салтанати бўлиб, уни бевосита давлат Ғазначилиги бошқаради.

Халқ ҳисобидан бойишганми?

Ҳужжатлардаги кўплаб молиявий амалиётларда қонун бузилмагани кўринади.

Аммо Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми вакили Фергус Шилнинг айтишича, бу миқёсдаги фош этиш ҳолати илгари ҳеч қачон учрамаган.

Файллар эса офшор ширкатлар одамларга шубҳали йўлда топилган пулларини яшириш ва ё солиқдан қочиш учун нималарни таклиф эта олишини кўрсатади.

"Улар офшор хисобларини ишлатиб, бошқа мамлакатларда юз миллионлаб долларга мол-мулк сотиб олишмоқда ва фуқаролари ҳисобидан ўз оилаларини бойитишмоқда" - дейди Фергус Шил.

Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциумининг ишонишича, айни тадқиқот жуда кўплаб нарсалар яширилган сандиқни очиб юборади ва шу сабабли ҳам Pandora Papers деб аталади.

Pandora Papers яна нималарни ошкор этди?

  • Кения президенти Ухури Кенятта ва унинг олти нафар оила аъзоси махфий офшор ширкатларига эга. Улар баҳоси 30 миллион долларлик 11та ширкатга алоқадор.
  • Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг атрофидагилар, хусусан, ҳукумат вазирлари ва уларнинг оила аъзолари миллионлаб долларлик махфий ширкатлар ва траст холдингларга эга.
  • Кипр президенти Никос Анастасиадес асос солган ҳуқуқий ширкат, афтидан, қатор офшор ширкатларининг ҳақиқий эгаларини шахсини яшириш учун сохта номлар яратган. Ширкат айбловларни рад этади.
  • Украина президенти Володимир Зеленский 2019 йилги сайловда ғалаба қозонишидан бироз олдин ўз улушларини махфий офшор ширкатига ўтказган.
  • Эквадор президенти (собиқ банкир) Гильермо Лассо эса ўз оила аъзоларига ҳар ой пул тўлаб келган Панамадаги жамғармани АҚШнинг Жанубий Дакотасидаги траст билан алмаштирган.
  • Швециянинг Telia ширкати ва ўша пайтдаги Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ўртасидаги олди-берди қандай амалга оширилгани ҳам тушунтирилган.
Схема

Раҳбарлар рад этишмоқда

Айрим раҳбарлар муносабат билдира бошлашди.

Масалан, Россия президенти Владимир Путин ва Иордания қироли Абдулла нотўғри иш қилишмаганини таъкидлаб, баёнот чиқаришди.

  • Иордания Қироллик саройига кўра, Қирол Абдулланинг хорижда мол-мулкка эга бўлиши "ноодатий ё номақбул" эмас.
  • Кремль воизи Дмитрий Песков эса "асоссиз" маълумотларнинг ишончлилигини савол остига олди.

"Ҳозирча бу маълумот ўзи нима ва ё нима ҳақида эканлиги аниқ эмас" - деди Дмитрий Песков журланистларга қарата - "Биз уларда Путин ва унинг атрофидагиларнинг яширин бойликларини кўрмадик".

  • Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва унинг оиласи алоқага чиқиш уринишларини жавобсиз қолдиришди, дейди Гардиан нашри.
  • Покистон Бош вазири Имрон Хон эса Pandora Papers ҳужжатларига боғлиқ шахсларни текширишга ваъда берди.

Қиролнинг Малибудаги мулки

Иордания қиролининг Малибудаги мулки

Сурат манбаси, Getty Images

Pandora Papers файлларидаги айрим ҳолатларга батафсилроқ назар солсак.

Сизиб чиққан молиявий ҳужжатларда Иордания қироли қандай қилиб махфий тарзда Британия ва АҚШда $100 миллион долларлик кўчмас мулк салтанати яратгани келтирилган.

Хусусан, Британия Виргин Оролларидаги офшор ширкатлар Қирол Абдулла Иккинчи бин ал-Ҳуссайнга (1999 йили қудратга келганидан бери) 15та уй олиш имконини яратгани айтилади.

Булар орасида Малибудаги уммонга қараган £50 миллион фунт стерлинг турувчи уй, Британияда эса Лондон ва Аскотда сотиб олинган кўчмас мулклар бор.

Кинг Абдулла авторитар бошқарувда айбланади ва мамлакатида солиқлар кўтарилиши ҳамда ижтимоий таъминотдаги қисқартиришларга қарши норозилик намойишлари бўлиб туради.

Қирол Абдулланинг адвокатларига кўра, барча уйлар шахсий маблағ эвазига сотиб олинган ва у ўз ҳисобидан Иордания фуқаролари учун турли лойиҳаларга ҳам пул сарфлайди.

Уларнинг айтишича, юқори мартабали шахслар ўз хавфсизлиги ва шахсий дахлсизлиги учун ҳам офшор ширкатлари орқали мулк сотиб олишлари одатий ҳолатдир.

$45 миллионга кўчмас мулк олган бола

Лондон

Бошқа ҳужжатларга кўра, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи офшор ширкатларни ишга солиб, махфий тарзда Лондонда кўчмас мулк сотиб олган.

Файлларга мувофиқ, анча вақтдан бери коррупцияда айбланиб келган биринчи оила 17та кўчмас мулк харид қилган.

Булар орасида президентнинг 11 яшар ўғли - Ҳайдар Алиев учун олинган ва £33 миллион фунт стерлингга баҳоланган кўчмас мулк ҳам бор.

Мэйфейр даҳасидаги бу бино 2009 йили Президент Илҳом Алиевнинг дўсти эгалик қилувчи қобиқ ширкат томонидан сотиб олинган.

Орадан бир ой ўтиб, мулк Алиев номига ўтказилган.

Текширувлардан кўринишича, Озарбайжон биринчи оиласи эгалик қилган бошқа бир бино 2018 йили Британия Қироллиги Тож Мулкига £66 миллион фунт стерлингга сотилган.

Тож Мулки олди-сотди вақтида қонунга мос текширувлар олиб борганини, аммо айни масалани энди қайта кўриб чиқишини билдирди.

Британия ҳукумати пул ювишга қарши қаттиқ курашиб, кескин қонунларни ишга солаётганини айтади.

Келажакда эса Британияда мулкка эга бўлган офшор ширкатларни рўйхатдан ўтказиш амалиётини йўлга қўймоқчи.

Лого

Pandora Papers - сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.

АҚШда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми қўлга киритган маълумотлар энг йирик глобал текширувларга етаклади.

Дунёнинг 117 мамлакатидаги 600 нафардан кўпроқ журналист ер юзидаги энг қудратли инсонларнинг яширин бойликлари билан таниша олишди.

Буюк Британияда ушбу тадқиқотларни Би-би-си Панорама ва Гардиан нашри олиб боришди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek