Pandora Papers: Пандора файллари қандай фош бўлди? Ўзбекистон ва дунё O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Графика
    • Author, Pandora Papers ахборот гуруҳи
    • Role, BBC Panorama
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Пандора файллари дунёнинг бой ва қудратли айрим шахсларининг яширин бойликлари, солиқдан қочганликлари ва ҳатто қандай қилиб пул ювганликларини фош қилган, оммага сиздирилган қарийб 12 миллион файлдир.

117 давлатда 600 нафардан ортиқ журналист 14 манбадан олинган файлларни ойлар давомида ўрганди ва натижалар шу ҳафта эълон қилинмоқда.

Маълумотлар Вашингтонда жойлашган "Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми" (СЖХК) томонидан қўлга киритилган бўлиб, у шу вақтгача ўтказган энг катта глобал суриштирувда 140дан ортиқ медиа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

BBC Panorama ва The Guardian суриштирувларнинг Британиядаги қисмини юритган.

Нима фош қилинди?

"Pandora Papers" 6.4 миллион ҳужжат, қарийб уч миллион сурат, бир миллиондан ортиқ электрон мактуб ва қарийб ярим миллион жадвалдан иборат.

Ҳозиргача эълон қилинган хабарлар:

  • Иордания қироли махфий компаниялари орқали Британия ва АҚШдаги мулкларга 70 миллион фунт стерлинг сарфлаган.
  • Озарбайжон президенти оиласининг Британиядаги мулклари 400 миллион фунтдан ортиқ қийматда баҳоланган.
  • Чехия Бош вазири хориждаги сармоя компанияси орқали иккита француз вилласини 12 миллион фунтга сотиб олганини декларация қилмаган.
  • Кения президенти Уҳуру Кенятта оиласи ўн йиллар давомида офшорда компаниялар тармоғига яширин эгалик қилиб келган.

Бу файллар дунёнинг қудратли шахслари, жумладан, 90 давлатдан 330дан зиёд сиёсатчи қандай қилиб ўз бойликларини яшириш учун офшор компаниялардан фойдаланганини фош қилади.

АҚШда жойлашган "Global Financial Integrity" тадқиқот марказидан Лакшми Кумарнинг изоҳлашича, бу одамлар аноним компаниялар ёрдамида "маблағни бир жойдан иккинчисига оқизиш ва яшириш имкониятига эга бўлган".

Президент қизлари жиноятларида Ғарб қўли нақадар катта? - Ўзбекистон O'zbekiston Гулнора Каримова

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Офшор" деганда нимани тушунамиз?

"Pandora Papers" офшорда ташкил қилинган компанияларнинг мураккаб тармоғи пул ва активларни яшириш учун хизмат қилганини кўрсатади.

Масалан, кимдир Британияда кўчмас мулкка эга, аммо уни бошқа давлатларда ёки "офшор"да очилган компаниялар занжири орқали сотиб олган.

Бу офшор давлатлар ёки ҳудудларда:

  • Компания очиш осон;
  • Қонунлар компания эгаси шахсини очиқлашни қийинлаштириб қўйган;
  • Корпоратив солиқлар паст ёки умуман мавжуд эмас;

Бундай жойлар одатда "солиқ жаннатлари" ёки "махфийлик юрисдикциялари" деб аталади. Солиқ жаннатларининг аниқ бир рўйхати йўқ, аммо бу борада кўпинча Кайман ороллари ва Британия Виргин ороллари каби Британиянинг Денгизорти ҳудудлари, Швейцария ва Сингапур тилга олинади.

"Солиқ жаннатлари"дан фойдаланиш ноқонунийми?

Қонунлардаги тешик жойлар одамларга солиқ жаннатларида компания ташкил қилиш ёки пулини ўша ерга ўтказиш орқали айрим солиқлардан қочиш имконини беради, аммо буни кўпинча шунчаки ахлоқий масала сифатида кўришади. Британия ҳукумати солиқдан қочишни "қонун руҳи билан эмас, у ёзилган ҳарфлар билан ишлашдир" деб атайди.

Шунингдек, бошқа мамлакатларда пул ва активларни сақлашнинг бир қанча қонуний сабаблари ҳам бор, масалан, мулкни нобарқарор ҳукуматдан ёки жиноий ҳужумлардан ҳимоя қилиш.

Гарчи яширин офшор компанияга эга бўлиш ноқонуний бўлмаса ҳам, махфий компанияларнинг мураккаб тармоғидан фойдаланиб пул ва активларни ўтказиш жиноятни яширишнинг мукаммал йўлларидан биридир.

Сиёсатчилардан солиқдан қочиш ёки активларни яширишни қийинлаштирувчи чораларни кўришни талаб қилувчи овозлар, айниқса, "Панама файллари" сиздирилиши ортидан кучайган эди.

Аммо жаноб Райлнинг айтишича, Пандора файллари "офшордаги махфийликка барҳам бериши керак бўлган одамларнинг ўзлари бу махфийликдан манфаатдор. Шунинг учун бу амалиётга чек қўйишга уларда рағбат йўқ"лигини кўрсатади.

Офшорда пул яшириш қанчалик осон?

Махфийликни яхши сақлайдиган давлатлар ёки юрисдикциялардан бирида бирламчи компанияни ташкил қилсангиз бўлди. Бу компаниянинг номигина бўлади, офис ва ходимлар бўлмайди.

Бунинг ҳам бироз харажати бор. Сизнинг номингиздан компания ташкил қилиб, юритиши учун махсус фирмаларга пул тўлайсиз. Бу фирмалар пули тўланадиган директорларнинг исми ва манзилини тақдим қилади. Шу боис, бу бизнес ортида ким турганини кўрсатувчи из қолмайди.

Офшорда қанча пул яширилган?

Аниғини айтиш қийин, аммо, СЖХКга кўра, ҳисоб‑китоблар 5.6 триллиондан 32 триллион долларгача бўлган суммани ташкил қилади. Халқаро валюта фонди маълумотига кўра, солиқ жаннатларидан фойдаланиш дунё мамлакатларини йилига 600 миллиард долларлик солиқдан маҳрум қилади.

Кумар хонимнинг айтишича, бу жамият учун ўта зарарлидир: "пулни яшириш имконияти ҳаётингизга бевосита таъсир қилади... У болангизнинг таълим олиши, сифатли соғлиқни сақлаш хизмати ва уй‑жойга бўлган имкониятига таъсир қилади."

Британия бу борада нима қилмоқда?

Британия ҳукумати ўз ҳудудидаги мулкка хориждаги аноним компаниялар эгалик қилишига йўл қўйиб бераётгани учун танқид қилиб келинади.

Ҳукумат 2018 йили Британиядаги мулкларнинг охирги эгасини очиқлашни талаб қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Аммо лойиҳа ҳамон парламент аъзолари муҳокамасига қўйилмаган.

2019 йилги парламент ҳисоботида айтилишича, Британиядаги тизим "мулкдан ноқонуний жамғармаларни яшириш учун фойдаланадиган пул ювувчиларни ўзига оҳанрабодек тортади."

Унда таъкидланишича, мулкнинг ҳақиқий эгаси очиқланмагани полициянинг жиноий ишларни тафтиш қилишига ҳам "халал бермоқда".

Ҳукумат яқинда кўчмас мулк орқали пул ювиш ҳолатлари хавфи "ўрта"дан "юқори" даражада деб белгилади.

Ҳукумат пул ювишга қарши қаттиқроқ қонунлар ва ижро билан курашажагини ва парламентда Британияда мулкка эгалик қиладиган офшор компаниялар реестрини жорий қилиш масаласини муҳокама қилишини билдирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Pandora Papers banner

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek