Тоғли Қорабоғ уруши: Озарбайжон Натик 28 йилдан сўнг қишлоғига қайтиб нималарни кўрди - video, Tog’li Qorabog’, Rossiya, Turkiya, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Max Lomakin / BBC
- Author, Ольга Просвирова, Ольга Ившина
- Role, Би-би-си, Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
1990 йилларда Ағдам гавжум шаҳар эди. 1993 йилги қақшатгич жанглардан сўнг у арманлар назоратига ўтди. 2020 йил кузидаги жанглар натижасида эришилган келишувга кўра уни Озарбайжон яна қайтариб олди.
Қарийб 30 йилдан сўнг бир вақтлар гавжум бўлган шаҳардан фақат вайроналар қолган. Натик Аллоҳёров биринчи урушда минага тушиб оёғидан яраланганди.
У 28 йил деганда қишлоғига қайтиб, унинг тупроқларини ўпди. Урушда ҳалок бўлган дўстларининг қабрини зиёрат қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бошқа ҳеч нарса керак эмас
Натик Аллоҳёров учрашув жойига келишилганидан бир соат олдин келиб олган.
Ташқари совуқ, одатда бундай ҳавода қалин кийинишади, аммо Натик машинадан свитер ва юпқа камзулда тушиб келади.

Сурат манбаси, Max Lomakin / BBC
Ҳассасига таяниб бир неча қадам ташлайди ва кўриши учун қўлини чўзади. Бир нарсаларни айтиб сўрашади, унинг қаттиқ ҳаяжонланаётгани шундоқ кўриниб турарди.
"Туни бўйи мижжа қоқмадим. Ухлаб қоламан, телефон жирингламайди, сизлар кетиб мен қолиб кетаман, деб роса хавотирландим. Аллоҳ гувоҳ фақат шу кунни кутдим", дейди у.
Натик 28 йил деганда она шаҳри Ағдамга боряпти.
Биринчи Қорабоғ урушида у ўсмир эди ва қочишга мажбур бўлган.
Бостириб келаётган арман кучларидан Ағдамда у 17 ёшида минага тушди ва бир умр оқсоқ бўлиб қолди.
"Менинг яшашга ҳаққим йўқ, чунки мен ватанимни ташлаб кетдим, ҳалок бўлган дўстларим эса қолиб кетди. Уларнинг қабрини зиёрат қилиб, она ватаним тупроғини ўпсам, улар бизни кечиради, деб ўйлайвераман", деганди у ўтган йилнинг октябр ойида. Ўша вақти уруш авжига чиққанди.

Сурат манбаси, Max Lomakin / BBC
Натик оиласи билан сўнгги 25 йилда Мингечаурдаги қочқинлар учун ажратилган ётоқхонада яшаб келмоқда.
У ердаги шароит ҳаминқадар: бўёғи кўчиб тушган деворлар, уйни иситиш учун полга уйиб қўйилган ўтин, девор бўйлаб кўриниб ётган электр симлари, хира чироқлар ва бир қаватда ҳамма учун умумий ҳожатхона.
Натик ётоқхонадаги шароитда жиддий эътибор бермасди, унинг хаёллари Ағдамда эди.
Бир неча ойдан сўнг унда она юртига бориш имконияти пайдо бўлди.
Машина йўлини қизил-оқ шлагбаум тўсади. Блокпостдаги ҳарбийлар тўхташни буюради ва узоқ вақт ҳужжатларни текширади.
Улар Натикни танишади, чунки учинчи марта она қишлоғига ўтишга ҳаракат қиляпти.
Бундан олдин икки марта шлагбаумгача келган, танишларига қўнғироқ қилган, она шаҳрини ҳеч бўлмаса машина ойналаридан кўришни учун ўтказиб юборишларини ўтиниб сўраган.
Аммо ҳарбийлар қатъий қарорли эди ва Натик икки марта уйига ҳеч вақосиз қайтганди.

Сурат манбаси, Max Lomakin / BBC
Учинчи марта у журналистлар билан бирга келгани учун иши ўнгидан келди. Шлагбаум кўтарилди ва Натик чуқур нафас олиб, қўлларини осмонга чўзди ва овоз чиқариб дуо қилди.
Машина маълум муддат қишлоқ йўлларидан юрди ва шаҳарга киришдан олдин ғилдиракларни текшириш тўхтатади.
Натик бир дақиқача жойида ўтирди. Чап томонидаги ойнадан йўл бўйида ўтлар кўриниб турарди, ўнг томонидан эса ғиштлардан иборат вайрон бинолар.
"Илтимос, кечиринглар", деб у машинадан чиқди, ҳассасини машинага суяб, оҳиста тиззалади ва пешанасини чанг йўлга тегизди.

Сурат манбаси, Max Lomakin / BBC
Бир неча дақиқа ерни ўпди. Бошини кўтарганда, кўзлари жиққа ёшга тўлганди.
"Раҳмат, 28 йил деганда менинг узоқ давом этган соғинчим босилди".
Натик она қишлоғига ҳайдашни сўрайди, у Ағдамдан бир неча дақиқалик йўл. У омон қолмаган бўлса-да, ўзи улғайган уйни кўришни орзу қилади
Натик яшаган уйда учта девор ва бир уюм ғишт қолган. У ерда ҳаётдан дарак йўқ, фақат оқ ғиштлар ва кўкариб келаётган ўтлар. Аммо Натикнинг кўзига бошқа манзара кўринади.
"Мана бу ҳовлимиз эди. Бу ерда ўйнардик. Ана у ерда тоғам турарди. Бу томонда ғозларимиз бор эди. Яхши даврлар эди. Қишлоқдан ҳозир ҳеч нарса қолмаган. Қишлоғимга қайтиб келганим ва орзуларим амалга ошгани учун ҳаммаларингизга раҳмат. Ҳозир ўлсам, бахтли кетаман. Мана бу жой ва йўлдан бошқа менга ҳеч нарса керак эмас", дейди у.
Натик пакетни очиб ундан ёш йигитларнинг расмларини олади.
"Бу синфдош дўстим Исроил, минага тушганимизда иккимиз ҳам яралангандик. Шаҳид кетганларнинг оналари мени кечирсин, ҳамма расмларни чоп қилолмадим. Рухсат берсангиз уни илиб қўйсам".
Натик омон қолган деворга келиб, унга расмни илади ва яна қўлини осмонга кўтаради.
Фотиҳа сурасини ўқиб, яна кўзларига ёш олади.
У юртида қарийб 30 йил бўлмади. 1990 йилларнинг бошида Ағдам гавжум шаҳар эди.
Аммо энди у йирик вайроналар даласига айланган.
1993 йили бу ерда қақшатқич жанглар бўлган.
Озарбайжон ҳудудни яқинда имзоланган Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ қайтариб олди.
30 йил олдин Ағдамда 30 минг одам яшарди.
Озарбайжон озод қилинган ерларини миналардан тозаламоқсуръат.
Агар тозалаш ишлари ҳозирги суръатда кетса, бунга 10 йил керак бўлиши мумкин.
Ҳукумат бу борада бошқа давлатлардан ёрдам сўраган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














