Тоғли Қорабоғ: Озарбайжон яна тўртта аскарини бой берди - Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Azerbaijan government-issued image of soldier

Сурат манбаси, EPA

Тоғли Қорабоғ: Озарбайжон яна тўртта аскарини бой берди - янги тўқнашувлар ва талафотларга оид рақамлар Россия воситачилигида эришилган сўнгги суҳл битимидан саноқли ҳафталар ўтиб бўй кўрсатди.

Хабарларга кўра, олти ҳафталик урушдаги тўртинчи оташкесин битими ўтган жума, 11 декабрь куни бузилган.

Томонлар янги зўравонликларда яна бир-бирларини айблаб чиқишган.

Худди ўша куни пойтахт Тошкентдан Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг телефон мулоқотига оид хабар олинган.

Президент матбуот хизмати хабарида, "Мирзиёев Озарбайжон президентини Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар якунлангани билан самимий табриклаб, биродар мамлакатнинг дўст халқига тинчлик ва равнақ тилагани" айтилган.

Икки давлат президентларининг телефон мулоқоти Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошида расман кузатувчи мақомини олган бир кунга тўғри келган.

Томонларнинг Жанубий Кавказнинг бутун ҳудудида хавфсизлик ва барқарорлик таъминланишига умид қилиб қолишгани маълум бўлганди.

Озарбайжон сўнгги Тоғли Қорабоғ урушидаги ғалабасини 10 декабрь куни Бoкуда ҳарбий парад билан катта байрам қилганди.

Сўнгги вазият

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, Reuters

Бу галги тўқнашувлар минтақада икки мингга яқин Россия тинчликни сақлаш кучлари ҳозир бўлган бир манзарада кузатилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг расман хабар беришича, тўрт нафар аскарини бой берган.

Вазирликнинг бу баёноти кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Озарбайжон Арманистондан фарқли тарзда, сўнгги Тоғли Қорабоғ урушидаги ҳарбий талафотлари сонини кунма-кун эълон қилмаган. Фақат якунига келибгина ошкор қилганди.

Арманистоннинг айтишича, "Озарбайжоннинг янги ҳужуми"да олти аскари яраланган.

Тоғли Қорабоғ ва битим

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, KAREN MINASYAN/AFP

Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган.

Сўнггисига қадар орада уч бор муваққат оташкесин битимига эришилган.

Аммо бирортаси амал қилмаган, тезда бузилган, ҳар гал рақиб томонлар бунда бир-бирларини айблаб чиқишган.

Иш бераётгандек кўринган сўнгги сулҳ битимига 9-10 ноябрь кунлари Россия воситачилигида эришилган.

Арманистон ва Озарбайжон президентларини ўт очишни тўхтатишга рози бўлишган.

Янги келишувга мувофиқ, Озарбайжон сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши чоғида қўлга киритган ҳудудларни ўзида сақлаб қолган:

Биринчи Тоғли Қорабоғ уруши чоғида арманлар томонидан ишғол қилинган етти тумани назорати ва Тоғли Қорабоғнинг бир қисми яна Озарбайжонга ўтган.

Битим шартларига мувофиқ, арманлар кўзда тутилган барча ҳудудларни ташлаб чиқишган.

Минтақага икки мингга яқин Россия тинчликни сақлаш кучлари киритилганди.

Ozarbayjon harbiylari

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Сўнгги оташкесин битими Озарбайжонда "ғалаба" сифатида қабул қилинган.

Озарбайжон президенти ҳар йил 8 ноябрни "Ғалаба куни", деб нишонлашга қарор қилган.

Арманистонда эса, кўпчилик буни мутлақ мағлубият ўлароқ қабул қилган.

Оташкесин битими ортидан, Бош вазир ва ҳукуматнинг истеъфоси талаби билан Ереванда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Янги тўқнашувлар

Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги оташкесин битими бузилганини тасдиқлаган.

Вазирликка кўра, бу 11 декабрь куни минтақадаги тинчликни сақлаш кучлари томонидан Гадрут туманида қайд қилинган.

"Гадрутда автоматдан ўт очилган. Тўғридан-тўғри алоқа каналлари орқали томонларга оташкесинга тўлиқ риоя этиш талаби етказилди", - дея маълум қилган тинчликни сақлаш кучларининг оператив штаби.

Штабнинг баён қилишича, бу сўнгги сулҳ битимининг бузилиши билан боғлиқ ягона ҳолат бўлган.

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳозир минтақада вазият нисбатан барқарор эканини айтган.

Аммо сўнгги ҳодисалардан безовта эканини яширмаган, ошкора баён қилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги шанба куни кечқурунни назарда тутаркан, Қорабоғда "битим амал қилаётгани"ни айтган. Вазирлик янги тўқнашувларда Арманистонни айблаган.

Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган.

Ҳар икки томондан жами 5 мингга яқин аскар ҳалок бўлган.

Уруш оддий аҳоли орасида ҳам талафотларга сабаб бўлган, камида 143 киши ўлган.

Минглаб одам эса, дарбадарликка юз тутган.

Арманистон Бош вазири сўнгги сулҳ битими "ҳам ўзи ва ҳам халқи учун ниҳоятда оғриқли" эканини айтганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek