Гулнора қандай қилиб тенглик рамзига айланди? Xotin-qizlar huquqlari Ozarbayjon

Митинг феминисток в центре Баку. Девушки скандируют в санитарных масках.

Сурат манбаси, Aziz Karimov

    • Author, Маггеррам Зейналов
    • Role, Би-би-си, Боку

Яқин вақтгача Озарбайжонда феминизм кун тартибида эмас эди: 8 март фақат даста гуллар ва ўйинчоқлар билан боғлиқ эди, аёлларнинг реклама ва оммавий ахборот воситаларидаги заиф ва титраб турадиган жонзот сифатидаги қиёфаси ҳеч кимда савол туғдирмасди. Аммо икки йил олдин аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати Боку кўчаларига чиқди. Кўпроқ одамлар оиладаги зўравонлик муаммосини муҳокама қила бошлади ва гендер стереотипларига танқидий муносабат ўсди.

Озарбайжондаги феминистик ҳаракат - бу ижтимоий тармоқларда таъқиб қилинадиган ва полиция митингларда мунтазам равишда ҳибсга оладиган бир неча ўн фаоллардир.

Бу ҳаракатдаги энг таниқли шахс - Гулнора Меҳдиева. Унинг исми Озарбайжонда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақидаги ҳар иккинчи мақолада тилга олинади, унинг ўзини эса жамоат муҳокамаларида, кўча акцияларида, фаоллар устидан бўладиган суд жараёнларида учратиш мумкин.

"Отам мени ўлдирган бўларди"

Биз Боку марказидаги фаоллар ва ёш интеллектуаллар орасида машҳур бўлган кафеда Гулнора билан учрашамиз. У интервьюга 8 март акцияси учун плакатлар чизган сафдошлари билан бирга келди.

Бу Бокуда феминистлар томонидан ўтказиладиган Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган учинчи митинг. 2019 йилда аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишларга барҳам беришни талаб қилиб ўтказилган биринчи норозилик чиқишини полиция тезда тарқатиб юборганди: аёллардан плакатлар тортиб олинган ва у ерда бўлган оз сонли эркак ҳибсга олинганди.

Митингга бир неча ўнлаб одам тўпланди. Бу Бокуда келишилмаган митинг учун жуда катта рақам. "60 киши келди, биз шунча одамни тўплаймиз деб ўйламаган эдим. Кўп одамлар биз қилаётган ишни қилишни хоҳлаётганига ҳайрон бўлдим", деб эслайди Гулнора.

Гулнора Озарбайжондаги феминистлик ҳаракатининг энг таниқли кишиси

Сурат манбаси, Nurlan Libre

Сурат тагсўзи, Гулнора Озарбайжондаги феминистлик ҳаракатининг энг таниқли кишиси

Гулнора Меҳдиева 30 ёшда. У Боку шаҳридан 35 километр узоқликда жойлашган Сумгаит шаҳрида ўсган, пойтахтда эколог сифатида ўқиган. Унинг ота-онасидан бирортаси ҳам олий маълумотли эмас эди, отаси бизнес қилган - квартираларни сотиб олиш, таъмирлаш ва қайта сотиш билан шуғулланган. Онаси уй ишлари ва болалар билан машғул эди - Гулноранинг синглиси бор.

Гулноранинг феминизмга бўлган қизиқиши ЛГБТ ва рус тилидаги ЛГБТ фанфикларига қизиқишидан келиб чиққан. Унинг бу қизиқиши уни хайрия ташкилоти тузишга, шу жумладан, мактабда ёки ишда камситилган, оилавий муаммолар ва ўзлигини доимий яширишдан азият чекканларга психологик ёрдам беришига туртки бўлди. "Бу одамлар имижини қандай яхшилаш, уларга қандай ёрдам бериш керак, жамиятнинг улар ҳақидаги тасаввурини қандай ўзгартириш мумкин - бу борада режа тузишга ҳаракат қилдик", дейди Гулнора.

Феминизмга оид адабиётларни ўқишни бошлаганида, у ЛГБТ вакиллари ва аёлларнинг муаммолари бир-бирига ўхшашлигини тушунди: "Мен ўхшашликни сездим, ЛГБТ вакиллари ҳам, феминизм ҳам патриархат билан курашаётганини кўрдим. Патриархатда муаммо илдизи шундаки, у ҳақиқий эркак ва ҳақиқий аёл қандай бўлиши кераклигини уқтиради, - дейди Меҳдиева. - Феминизм менга яқинроқ эди, чунки аёлларни яхшироқ тушунаман ва ҳис қиламан. 2017 йилда бу менинг ишим эканини, у билан шуғулланишни исташимни ва шу нарса мени бахтли қилишини тушундим."

Гулноранинг ўзи айтишича, буларнинг барчаси кўп жиҳатдан унинг ҳаётидаги бурилишга сабаб бўлган воқеалар туфайли амалга ошди: 2014 йилда операциядан сўнг саратон касаллигига чалинган отаси вафот этди. Уни эслаб, Гулноранинг қўллари тугилади, узоқ сукутлар билан гапиради.

"Агар отам тирик бўлганида, мен ҳозиргидек бўлмас эдим, - дейди у. - У мени ҳозирги айтаётган сўзларим учун ўлдирган бўлар эди".

Ўрта мактабда отаси унга ўғил болалар билан кўришишни тақиқлаган; мактаб байрамлари, туғилган кунлар, синфдошлар билан саёҳатлар ва пикникларда у қатнашмас эди. Бошқа қизларга рухсат бериларди - ана шуниси энг аламлиси бўлган.

"Агар мени шарманда қилаётганингни билсам, сени ўлдираман, чуқурга кўмаман ва бу ҳақда ҳеч ким билмайди", деб эслайди Гулнора отасининг сўзларини.

Шу билан бирга, Гулноранинг айтишича, отасининг унга яхши таълим бериш истаги ҳайратланарли эди. Никоҳни қизлари учун асосий қадрият деб биладиган бошқа кўплаб консерватив ота-оналардан фарқли ўлароқ, отаси унга ўзига нолойиқ одам билан муроса қилмасликни ўргатган.

"У менга агар эринг бирор ёмон иш қилса, сен у билан бемалол ажрашишинг мумкин дерди, - деб эслайди Гулнора. - У ҳатто қўпол тарзда бўлса ҳам, агар эрим номаъқул иш қилса, унга қандай сўзларни айтишимни ҳам тушунтирарди."

Операциядан аввал бўлган сўнгги телефон суҳбатида отаси ундан агар ўлса, ташвишланмасликни, ғам чекмасликни илтимос қилади, бу отасининг бутун ҳаёти давомида биринчи марта унга очиқ далда бериши эди: "Сенда менсиз ҳам яшашинг учун ҳамма нарса бор - уй, иш, пул."

Ҳозир Гулнора фрилансер - русчадан озарбайжончага таржимонлик қилади ва "Instagram" учун реклама матнлари ёзади. У ЛГБТ ҳақида "Minority" журнали ва феминизм ҳақидаги ФемУтопия "YouTube" каналини юритади, шунингдек, турли лойиҳаларда иштирок этади, семинар ва тренинглар ташкил қилади.

ФемУтопия - Гулнора ва бошқа иштирокчилар феминизм ҳақида сўз юритадиган канал

Сурат манбаси, FemUtopia

Сурат тагсўзи, ФемУтопия - Гулнора ва бошқа иштирокчилар феминизм ҳақида сўз юритадиган канал

Кимдир адвокат, психолог ёки шунчаки маслаҳат учун пулга муҳтож бўлса, Гулнора ва унинг шериклари йиғилиб ёрдам беради. Унинг "Facebook"даги саҳифаси зўравонлик ҳақидаги ҳикоялар ва муайян аёлга ёрдам беришга чақирадиган янгиликлар лентасига ўхшайди. Биттасига даволаниш учун пул керак, бошқасига болаларини зўравон эридан олишга ёрдам бериши керак. Баъзилар учун эса уларнинг муаммолари ҳақида шунчаки гапиришнинг ўзи муҳим.

Гулноранинг айишича, кунлари тартибсиз ўтади: у фаоллардан бирининг иши бўйича суд мажлиси тўғрисида эшитади ю, ўша ёққа чопади.

Суҳбатимизни тез тез бўлаётган қўнғироқлар узиб қўяди: нимадир юз беради, кимдир қаёққадир қўнғироқ қилади.

"Жамиятимиздаги ҳар бир одамда жароҳат бор"

Унинг илк муаммолари 8 март муносабати билан ўтказилган биринчи акциядан икки кун олдин пайдо бўлди. Гулноранинг айтишича, уни полиция ҳибсга олган ва полиция идорасида ижтимоий тармоқлардаги тадбирни бекор қилишга мажбурлашган. "Аммо улар тадбирни бекор қилиш тугмачасини босасан деб тўғридан тўғри талаб қилишмади, - дейди у. - Мен тадбир учун матнни ёзган эдим, лекин тадбирнинг ўзи ҳамон фаол эди". Уйга қайтгач, у дўстларига ҳаммаси жойида эканини айтди.

Ўшандан бери феминистлар 8 мартдан бошқа кунларда ҳам турли ижтимоий акциялар ўтказди. Гулноранинг айтишича, ўтган йили унинг барча ижтимоий тармоқ ва почта аккаунтларини бузишган. Бошқа фаоллар ҳам шу каби муаммодан шикоят қилган.

"Менга доимий равишда бизни ўлдириш кераклиги, мен Европа ёки "Сорос тоға"га ишлашим, буларнинг барчаси учун пул олаётганимиз тўғрисида ёзишади", дейди Гулнора. "Ҳа, мен баъзида лойиҳаларни амалга ошираман [грантлар учун - ББC эслатмаси], аммо юришларнинг бу лойиҳаларга алоқаси йўқ. Акциялар лойиҳа эмас." Бироқ, Гулноранинг айтишича, унга бўлиши муқаррар таҳдид ҳали қилинмаган.

"Феминистларни қандайдир шахсий, оилавий жароҳатлари бор одамлар деб айтишмоқда, гўёки шунинг учун улар эркаклардан нафратланишади, қолган барча аёллар эса оддий оилаларда яшайди ва ўзларини яхши тутади, - дейди у. - Бу 50 одам эса [акцияга чиққанлар -Би би си] аламзада, шу сабабли улар кўчага чиқмоқда. Ваҳоланки, бизнинг жамиятимизда у ёки бу тарзда жароҳати бўлмаган одамнинг ўзи йўқ."

Апрель ойида ФемУтопия каналида маиший зўравонлик ҳақида мультипликацион клип эълон қилинди

Сурат манбаси, FemUtopia

Сурат тагсўзи, Апрель ойида ФемУтопия каналида маиший зўравонлик ҳақида мультипликацион клип эълон қилинди

Февраль ойида Озарбайжон ижтимоий тармоқларидаги асосий мавзулардан бири 20 ёшли Севил Атакишиеванинг ўз жонига қасд қилиши бўлди; ОАВ қиз отаси томонидан доимий калтакланишдан азият чекканлиги ҳақида ёзган. Отаси бу айбловларни рад этади.

"Мен балки бу қиз билан қачондир ёзишгандирман деб мессенжерни очдим, - дея эслайди Гулнора Севилнинг вафот этганлиги ҳақида гапириб. Ёрдам сўраб ёзилган хатлар ҳар ҳафта Меҳдиевага келиб туради. - "Ёзишмалардан бирида у "Агар менга бирор гап бўлса, буни бошқаларга кўрсатинг" деб айтган экан."

Севил оилада бўлаётган жисмоний ва руҳий зўравонликлар ҳақида гапириб, Туркияга ўқишга кетишни исташини айтганди. "Мен унга айтдим: тайёрланинг. Менга айтинг, ёрдам берадиганларни топаман", деб эслайди Гулнора. Охирги хабарда у қиздан хорижга чиқиш учун паспорт олиши кераклигини айтади.

"Ўзимни ҳамон айбдор ҳис этмоқдаман, - дейди ҳозир Гулнора. - Мен ҳамманинг аҳволини бирдек кузатиб тура олмаслигимни тушунаман - менга кўпчилик ёзади. Аммо мен ўзимни айбдор ҳис қиляпман."

Скриншотлар нашр этилгандан сўнг, мамлакатда оилавий зўравонлик ҳақидаги баҳслар қайта бошланди. Хабардан даҳшатга тушганлик ҳақида ва ушбу муаммони ҳал қилишга чақирган изоҳлар орасида айбни феминистларга юклаганлар ҳам бор эди. "Севил Атакишиеванинг ўлими бизга феминизм ўта хавфли йўналиш эканлигини кўрсатди ва фарзандларимизни жарга олиб бораяпти", дейилади бир изоҳда.

Гулноранинг ўзига қарши кампания кучайтирилди. Номаълум шахслар интернетда унинг психологик инқироз пайтида айтган эски овозли хабарларидан бирини жойлаштирди: унда йиғлаб, дўстига ўзининг ёмон аҳволда эканлиги ҳақида гапиради. Аудиоёзувга Гулнора сингари одам бошқаларга ёрдам бера олмайди, чунки унинг ўзида руҳий муаммолар борлиги ҳақидаги изоҳ қўшилган.

Суҳбатлашганимиздан бир соат ўтиб қизлар қўшни қаҳвахонадан онлайн-концерт ташкил қилишди

Сурат манбаси, FemUtopia

Сурат тагсўзи, Суҳбатлашганимиздан бир соат ўтиб қизлар қўшни қаҳвахонадан онлайн-концерт ташкил қилишди

"Биз тарихни яратдик"

"Аёл бўлиш қийин - сиз тонгда бошқалардан олдин туришингиз, бир кун олдин ҳамманинг кийим-кечагини тайёрлаб қўйишингиз, эрингизни ишга кузатиб, у ҳеч нарсани унутмаганига ишонч ҳосил қилишингиз, ўзингиз ҳаракат қилиб, барча қийинчиликларга тайёр бўлишингиз керак. Кейин яна овқат пиширишингиз, яна ишлашингиз ҳам зарур. Аммо буни қадрлайдиганлар бўлса, бундан хурсандман" - бу сўзлар Озарбайжон маиший техника компаниясининг 8 март куни учун ёзилган рекламасидан.

Жаҳон банки эълон қиладиган Жинсий тенгсизликнинг йиллик глобал индексида Озарбайжон 156 давлат орасида 100-ўринни эгаллаган. Индекс тузувчилар Озарбайжонни ҳам киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаларида вазият фақат Қирғизистон, Арманистон ва Тожикистонда ёмонроқ.

Аммо, Гулноранинг ишонишича, ушбу видеога ижтимоий тармоқлардаги муносабат феминистлар эришган ютуқлардан далолат беради. Илгари ҳамма бундай рекламага босиқлик билан қараган бўлса, энди "500 киши буни ақлдан озиш, ким ўйлаб топди, чекволганмисан, деб ёзади".

"Ўшанда буни сезмаган эдик, лекин энди мен ўша пайтда тарихни яратганимизни англадим, - дейди Гулнора ўзларининг биринчи "8 Юриш"ини бурилиш нуқтаси деб атаб. Кейин у полиция аёлларга тегмасдан, фақат эркакларни ҳибсга олганидан ҳайратда эди. "Улар йигитларни қўлга олди, бештасини ҳибсга олди, кейин полиция бўлимида улардан қай бирларинг гейсан деб сўрашган", деб эслайди у.

"Бизгача бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, биз ҳозир бўлаётган ишлар пойдеворини қўйдик. Феминизм ҳамма жойда муҳокама қилинади, кўпчилик тўғри йўл тутишга интилмоқда ва ... - Гулнора жилмаяди, - феминистларни ғазаблантирмасликка."

Шу билан бирга у патриархал урф-одатлар айниқса кучли бўлган ҳудудларга етиб бориш қийинроқ кечишини тан олади. Кўп аёлларда "битта вариант" бор, - дейди Гулнора - турмуш қуриш. Аммо, унинг айтишича, қизлар чекка ҳудудлардан унга хат ёзиб, уй бекаси бўлиб қолмаслик учун ўқиш ва ишлашни қанчалик исташлари ҳақида сўзлаб беришади.

"Агар чекловлар тиш ювиш ва ювиниш каби ҳаётингизда одатий ҳол бўлса, унда сиз бошқачаси қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмассиз. Мана, эркак баъзан калтакламаслиги ҳам мумкин, - дейди Гулнора. - Инсон бошқачаси ҳам бўлиши мумкинлигини тушунмайди. Масалан, агар сиз вояга етсангиз, алоҳида яшаш ҳуқуқига эгасиз."

Гулнора жамиятнинг патриархал тизимини тубдан ағдаришга қодир эмаслигини тан олади, аммо мақсадини "уруғ экиш"да кўради.

"Жинсий тенгсизликни бир марта кўрсангиз, энди унга эътиборсиз қараш мумкин бўлмайди, кейин ип тўпи думалаб кетаверади, - дейди Меҳдиева. - Сизга бир марта чекловни англаш кифоя ва сиз буни эътиборсиз қолдиролмайсиз. Ҳа, менинг вазифам - бу қонунбузарлик эканлигини кўрсатиш, у ёғини одамлар ўзлари ҳал қилади."

У ўз ишини давом эттириш истагини одамларда худди шу "эътиборсиз қолдирмаслик" қобилияти борлиги билан тушунтиради. "Баъзан мен активист бўлмаганида нима қилишим мумкинлиги ҳақида уйлайман, эҳтимол ҳаммасини ташлаб бошқа иш қиларман, - деб таъкидлайди Гулнора. - Аммо мен ҳозир буни тасаввур ҳам қилмайман: қаерга бормай, нима қилмай, аёлларга қандай муносабатда бўлишларига эътибор бераман, энди дунёга бошқача қарай олмайман."

Бизнинг учрашувимизгача қизлар юзниқоб тикишди ва плакатлар ёзишди

Сурат манбаси, FemUtopia

Сурат тагсўзи, Бизнинг учрашувимизгача қизлар юзниқоб тикишди ва плакатлар ёзишди

"Агар мени ҳибсга олишса, ҳеч ким менга уйланмайди"

Ҳозир Гулнора онаси ва синглиси билан яшайди. "Онам мендан хавотирда, у бу ишни бошқа биров қилиши керак, мен эса оддий одамлар сингари тўққиздан олтигача ишлашим керак деб ҳисоблайди, - дейди Гулнора. - У кечаси соат 11 да кимгадир ёрдам бериш учун югуришимдан хавотирда."

У онасини кутилмаган ҳолатларга тайёрлашга ҳаракат қилади, масалан, ўзининг ҳибсга олиниши. "Аммо онамнинг ўзига хос стереотиплари бор, агар мени ҳибсга олишса, ҳеч ким менга уйланмайди".

Синглиси муваффақиятли менежер, у Гулноранинг ишини тушунмайди, қўллаб-қувватламайди. "Уни ишонтириш қийин, - дейди Гулнора. Унинг айтишича, улар кўп гаплашмайди, феминизмни муҳокама қилмайди. "Албатта, хафа қилади одамни, аммо унга босим ўтказиш, шантаж қилишдан фойда йўқ."

Гулнора ва бошқа феминисткалар сиёсий тутқун ҳимоясига уюштирилган акцияда

Сурат манбаси, Ulviyya Ali

Сурат тагсўзи, Гулнора ва бошқа феминисткалар сиёсий тутқун ҳимоясига уюштирилган акцияда

Ўтган йили карантин туфайли, одатда минглаб одамларни митингларда тўплайдиган Озарбайжон мухолифати оммавий акциялар ўтказмади.

Аммо одам кўп бўлмаган Боку кўчаларида феминистлар пикетлар, акциялар ва намойишлар билан кўчаларга чиқишда давом этди. Ҳибсга олинган мухолифатчи сиёсатчи Тофиг Рашид ўғлини қўллаб-қувватлаб уюштирилган митингда унинг партияси аъзолари эмас, балки феминистлар ва бошқа ёш фаоллар иштирок этди.

Гулноранинг айтишича, февраль ойида у ва дўстлари бу акцияларни тўхтатиш кераклигини муҳокама қилдилар, чунки Тоғли Қорабоғдаги сўнгги уруш ва пандемия "феминистик кун тартибини ортга суриб қўйди - одамлар ўзларининг ижтимоий муаммолари, сув нархларининг кўтарилиши ҳақида ўйларди, ҳеч ким феминизмни муҳокама қилмасди, биз буни ҳозир одамлар учун долзарб эмас, деб ўйладик."

Аммо аёлларга нисбатан янги шов-шувли зўравонликлар фаолларни ўз фикрларини ўзгартиришга мажбур қилди. Гулнора акцияларни иложи борича масъулият билан - касаллик тарқалиши олдини олиш учун ниқоб кийиб, имкон қадар ижтимоий масофа сақлаб ўтказиш керак дейди.

"Биз учун анъана яратиш ва уни сақлаш муҳим эди, - дейди Гулнора таъқибларга қарамай ҳар йили митингларга чиқадиган турк феминистлари тажрибасига ишора қилиб. - Биз буни ҳар йили Боку марказида ўтишини хоҳлаймиз. 10-20 йилдан сўнг бу воқеалар тарихнинг муҳим қисмига айланади. "

***

Гулнорани намойишни бошлашлари билан ушлаб олиб кетишди

Сурат манбаси, Aziz Karimov

Сурат тагсўзи, Гулнорани намойишни бошлашлари билан ушлаб олиб кетишди

Суҳбатимиздан икки кун ўтиб, 8 март куни фуқаро кийимидаги эркаклар ўша кафега кириб, у ерда ўтирган қизларни акция ўтиши режаланган майдоннинг нариги томонигача кузатиб боришди.

Гулнора бу жойгача етиб борди, лекин акция бошланганидан кўп ўтмай уни йигирма нафар бошқа намойишчилар билан бирга қўлларини орқасига қайириб олиб кетишди.