Марказий Осиё давлатлари аёл раҳбарга қанчалик тайёр? – видео, Ўзбекистон, минтақа ва сиёсат, Mirziyoyev, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Марказий Осиё давлатлари аёл раҳбарга қанчалик тайёр? - Шу кунларда собиқ Шўро давлатлари - постсовет ҳудудида иккинчи аёл президент қудратга келди. Сайланди. Грузия ортидан, Молдовани ҳам аёл киши бошқарадиган бўлди.

Майя Санду ўтган йил маълум муддат Молдовага Бош вазирлик ҳам қилган, аммо кейин сиқиб чиқарилган.

Молдова Путин қарши бўлган номзодни президент этиб сайлади - BBC O'zbekiston Yangiliklar Moldova

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қирғизистон истисно ва Ўзбекистон илова қолган бирор бир минтақа давлатининг замонавий тарихида ҳалича бу каби ҳолат кузатилмаган.

2010 йилда қудратга келган Роза Отунбоева эса, Қирғизистонни муваққат бошқарган.

Аммо, шунда ҳам, Нино Буржанадзе ортидан, бир МДҲ давлатида президентлик курсисини эгаллаган иккита аёл сиёсатчидан биттаси бўлган.

Ўз вақтида мустақил Ўзбекистон ва Қозоғистон биринчи президентларининг қизлари ҳам ўз оталарининг сиёсий меросхўрлари сифатида кўрилишган.

Нурсултон Назарбоев орада Қозоғистоннинг келгуси раҳбарларидан бири аёл бўлиши мумкинлигини айтганди.

2007 йилда Ўзбекистон, ҳатто, аёл киши президент сайловида расман беллашган биринчи минтақа давлатига ҳам айланган.

"Адолат" Социал демократик партияси Сиёсий кенгашининг биринчи котиби, палата раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова ўшанда амалдаги президент Ислом Каримов билан беллашган.

Аммо Каримов қарийб 90 фоиз овоз билан ғолиб чиққан мазкур сайловда бор-йўғи 3 фоизга яқин овоз тўплашга муваффақ бўлганди.

Гулнора Каримова

Сурат манбаси, GettyImages/Yves Forestier

Президент отаси вафоти ортидан, Гулнора Каримова Ўзбекистонда давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.

2017 йил декабрида эса, унинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани расман эълон қилинган ва ҳозир қамоқда қолмоқда.

Дариға Назарбоева эса, фаолиятини бошлаганига бир йил тўлмай, ўтган йил Қозоғистон Сенати спикери лавозимидан бўшатилди.

Спикерлик Қозоғистонда ҳам энг қудратли иккита лавозимдан биттаси саналади, амалдаги президент ўз вазифасини бажара олмай қолган тақдирда, унинг ваколатлари вақтинчалик айнан унга ўтиши кўзда тутилади.

Орадa Тожикистонда Ойнихол Бобоназарова президентликка биринчи ва ягона аёл номзод сифатида ўртага чиққан, амалдаги президент Эмомали Раҳмоннинг асосий рақиби сифатида кўрилган.

Аммо ўшанда Тожикистон муҳолифатининг ягона номзоди бўлган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбоби расман қайддан ўта олмаган, тўплаган имзолари сони етарлича бўлмагани айтилганди.

Аёлларнинг сиёсий фаоллигини кучайтириш эса, янги Ўзбекистон президенти алоҳида эътибор қаратган мавзулардан бири экани кўрилади.

Айнан Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан ўтган йил мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аёл киши Сенат раиси этиб сайланди, тайинланди.

Танзила Норбоева Сенат раиси сифатида қонунан Ўзбекистондаги иккинчи энг кучли ваколатга эга арбобга айланди.

Марказий Осиё давлатлари аёл раҳбарга қанчалик тайёр?

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

Камолиддин Раббимов,

Ўзбекистон - Франция

"Ўйлайманки, йилдан йилга Марказий Осиё давлатларида аёл сиёсатчиларнинг роли ошиб боради. Лекин яқин ўн йилликлар ичида минтақа мамлакатларида аёл сиёсатчиларнинг қудратга келишларига тўсқинлик қилувчи икки йирик омил мавжуд.

Биринчиси, минтақадаги давлатларнинг деярли барчаси - қаттиқ ёки юмшоқ авторитар эканлиги ҳисобланади.

Жумладан, Қирғизистонни ҳам либерал, ҳуқуқий, демократик давлат деб бўлмайди.

Бишкекда олий ҳокимият тезда алмашиб туришининг замирида демократик институтлар ва юқори салоҳиятли демократик сиёсий элитанинг фаолияти турмайди.

Аксинча, давлат институларининг заиф ишлаши, қолаверса, сиёсий элитада демократик эмас, нодемократик ўйин қоидасига мойиллик кучли бўлгани сабаб, ҳокимиятлар тез ва муддати тугамасдан алмашиб турибди.

Минтақанинг қолган давлатларининг деярли барчаси авторитар ҳисобланиб, реал сиёсий рақобат жуда паст ёки мутлақ мавжуд эмас.

Иккинчи йирик сабаб, минтақага хос бўлган асрлар давомида шаклланган консерватизм ҳисобланади.

Аслида, Марказий Осиё халқлари тарихида аёл ҳукмдорлар кам бўлмаган. Ёки тарихда ўчмас из қолдирган эркак ҳукмдорларнинг аёл маслаҳатчилари, масалан, оналари, рафиқалари давлат бошқарувида яширинча ёки ошкора кўринишда муҳим ролларни бажаришган.

Шундай бўлса-да, минтақа жамиятларидаги анъанавийлик аёл сиёсатчиларни салоҳиятига шубҳа билан қаровчи омиллардан ҳисобланади.

Умуман олганда, давлат бошқаруви ва жамият ишларидаги аёлларнинг роли ошиб боради.

Саида Мирзиёева

Сурат манбаси, facebook/official

Бунинг сабаби оддий - борган сари давлат ва жамият рақобатбардошлигини ошириб бориш учун жамиятларнинг ярми ёки уни қаттароқ қисми ҳисобланмиш аёлларни четга суриб қўйиб, жамиятда тараққиётга эришиб бўлмайди.

Бозор иқтисодиётининг маълум паласида оилалар йирик лойиҳаларни, масалан, ўй-жой, автомобиль каби эҳтиёжларни кредитга олишади ва бу кредитларни ёпиш, қолаверса, оилани бошқа эҳтиёжларини таъминлаш учун эр-хотиннинг баравар ишлашига тўғри келади.

Натижада, аёллар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, бошқарув секторларига кенг кўламда кириб кела бошлайди. Ва бу жараён Ўзбекистонда жадал амалга ошиб бормоқда.

Постсовет ҳудудидаги давлатларнинг ҳар бирида ўз феминизми мавжуд.

Мисол учун, Ўзбекистон Ислом Каримов даврида ҳам, иккинчи маъмурият бошқаруви даврида ҳам аёлларнинг давлат бошқарувидаги иштирокига эътибор бериб келган.

Ўзбекистон ҳокимиятидаги феминизм фалсафасига кўра, давлат олий ҳокимиятининг маълум курсилари, маълум ҳокимият тармоқлари, таъбир жоиз, аёллар учун "беркитилган" ҳисобланади.

Бош Вазирнинг бир ўринбосари Хотин-қизлар қўмитаси раисасига беркитилган бўлиб, ижроия ҳокимиятидаги энг юқори аёл мулозим шу лавозимда ишлаши назарда тутилгандек тасаввур уйғотиб келган.

Ислом Каримов даврида Қонунчилик Палатасининг раисаси бир чақириқ давомида аёл депутат Дилором Тошмуҳаммедова томонидан бошқарилди. Бугун эса, Сенатнинг раисаси аёл киши.

Tanzila Norboyeva

Сурат манбаси, .

Кейинги йилларда Сенат Ўзбекистондаги энг фаол, жонли ва танқидий фикрлар, қарашлар ва баҳс-мунозаралар марказига айланди.

Лекин Қонунчилик палатасида мана шундай жонли жараёнлар кузатилмайди.

Сенатнинг раисаси Танзила Норбоева бу палатани формал эмас, балки реал лидерлик қобилиятини намоён қилган ҳолда бошқараётганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистонда олий ҳокимият вакилларининг кўпчилиги жамоатчилик билан муттасил ва бевосита ишлаш моделига ўтиб улгурмади. Лекин Танзила Норбоева ҳамда Сенатнинг фаоллиги бундан мустасно, назаримда.

Агар Ўзбекистон иккинчи маъмуриятининг легитимлиги ижобий бир кўрсаткичлар билан баҳоланадиган бўлса, бунга, энг аввало, очиқ ва демократик руҳда ишлашга ҳаракат қилаётган Сенат ва унинг раисаси Танзила Норбоева энг кўп ҳисса қўшаётган бўлади.

Аслида, Ўзбекистон учун кенг қатламли профессионал аёл сиёсатчилар синфи керак.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини ташкил қиладиган аёллар муаммоларини малакали кўтариш, уларга малакали ечим излашда энг аввало аёлларнинг овози самимий ва табиий қабул қилинади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, Gov.uz

Қолаверса, Ўзбекистонда коррупция, маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик каби иллатларни енгишда ҳам аёлларнинг роли ижобий бўларди.

Чунки халқаро тажрибалар ушбу хулосаларни тасдиқлайди.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон жамиятининг анъанавий қисми "феминизм" ғояларини тор ва содда тушунади.

Бу борада давлат институтлари, қолаверса мутафаккирлар ҳали кўп иш қилишлари керак бўлади.

Жумладан, феминизм Исломий ва анъанавий қадриятларни инкор қилмаслиги, консерватизмнинг ҳам ўз "феминизм лойиҳаси" мавжудлигини кенг шарҳлаш тақозо этилади.

"Реал сиёсий рақобат Ўзбекистонда қачон ва қай кўринишда кузатилиши мумкин, бунинг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкин?" деган савол ҳалигача очиқ қолмоқда. Ва бу саволнинг яна бир муҳим қисми мавжуд: "Ўзбекистонда реал демократик сиёсий рақобатлар бошланса, аёл сиёсатчиларнинг роли қандай бўлади?".

Ўзбекистон нафақат Исломий-анъанавий илдизларга эга, балки, Совет даврида анча вақт яшади, советча феминизмни бошидан кечирди.

Шу сабаб, бугунги Ўзбекистонда аёл сиёсатчилардан қўрқиш ва улар билан қўрқитиш мавжуд эмас.

Ягона муҳим савол шундан иборатки, қачон ва қай кўринишда демократик Ўзбекистонда аёл сиёсатчилар бошқаларни сиёсий рақобатда енгиб, давлат бошқарувини қўлга киритиши мумкин?

Бугун Ўзбекистон сиёсий майдонига қарасангиз, салоҳиятли жамоат ва давлат арбоби бўлган аёлларни кўп учратасиз.

Ўйлайманки, Ўзбекистонда демократик жараёнлар шаклланиб борар экан, аёл сиёсатчиларнинг роли ва давлат бошқарувига таъсир қилиш салоҳияти ҳам фақат ўсиб боради.

Qozog'iston

Сурат манбаси, official

Назаримда, келажакда нисбатан анъанавий Ўзбекистондан кўра, либералроқ бўлган Қозоғистонда аёл сиёсатчининг давлат бошқарувига олдинроқ келиш эҳтимоли юқори.

Аёл сиёсатчиларнинг давлат раҳбарлигига келиши ушбу давлатда демократик институтлар, жумладан, шаффоф ва ҳаққоний сайловлар мавжудлиги, реал сиёсий рақобат борлигини кўрсатади.

Иккинчидан, реал сиёсий рақобат орқали аёл киши раҳбарликка сайланар экан, жамият коррупцияга, маҳаллийчиликка, бошқа ижтимоий иллат ва муаммоларга қарши курашиш мандатини топшираётган бўлади.

Агар эътибор берилса, дунёдаги коррупция даражаси энг паст давлатлар - бу бошқарувда аёллар улуши юқори бўлган демократик давлатлар ҳисобланади.

Мисол учун, Скандинавия давлатлари, Канада, Янги Зеландия ва ҳ.к.

Глобаллашув таъсири остида дунё халқларининг сиёсий тафаккури анча тезда ўсиб боради.

Жумладан, монополия нафақат иқтисодий, балки, сиёсий тушунча эканлиги англаб борилади.

Иқтисодий-сиёсий секторлардаги монополия билан курашишнинг шартларидан бири эса - аёлларга ҳам бошқарувда уларнинг жамиятдаги улушига яраша ўрин бериш лозимлигини тушуниб етиш ҳисобланади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek