Дайжест. Россия, мигрантлар: Маҳбуслар мигрантлар ўрнини эгаллайдими? Путин муҳожир болаларга нега ғамхўрлик қилмоқчи? Ўзбекистонлик мигрантларга ўзи ким ёрдам бериши керак? O'zbekiston Rossiya

Сурат манбаси, official
- Россия Адлия вазирлиги меҳнат муҳожирларини маҳбусларга алмаштириш ғоясини маъқуллади;
- Владимир Путин мигрант болаларнинг ҳисобини олишни буюрди;
- Ўзбекистон Адлия вазири Россиядаги юристлардан ёрдам сўрадими?
"Маҳбуслар муҳожирлар ўрнини бажаришга қодир"
20 май куни Жазони ижро этиш федерал хизмати раҳбари Александр Калашников йирик объектларда ишчи кучи етишмовчилигини меҳнат муҳожирлари ҳисобидан эмас, балки маҳкумлар ҳисобидан бартараф этишни таклиф қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, бўлим Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатлардан меҳнат муҳожирлари оқимини ўрнатишга муқобил сифатида меҳнат лагерларини таклиф қилишга тайёр.
Россия Адлия вазирлиги меҳнат муҳожирларини маҳбусларга алмаштириш ғоясини қўллаб-қувватлади.
Федерал бўлим бошлиғи Константин Чуйченко бу усулни маъқуллашини 24 май куни Хабаровскда журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.
"Муҳожирларнинг меҳнатини алмаштириш ғояси, менимча, тўғри, чунки катта қурилиш майдончаларида, йирик объектларда ахлоқ тузатиш марказларини яратиш мумкин", деб таъкидлади Чуйченко.
Унинг фикрига кўра, жазони ўтаётган шахслар "бу ишни бажаришга қодир".
Россия Адлия вазирлиги расмийси бу борада вазирлик йирик инвесторлар билан музокаралар олиб бораётганини маълум ҳам қилди.
"Мақсадимиз Россия Федерациясида иш билан банд бўлганлар сони 1000 кишидан ошадиган тузатиш ишлари марказларини яратишдир", деди Чуйченко.
Вазирнинг таъкидлашича, ахлоқ тузатиш марказларининг ташкил этилиши маҳкумларга жазони ўзгартириш ҳуқуқидан фойдаланишга имкон беради.
Чуйченко "бу жуда жиддий муаммо" эканлигини таъкидлади, чунки бугунги кунда қамоқ жазоси билан озодликдан маҳрум қилинганларнинг 180 мингга яқини ахлоқ тузатиш марказига боришга ҳақли.
Мигрант болаларга эътибор

Сурат манбаси, courtesy
Россия Президенти чет эл фуқароларининг фарзандларини Россияда рўйхатдан ўтказишни ва бу ҳақда 1 сентябрга қадар ҳисобот беришни топширди.
Ушбу кўрсатма Владимир Путин томонидан миллатлараро муносабатлар кенгаши йиғилишидан сўнг берилган. Гап болалар боғчалари ва мактаб ўқувчилари ҳақида кетмоқда.
Шунингдек, чет элликларнинг фарзандларига таълим бериш ҳуқуқларининг амалга оширилишини текшириш керак. Яъни, улар мактабга ёки болалар боғчасига борадими, уларнинг сони, ҳудудлар бўйича тақсимланиши, ёши ҳақида каби статистик маълумотларни ҳар йили тўплаш ва топшириш керак.
Россия президенти, шунингдек, ўқувчилар сонининг Россия фуқаролари ва чет элликлар ўртасидаги нисбати бўйича ёндашувларни белгилашга кросатма берган.
Путин топшириғига кўра, болалар боғчаларида ва мактабларда гуруҳлар ва синфларни ёллашда ушбу нисбатни ҳисобга олиш керак бўлади.
Мактабларда чет эллик талабаларнинг махсус таълим эҳтиёжларини аниқлаш тизимини, шу жумладан, рус тилини билиш даражасини баҳолаш ва ўрганиш ва мослашишни зарур қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш зарур.
Бундан ташқари, Путин Ички ишлар вазирлигига ноябр ойигача Россияда хорижий вояга етмаганларнинг вақтинчалик яшаш муддатини узайтириш билан боғлиқ вазиятни текширишни ва камчиликларни бартараф этишни, ва агар керак бўлса - қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар юборишни буюрди.
Россия Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакат мактабларида 140 минг нафар муҳожир болалари таҳсил олишади.
Мигрантларга ким ёрдам бериши керак?

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Адлия вазири Москвага ташрифи чоғида вазирлик раҳбари Россия Федерациясида яшовчи ва юридик соҳада ишлайдиган ҳуқуқ фаоллари билан учрашган.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда Адлия вазири Русланбек Давлетов Россияда яшовчи ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бу ерда ишлаётган ватандошларга мунтазам равишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни илтимос қилди, деб хабар беради "Спутник" нашри мамлакат Адлия вазирлиги маълумотига таяниб.
"Қонунчилик даражасида ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш учун Россия Федерациясида яшовчи ватандош юристлар билан долзарб ҳуқуқий масалалар бўйича учрашувларни доимий равишда ташкил этиш таклиф қилинди", дейилади хабарда.
Шунингдек, мазкур нашр аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Феруза Эшматова Россия Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги мигрантларни вақтинчалик сақлаш махсус маркази ва "Сахарово" кўп тармоқли миграция марказига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эди.
Маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг вакиллари Россия Федерациясида амалий ташриф билан бўлиб, Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва меҳнат шароитларини ўрганишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















